НАЗОРАТНИНГ САМАРАДОРЛИГИ УНИНГ КОНСТИТУЦИЯВИЙ АСОСЛАРИГА БОҒЛИҚ
Бугунги кунда давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бирига айланган коррупцияга қарши курашиш борасида Конституцияга бир қанча муҳим ўзгартиришлар киритилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Хусусан, Конституциявий қонун лойиҳаси коррупцияга қарши курашнинг институционал асосларини ва унинг парламент билан ўзаро муносабатларини белгилаб беради.
Парламентнинг Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги йиллик Миллий маърузани кўриб чиқиш ваколатлари ҳам конституциявий даражада мустаҳкамланган ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбарини тайинлаш тўғрисидаги фармонни Сенат томонидан тасдиқлаш тартиби белгилаб қўйилган.
Конституциявий қонун лойиҳасида коррупцияга қарши курашнинг энг муҳим омили – очиқликни таъминлаш ҳам ўрин олган. Хусусан, ҳар бир инсоннинг глобал ахборот тармоғига кириш ва ундан бепул фойдаланиш ҳуқуқи белгиланган. Шу билан бирга, давлат бюджетини шакллантириш ва ижро этиш тартиби очиқлик ва ошкоралик тамойилларига асосланиши, фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан унинг устидан жамоатчилик назорати ўрнатилиши назарда тутилмоқда.
Конституциявий қонун лойиҳасида коррупцияга қарши курашишда муҳим ўрин тутадиган фуқаролик жамияти институтларининг таркиби аниқ белгилаб берилган. Бошқача айтганда, маҳаллалар, сиёсий партиялар, ҳаракатлар, оммавий ахборот воситалари, касаба уюшмалари, жамоат фондлари ва фуқароларнинг бошқа жамоат бирлашмалари фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этиши қайд этилган.
Бундан ташқари, амалдаги қонунчиликда давлат бюджети устидан парламент назоратини амалга ошириш тартиби белгилаб берилган.
Таҳлиллар парламентнинг бу борадаги ваколатлари мукаммал эмаслигини кўрсатди. Бу Олий Мажлис ва Ҳисоб палатаси ўртасидаги муносабатларда ўз ифодасини топмоқда.
Ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибаси таҳлили шуни кўрсатдики, Ҳисоб палатаси парламентнинг бюджет назорати бўйича махсус ваколатли органи ҳисобланади. Масалан, давлат бюджети ижроси устидан парламент назоратини парламент томонидан тузиладиган махсус молия-назорат органлари, хусусан, Aвстрия, Германия, Испания ва Францияда – Ҳисоб палатаси, AҚШда – Ҳукуматнинг ҳисобот идораси амалга оширади. Канада ва Швецияда — Бош аудитор идораси, Буюк Британияда — Давлат ҳисоби қўмитаси, Бразилия, Руминия, Португалия ва Туркияда — Ҳисоб суди ушбу вазифани бажаради.
Бундай орган фаолиятини ташкил этиш ҳам, албатта, парламент ваколатига киради. Парламентнинг Ҳисоб палатасини тузиш ваколатлари нормалари Aвстрия, Италия, Испания ва бошқа мамлакатларнинг асосий қонунларида белгиланган.
Конституциямизнинг 93-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Ҳисоб палатаси раисини тайинлайди ва лавозимидан озод қилади. Давлат раҳбари мазкур ваколатни Олий Мажлис Сенати зиммасига ўтказишни таклиф қилди. Бу орқали Ҳисоб палатаси давлат бюджетини шакллантириш ва ижро этишда парламент назоратининг муҳим воситасига айланиши таъкидланди.
Савол туғилади: давлат бюджети устидан парламент назоратини амалга оширишда Ҳисоб палатаси қандай роль ўйнайди?
Қайд этиш жоизки, давлат бюджети устидан парламент назоратини амалга оширишда Олий Мажлис Ҳисоб палатаси билан ҳамкорлик қилади. Ҳисоб палатасининг фаолияти давлат бюджетининг ижроси, давлат активлари, пассивларининг ҳолати ва фаолияти устидан мунтазам мониторинг олиб бориш ва назоратни таъминлаш, қимматбаҳо металлар ва тошлар билан операцияларни амалга ошириш, олтин-валюта захираларини бошқариш, бюджет маблағларини жалб этиш, шунингдек, давлат бюджети маблағлари ва активларини бошқаришга ва хорижий капитални мамлакат иқтисодиётида самарали ишлатиш, давлатнинг ташқи қарзини ўз вақтида қайтаришга қаратилган.
Олий Мажлис Ҳисоб палатасининг хулосаларидан келиб чиқиб, келгуси йил учун мамлакат солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари, давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари тўғрисидаги лойиҳаларни киритади. Хорижий мамлакатларда давлат бюджетида Ҳисоб палатаси ва парламент ўртасидаги муносабатларнинг тартиби ҳам белгилаб қўйилган. Масалан, Францияда Ҳисоб судининг давлат бюджети ҳақидаги йиллик ҳисоботи июнь ойи охирида парламентнинг икки палатаси ва ғазначиликка тақдим этилади.
Бу тўғридан-тўғри бюджет ижросининг қонунийлигини баҳолаш, бюджетни бошқариш ва парламент томонидан белгиланган мақсадларга эришишни баҳолашга қаратилган. Унда давлат бошқарувини соддалаштириш учун қонун ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш чора-тадбирлари тавсия этилади. Ҳисоб палатаси ҳисоботни тақдим этишдан олдин давлат бюджетига мувофиқлигини тасдиқловчи қарор қабул қилиши шарт. Хорижий давлатлар қонунларида парламент ва Ҳисоб палатаси ҳам давлат бюджети устидан парламент назорати доирасида ўзаро боғлиқ бўлган органлар сифатида қаралади.
Хулоса ўрнида шуни қайд этишни истардимки, Ҳисоб палатаси раисини тайинлаш ва лавозимидан озод этиш Олий Мажлис ваколатига айлангани жуда муҳим. Конституциявий қонун лойиҳасида Ҳисоб палатаси раисини тайинлаш ва лавозимидан озод этиш ваколатини Сенатга ўтказиш тўғрисидаги норманинг акс эттирилишини судья сифатида мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман ва қўллаб-қувватлайман.
Суҳроб Юлдашев,
Тошкент туманлараро
маъмурий суди раиси
Фикр қолдириш