КОЛЛЕЖДА ОЧИҚ МУЛОҚОТ
Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодий суди раиси Б.Темирханова ва Амударё тумани иқтисодий суди раиси У.Сабировлар томонидан жорий йилнинг 4 июнь куни Амударё тумани Манғит шаҳри Иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида ёшлар ҳамда жамоатчилик фаоллари иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Унда ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, судлар фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш масаласида атрофлича маълумот берилди.
Статистик маълумотларга кўра, Амударё туманида 2019 йилнинг 5 ойи давомида (2018 йил шу даврга нисбатан) коммунал хизмат кўрсатиш шартномаси билан боғлиқ 37 та (7 та) ишлар, банкрот деб топиш 13 та (3 та) иш кўрилган, яъни жорий йилнинг 5 ойида ушбу тоифадаги кўрилган ишлар сони ошган. Мулоқот давомида айни шу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Туман аҳолиси, айниқса хўжалик юритувчи субъектлар, тадбиркорлар ўртасида профилактик ишларнинг етарли эмаслиги қайд этилди.
Учрашувда туман иқтисодий судида кўрилаётган низолар сабаблари ўрганилиб, таҳлил қилинди. Шунингдек, йиғилганларга ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, низоларини кескин камайтириш, айниқса, фуқароларда қонунга ҳурмат ҳиссини уйғотиш зарурати ҳақида ҳам маълумот берилди.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодий суди раиси Б.Темирханова томонидан жойларда мурожаатларни ўрганиш ва ҳал этиш мақсадида сайёр қабул ўтказилиб, 3 нафар фуқароларга низолар бўйича шикоят қилиш тартиби тушунтирилди.
Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодий суди
Фикр қолдириш