КОРРУПЦИЯ ВА ОДАМ САВДОСИГА ҚАРШИ КУРАШ БЎЙИЧА ОЧИҚ МУЛОҚОТ
Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириб бориш – қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлашнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.
Кейинги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида муҳим ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилди. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга, жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган тизимли чоралар кўрилди.
Ана шундай ислоҳотлардан бири натижаси – Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 27 май санасида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармоннинг қабул қилиниши бўлди.
Мазкур Фармон доирасида судлар томонидан жойларда аҳоли билан кенг қамровли учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилиб келинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий кенгаши аъзолари томонидан Навоий вилоят судлари раислари, судьялари ва суд ходимлари, фахрийлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида коррупцияга қарши муросасиз курашишга бағишланган кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда Судьялар Олий кенгаши аъзоси Р.Тангабаев сўзга чиқиб, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш йўналишида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тўғрисида фикр юритиб, ислоҳотларнинг ижобий натижа беришига тўсиқ бўлувчи иллатлардан бири коррупция эканлиги, суд тизимида соғлом ва ҳар қандай иллатлардан ҳоли муҳитни шакллантириш, суд тизими софлиги ва шаффофлигини таъминлаш, айниқса, унинг обрўсига путур етказаётган коррупцияни бартараф этиш долзарб эканлигини уқтириб ўтди. Шунингдек, нотиқ ўз сўзида тараққиётимиз янги босқичида бу иллатга қарши курашишнинг энг самарали воситаси давлатимиз раҳбари томонидан асос солинганини алоҳида эътироф этди.
Йиғилиш давомида, иштирокчиларга Судьялар олий кенгаши томонидан коррупция ботқоғига билиб-билмай кириб қолган судьялар ва суд ходимлари тўғрисида ҳикоя қилувчи “Адолат мезони” рукни остида махсус тайёрланган ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Фильм намойиши якунлангач, кенгаш аъзоси Н.Ражабов йиғилиш иштирокчиларига Судьялар олий кенгашининг асосий вазифаларидан бири судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлигини таъминлаш билан бир қаторда суд тизимида коррупцияга қарши курашишнинг самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар белгилаш ҳисобланиши, коррупция илдизини йўқотишнинг асосий мезони бу поклик ва ҳалоллик эканлигини таъкидлаб, судья ва суд ходимлари томонидан содир этилаётган коррупцион жиноятларни олдини олишда барча бирдек масъул эканлигини яни бир бор таъкидлади.
Бундан ташқари, айтиш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатимизда одам савдосига қарши кураш, одам савдоси қурбонларини аниқлаш, ҳимоялаш, ижтимоий реабилитация қилиш, уларга тиббий, психологик ҳамда бошқа ёрдам кўрсатиш бўйича самарали фаолият йўлга қўйилмоқда.
Шунга қарамай, ҳозирги вақтда одам савдосига самарали қарши курашишга ва мажбурий меҳнатдан фойдаланишга тўсқинлик қилаётган бир қатор салбий омиллар ҳам сақланиб қолинмоқда. Хусусан, ваколатли органларнинг ташаббускорлиги етарли эмаслиги, етарли даражада идоралараро ҳамкорликнинг йўқлиги, мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар тўғрисида холис ва ишонарли ахборотни кенг жамоатчиликка ва халқаро ҳамжамиятга етказиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг уйғунлаштирилмаганлиги, қонунчилик базасининг халқаро стандартларига номувофиқлиги, бу эса одам савдосига ва мажбурий меҳнатга дахлдор шахсларни самарали таъқиб қилиш ва жазолашга тўсқинлик қилмоқда.
Шу аснода, жорий йилнинг 31 июль санасида Ўзбекистон Республикаси Президенти “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонни имзолагани айни муддао бўлди.
Мазкур йиғилишда, Судьялар Олий кенгаши аъзоси Н.Ражабов йиғилиш иштирокчиларини мазкур Фармоннинг қабул қилинишга сабаб бўлган омиллар ва унинг мазмун-моҳияти тўғрисида гапириб ўтди.
Тадбир очиқ мулоқот тарзида давом эттирилиб, унда судъялар ва суд ходимлари долзарб мавзулар юзасидан ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Олий суд Матбуот хизмати
Фикр қолдириш