ОИЛА МУСТАҲКАМЛИГИ ХУШМУОМАЛАЛИК, ЎЗАРО ИЗЗАТ-ҲУРМАТГА БОҒЛИҚ
Жамиятимизда одамларнинг бахтли яшаши, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш борасида жуда катта ва кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, Президентимизнинг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда 2018 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида назарда тутилган асосий масала жамиятимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини юксалтириш, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоялаш ҳамда оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш орқали ҳар бир инсоннинг бахтли ҳаёт кечиришини таъминлашга қаратилган.
Шу мақсадда аҳоли билан ўтказилаётган очиқ мулоқотларда оилалар мустаҳкамлигини таъминлашга қаратилган амалий ишлар олиб борилмоқда.
Бироқ, афсуски, ҳеч нарсага қарамай ажрашишни мақсад қилган эр ва хотинлар йўқ эмас. Қуйида ажримлар, уларнинг сабабларини таҳлил қилиш жараёнида аниқланган ҳолатларга тўхталиб ўтамиз.
Кўп ҳолларда азалий қадриятларни унутиш, оилада эр-хотин ўртасида муносабатлар тўғри йўлга қўйилмаганлиги оилавий ажримларга сабаб бўлмоқда. Хусусан, фарзандларини бирга тарбиялаб, рисоладагидек яшаб келаётган эр ёки хотиндан бирининг ўйламай гапирган бир оғиз сўзи ва иккинчи томоннинг жаҳл устида қайтарган жавоби охир-оқибат оиланинг бузилишига олиб келмоқда. Бу эса фарзандларнинг ё ота, ё она меҳридан, тарбиясидан мосуво бўлишига сабаб бўлмоқда.
Масалан, хотини билан ўн беш йилга яқин умргузаронлик қилган, уч нафар фарзанднинг отаси хотинининг телефонда гаплашгани ёқмай, унга нисбатан ҳақоратли сўз айтган. Аёлнинг ҳам бунга ҳақорат билан жавоб қайтариши орадаги муносабатга дарз етказган. Ёки эллик ёшдан ошган, 4 фарзанднинг онаси бўлган, қизини узатган аёлнинг эри ногиронлиги сабаб ишламагани боис унга гап қайтариши, фарзандлари олдида ҳурматсизлик қилиши эр-хотинлар ажралишига сабаб бўлган.
Ваҳоланки, ҳар икки ҳолатда эр-хотин жаҳлга эрк бермасдан, бир-бирини тушуниб, бири иккинчисига озгина ён бериши орқали ўртада келиб чиққан тушунмовчиликнинг олди олиниши ва пировардида масала қўйди-чиқдигача бориб етмаслиги мумкин эди.
Зеро, оила мустаҳкамлиги эр-хотиннинг ўзаро муносабатига боғлиқ.
Афсуски, ҳаётда эр-хотиннинг бир-бирига беэътиборлиги сабаб оилалар барбод бўлаётган ҳолатлар ҳам мавжуд.
Аниқроқ айтганда, айрим эркаклар ўзининг кундалик иши билан машғул бўлиб, хотинига етарли эътибор қаратмай, турмуш ўртоғидан биргина ширин сўзини аягани ҳам баъзан оиланинг дарз кетишига сабаб бўлаётгани бор гап. Аҳоли билан очиқ мулоқотлар жараёнида ажрашиб яшаётган оила бошлиғи – икки фарзанднинг отасидан турмуш ўртоғига охирги марта қачон яхши гап айтгани ёки бирон-бир муносабат билан совға бергани ҳақида сўраганимизда бу борада хотинига умуман беэътибор бўлгани маълум бўлди.
Халқимизда “нима эксанг, шуни ўрасан” ёки “меҳр кўрсатсанг – меҳр кўрасан” каби мақоллар бежиз айтилмаган. Агар оила бошлиғи – эр хотинининг зиммасига фақатгина уй юмушлари, болалар тарбиясини юклаб қўймасдан, жуфти ҳалолига меҳр кўрсатса, ҳеч бўлмаганда, тайёрлаган овқатини мақтаб еса, яхши муносабатда бўлса, нохуш ҳолатларга ўрин қолмайди.
Муқаддас Ҳадисда ҳам “Хотинларнинг ҳақларига риоя этингиз. Улар билан меҳр-шафқат ила муомалада бўлингиз. Уларнинг ҳақлари хусусида Аллоҳдан қўрқингиз. Хотинлар сизларга Парвардигорнинг омонатидир”, дейилган.
Шунинг учун оила бошлиғи – эркаклар оиласининг чироғи, турмуш ўртоғи, фарзандларининг онасига меҳр-шафқатли ва эътиборли бўлиши, ҳамиша ҳурматини жойига қўйиши оилада соғлом муҳитни таъминлашнинг муҳим шартидир.
Яна шуни ҳам қайд этиш жоизки, оилада эр-хотин ўртасида ўзаро ҳурмат-эъзозга йўғрилган муносабатни шакллантириш оилада юксак маънавий муҳит қарор топишини таъминлайди. Бу эса келажагимиз бўлган фарзандлар тарбиясида алоҳида аҳамиятга эга.
Оила мустаҳкамлигини таъминлашда яна бир ҳолатга эътибор қаратиш зарур. Гоҳида эр ва хотин ярашиб, оилани тиклашга рози эканликл
арини, лекин айни дамда бунинг иложи йўқлигини, эр жаҳл устида “талоқ” деб айтганини, энди афсусда эканлигини билдирган ҳолатлар учрайди. Бу эса домла-имомларимиз ёшларни никоҳлаш пайтида уларга никоҳ нима, эр ва хотиннинг бир-бири олдидаги мажбуриятлари нималардан иборат, талоқ нима ва унинг оқибатларини тушунтиришлари лозимлигини кўрсатмоқда.
Бобомиз Абдулла Авлоний “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” рисоласида қайд этганларидек: “Нафсини сабр ила ром қилган киши ҳар ишда ошиқмай, оҳиста ҳаракат қилур. Нафсини ҳалокатдан, ғурурдан сақлар. Сабр шундай бир кучли нарсадурки, шаҳватни иффатга, ғазабни шижоатга, шиддатни ҳилмга, катталикни тавозуъга, ёмонликни яхшиликка айлантирмокға қуввати етар”.
Оилавий ажримлар билан боғлиқ яна бир ҳолат шундан иборатки, арзимаган гап-сўзлар, жумладан, келин ё куёв ёки уларнинг яқинлари томонидан ўйланмай айтилган бир оғиз гап ҳам гоҳида айрим ёшларнинг оиласи бузилишига олиб келаётгани ўта ачинарли ҳолатдир.
“Яхши келин уйдаги гапни кўчага чиқармайди”, деб бежизга айтилмайди.
Чунки ҳар бир оиланинг ўзига тегишли сир-асрорлари бўлади. Бу сирларни оила аъзоларидан кимдир ошкор қилиши, табиийки, оилавий ҳамжиҳатликка путур етказади.
Ёшларни оилага тайёрлашда йигит-қизлар билан алоҳида-алоҳида ишлаш, уларга яхшиликни ёмонликдан, савобни гуноҳдан, ҳалолни ҳаромдан фарқлашни қадриятларимиздан келиб чиқиб тушунтириш ҳам кўзланган натижани беради.
Олий судга келаётган шикоятлар, шунингдек, жойлардаги сайёр қабулларда шундай мазмунда ёзғиришлар бўладики, гўёки судья никоҳни бекор қилиш ҳақидаги аризани (томонларга муддат устига муддат бериб) асоссиз равишда чўзмоқда, унга нисбатан чора кўриш керак…
Қонунда кўрсатилган меъёрларни қўйиб турайлик, мантиқан қараганда, эр-хотин арзимас сабаблар билан ажрашаман, деса-ю, судья уларни яраштириш, оиласини асраб қолиш, фарзандлари тирик етим бўлишининг олдини олишга ҳаракат қилса, бунинг нимаси ғайритабиий?! Аслида арзимаган маиший муаммоларни рўкач қилиб, судга чопишнинг ўзи ғайритабиий ҳолат эмасми?!
Судда эр ёки хотин томонидан “бирга яшаш-яшамаслик менинг шахсий ишим, ўзим биламан”, деган ибора бот-бот такрорланади. Тўғри, эр ва аёлнинг бир оила бўлиб яшаши – икки томоннинг хоҳишига боғлиқ, лекин оила – шахсий масала эмас. Чунки оилани жамият билан ёки жамиятни оила билан айро тасаввур қилиб бўлмайди. Жамиятдаги иллатлар оилага қанчалик таъсир қилса, оиладаги нотинчликнинг ҳам жамиятга таъсири шунча!
Ҳар бир оилавий ажрим натижасида болалар тарбияси, уй-жой масаласида юзага келадиган муаммолар, хоҳлаймизми-йўқми, жамиятнинг оғриқли дардига айланади. Аросатда қолган тирик етимлар, рўзғор ташвишида минг азобга дуч келаётган ёлғиз аёллар, оиласидан тополмаган ҳаловатни бошқа жойлардан топишга ҳаракат қилиб, турли балоларга гирифтор бўлаётган эркаклар… Буларнинг ҳар бири катта муаммо.
Ёинки отасиз ёки онасиз улғаяётган болани олайлик. Тарбияга қанчалар эътибор берилмасин, боланинг хатти-ҳаракатлари ёки юриш-туришида ё онанинг, ё отанинг иштироки йўқлиги билиниб туради. Ота-онаси тирик бўлатуриб, улардан меҳр кўрмаганлиги ўрнини ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайди.
Бугун оилавий ажримлар масаласи жамиятнинг оғриқли муаммоларидан биридир. Жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида фуқаролик судларида ҳал қилув қарори қабул қилинган никоҳдан ажратиш билан боғлиқ 27 минг 701 та ишдан 16 минг 739 та оилани сақлаб қолишнинг иложи топилмай, эр-хотинлар никоҳдан ажратилганлиги ташвишли ҳолатдир.
Никоҳни бекор қилиш тўғрисидаги аризалар, суд жараёнида томонлар кўрсатаётган важлар замирига қаралса, ажрашишга арзигулик жиддий сабаблар йўқлиги ойдинлашмоқда. Шунга кўра, судлар томонидан ажралиш ҳақидаги даъво талаблари асоссиз деб топилиб, рад этилган ишлар қарийб 11 мингтани ташкил этди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев айтганидек: “Оилага эътибор – ўзлигимизга эътибордир. Оилани сақлаб қолмасак, биз ўзлигимизни йўқотамиз”.
Дарҳақиқат, жамиятимиз келажаги оилалар барқарорлиги ва фарзандларнинг ўз ота-онаси бағрида камол топишига боғлиқ. Шунинг учун ҳам оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, ажралишларнинг олдини олиш масаласи барчамизга, ота-оналар, кенг жамоатчилик ва ҳар бир онгли инсонга тегишли масаладир. Бу борада барчамиз бирдай масъулмиз.
Холмўмин ЁДГОРОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди раисининг ўринбосари
Фикр қолдириш