СЕЙФ ИЧИДАГИ КУЛФАТ ЁХУД НАФС БАНДАЛАРИНИНГ АЯНЧЛИ ҚИСМАТИ
Пойтахтлик Ботир Илёсов (исм-шарифлар ўзгартирилган) эндигина 19 ёшга тўлганда ўғрилик жиноятини содир этгани учун суд томонидан унга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди. Аммо у бундан тўғри хулоса чиқармади. Аксинча, гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва ўтказиш билан боғлиқ жиноятларни содир этгани учун яна икки марта жиноий жавобгарликка тортилди. Кейинчалик вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлагани ва ўғрилик учун ҳам судланиб, суд томонидан тайинланган жазо муддатини ўтаб чиқди.
“Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас” деганларидек, у муқаддам тўрт маротаба ўғрилик ва товламачилик жиноятларини содир этиб, қонуний жазога тортилган Исмоил Фаттоҳов билан жиноий тил бириктириб, катта миқдорда мўмай даромад топишни режалаштиради. Улар ўзларига таниш бўлган тадбиркорнинг уйига ўғирликка кириб, катта миқдордаги пул, қимматбаҳо заргарлик буюмлари бўлган сейф билан бирга кузатув камерасининг узатиш ва хотира қурилмасини ҳам олиб кетишади. Энг қизиғи, ўғрилар уй эгасининг кўчада эшиги очиқ қолдирилган автомашинасига ўтириб, воқеа жойидан яширинишади.
Аммо жиноий шериклар сейфни қандай очишни билишмайди. Шу боис улар илгари бир неча марта жиноий жавобгарликка тортилган ота-ўғил Отабек Ризқиев ва Рамзиддин Аъзамовдан ёрдам сўрашади. Улар ҳамтовоқларга темир сейфни очишга ёрдам беришади.
Бунинг эвазига улар 20 минг АҚШ доллари миқдорида улуш олишади.
Шундан сўнг ота-ўғил қулфбузарлар жиноят изларини яшириш мақсадида темир сейфни “Бўзсув” каналига ташлаб юборишади.
Тезкор қидирув ҳаракатлари натижасида жиноятчилар қўлга олиниб, Ботир Илёсовдан кузатув камерасининг эҳтиёт қисмлари, бир неча турдаги аёллар тақинчоқлари, 290 700 АҚШ доллари ҳамда 25 650 000 сўм, Исмоил Фаттоҳовдан 12 000 АҚШ доллари ва 25 650 000 сўм ашёвий далил тариқасида олиниб, жабрланувчига қайтарилди.
Ботир Илёсовни қўлга олиш чоғида унинг чўнтагида 0,78 граммга тенг “гашиш” гиёҳвандлик моддаси топилгани бу кимсанинг жиноятга нечоғлик муккасига кетганини кўрсатади.
Албатта, ҳар қандай жиноий қилмиш жазосиз қолмайди. Яқинда бўлиб ўтган суд мажлисида жиноятчиларнинг қилмишига қонуний баҳо берилди.
Хусусан, суд Ботир Илёсовни Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) 4-қисми “а” банди, 267-моддаси (транспорт воситаисни олиб қочиш) 2-қисми “б” банди ва 276-моддаси (гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топди. Унга тайинланган жазога муқаддам жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани судининг ҳукми билан тайинланган жазонинг ўталмай қолган қисмини қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 16 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Бундан ташқари у Жиноят кодексининг 34-моддаси (рецидив жиноят) га асосан ўта хавфли рецидивист сифатида жазо муддатини қаттиқ тартибли колонияда ўтайдиган бўлди.
Исмоил Фаттоҳов эса, Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а”, “б” бандлари, 267-моддаси 3-қисми “а” банди ва 226-моддаси (маъмурий назорат қоидаларини бузиш) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди ва унга нисбатан 12 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Шунингдек, қулфбузар Отабек Ризқиев Жиноят кодексининг 241-моддаси (жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди. Тайинланган жазога илгари жиноят ишлари бўйича Бектемир тумани судининг ҳукми билан тайинланган жазонинг ўталмай қолган қисми қисман қўшилиб, 4 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Суд Рамзиддин Аъзамовни Жиноят кодексининг 241-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топиб, 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.
Бундан ташқари Ботир Илёсов ва Исмоил Фаттоҳовдан жабрланувчига етказилган моддий зарарни қоплаш учун солидар тартибда 470 650 АҚШ доллари, Отабек Ризқиев ва Рамзиддин Аъзамовдан 5 315 АҚШ доллари ундириш белгиланди. Шу тариқа ичида катта миқдордаги пул ва қимматбаҳо тақинчоқлар бўлган сейф ўғриларга бойлик эмас, кулфат келтирди. Чунки бировнинг ҳақи ҳеч қачон ўзгага буюрмайди. Бу — ҳаётда кўп бора исботини топган ҳақиқатдир.
Аббосхон Шомаҳмудов,
жиноят ишлари бўйича
Юнусобод тумани суди судьяси
Фикр қолдириш