КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ БИРГАЛИКДА КУРАШАМИЗ
Пойтахтимизда жойлашган “Мезон” анжуманлар саройида “Судья ва суд ходимлари ўртасида коррупция ҳолатларининг олдини олиш” мавзусида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Судьялар олий кенгаши вакиллари, жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича Тошкент вилоят судлари раислари, вилоятга қарашли туман, шаҳар, туманлараро судлари раислари, судьялар ва суд ходимлари иштирок этди.
Тадбирни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг раиси Д. Таджибаев очар экан, коррупцияга қарши кураш бугуннинг долзарб вазифасига айланганини, бу борада кескин чоралар кўрилаётганини таъкидлади.
Учрашувда Судьялар олий кенгаши аъзоси Ш.Абдуқодиров сўз олиб, ўз қасамёдини бузиб, порахўрлик холатларига йўл қўйган судьялар ҳам афсуски учраётганини, бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун судья фақат қонун асосида иш олиб бориши лозимлигини эслатиб ўтди.
Тадбирда Судьялар олий кенгашининг буюртмасига асосан суратга олинган “Тавба-тазарру” видеофильми намойиш этилди.
Фильм ҳақида иштирокчилар ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдирди. Хусусан, вилоят маъмурий судининг судьяси И. Маманов судья ва суд ходими ўзига юклатилган вазифани сидқидилдан ҳалол ва виждонан бажариши, ўз нафсини жиловлаши, қонун ва фақат қонун асосида ишлаши кераклигини уқтирди.
Олий суд Матбуот хизмати
Фикр қолдириш