ИШ АПЕЛЛЯЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИДА КЎРИЛМОҚДА
2019 йил 29 август куни «Human.uz» сайтида эълон қилинган «Андижонда хусусий мулк тортиб олинмоқда» сарлавҳали мақола Олий судда ўрганиб чиқилди.
Аризачи Андижон шаҳар ҳокимлигининг жавобгар Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигига нисбатан давлат мулки объектини давлат тасарруфидан чиқариш билан боғлиқ давлат органи қарори (ҳаракатлари) ни ноқонуний деб топиш ва ҳақиқий эмаслигининг оқибатларини қўллаш ҳақидаги аризаси Балиқчи туман маъмурий судининг 2019 йил 26 июлдаги ҳал қилув қарори билан қаноатлантирилиб, жавобгар Ўзбекистон Республикаси Давлат мулк қўмитаси Андижон вилоят ҳудудий бошқармасининг амалдаги қонун талабларини бузган ҳолда низоли мулкни арзон баҳолашда ифодаланган ҳаракати ноқонуний деб топилган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мулк қўмитаси Андижон вилоят ҳудудий бошқармасининг “Асака шаҳар босмахонаси”ни очиқ акциядорлик жамиятига айлантириш тўғрисидаги 2003 йил 3 сентябрдаги 207-сонли буйруғи ҳақиқий эмас, деб топилган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси Андижон вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан Асака шаҳар, Соҳил бўйи кўчаси, 10-уйда жойлашган “Асака шаҳар босмахонаси” очиқ акциядорлик жамиятига 2003 йил 27 декабрь куни берилган 16-сонли мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат ордери ҳақиқий эмас, деб топилган.
Давлат тасарруфидан чиқарилган бино-иншоотлар ва ер майдонлари давлат эгалигига қайтарилган.
Мазкур ҳал қилув қароридан норози бўлиб, мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахс “КANSMIR GROUP” МЧЖ вакили Т. Маматқодиров томонидан 2019 йил 13 август куни апелляция шикояти келтирилган.
Апелляция шикояти Андижон вилоят маъмурий судининг апелляция инстанциясида кўриш учун 2019 йил 4 сентябр куни соат 11:00 га тайинланган эди. Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Давлат мулк қўмитаси Андижон вилоят ҳудудий бошқармасининг масъул ходими суд мажлисига келмаганлиги сабабли мазкур иш 11 сентябр куни соат 11:00 га қолдирилганлиги маълум қилинади.
Апелляция инстанциясида кўриладиган ушбу иш якуни бўйича алоҳида маълум қилинади.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати
Фикр қолдириш