ҲАМШИРА ИШЛИ БЎЛДИ

Мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналаётган, меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган ногиронлиги бўлган шахсларни муҳофаза қилишга алоҳида эътибор берилиб, ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Уларни мақбул келадиган ишга жойлаштиришнинг аниқ, қонуний ҳамда асосли тартиби ишлаб чиқилган.

Бунга мисол сифатида Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги 965-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахс­ларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тартиби тўғрисида»ги Низомни кўрсатиш мумкин.

Ушбу Низомга мувофиқ ногиронлиги бўлган шахс­лар ижтимоий муҳофазага, иш топишга қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган муҳтожлар тоифасига киради.

Бу тоифадаги шахслар Банд­ликка кўмаклашиш марказининг йўлланмаси асосида за­хирага қўйилган иш ўринларидаги ишга жойлаштирилади.

Йўлланма билан ишга борган муҳтожларни ишга қа­бул қилишни рад этиш ғайриқонуний хатти-ҳа­ракат ҳи­собланади.

Навоий шаҳри аҳоли банд­лигига кўмаклашиш маркази давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори Т. Шомурзаева (исм-шарифлар ўзгартирилди) нинг манфаатларини кўзлаб, судга даъво аризаси билан мурожаат қилди.

Маълум бў­лишича, Аҳоли бандлигига кў­мак­ла­шиш маркази ижтимоий ҳимоя­га муҳтож ва иш топишда қийналаётган, ногиронлиги бўлган Тамара Шомурзаевани 2020 йил 10 декабрдаги 19-сонли квота йўлланмаси билан Навоий вилояти Наркология диспансерига ишга юборган. Бироқ диспансер мутасаддилари «бўш иш ўрни мавжуд эмас», деган важ билан уни ишга қабул қилмаган.

Аслида Навоий шаҳри ҳо­кимининг 2019 йил 30 сентябрдаги «2020 йилда ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қў­йиш тўғрисида»ги 787-сонли қарорига асосан диспансерда бу тоифадаги ногиронлиги бўлган шахс­лар учун битта иш ўрни банд қилиб қўйилиши, квота асосида юборилган шахс­ни иш­га қабул қилиш шарт эди. Шу боис даъвогар Наркология диспансери мансабдор шахс­ларининг хатти-ҳаракатини ғайриқонуний деб топиш, улар зиммасига ногиронлиги бўлган Т. Шомурзаевани мақбул келадиган ишга қабул қилиш мажбуриятини юклашни сўраган.

Суд мажлисида Навоий шаҳри Аҳоли бандлигига кў­мак­лашиш маркази вакили, меҳнат ҳуқуқ инспектори даъвони қўллаб-қувватлади. У Навоий шаҳри ҳокимининг 2019 йил 30 сентябрдаги 787-сонли қарорига асосан диспансерда ижтимоий ҳимояга муҳтож ва иш топишда қийналаётган ногиронлиги бўл­ган шахслар учун битта иш ўр­нини банд қилиб қўйилиши бел­гилангани, бу қарор мажбурий кучга эга экани, қолаверса, диспансерда 2019 йил 25 декабрь куни 54-сонли буйруқ чиқарилиб, унда ногиронлиги бўлган шахслар учун битта иш ўрни банд қилиш белгилаб қў­йил­га­ни, бироқ иш ўрни банд қи­линмасдан қолганини таъкидлади.

Суд мажлисида Тамара Шомурзаева болаликдан иккинчи гуруҳ ногирони экани, Навоий­ тиббиёт коллежида ҳамшира­лик­ иши бўйича ўқишни тамомлагани, квота йўлланмаси билан Наркология диспансерига ишга жойлашиш учун боргани, лекин ишга қабул қилишмаганини маълум қилди.

Суд мажлиси жараёнида диспансернинг ходимларга оид буйруқлари кўздан кечирилганда, бўш иш ўрни ва уни банд қилиб қўйишга имкон бўл­гани аён бўлди. Хусусан, диспансер бош врачининг тегишли буйруқлари билан тўрт­­та бўшаган 0,25 штат бирлиги бош­қа ходимга қўшиб берилган ва битта штат бирлигида ишлаб келаётган ходим бола парвариши билан боғлиқ таътилга чиқарилгани ҳолати аниқланди. Бундай ҳолатда жавобгар Т. Шомурзаевани ишга қабул қилишни асоссиз равишда рад қилган.

Фуқаролик процессуал кодексининг 270-5-моддасига кў­ра, суд низолашилаётган қа­рор ёки унинг айрим қисмлари ёхуд ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонун ҳужжатларига зид эканини ҳамда даъвогарнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қў­риқ­ланадиган манфаатларини бузаётганини аниқласа, қа­рор­ни ёки унинг айрим қисм­ларини ҳақиқий эмас, деб ёхуд ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади.

Суд ушбу қонун талабига асосан даъво аризасини қисман қаноатлантириб, фуқаронинг ишга қабул қи­ли­ни­ши асоссиз равишда рад этилган деб ҳисоблади, мансабдор шахснинг хатти-ҳаракатини ғайриқонуний деб топди ва Наркология диспансерига Т. Шомурзаевани ишга қабул қи­лиш мажбуриятини юклади. Бундан ташқари диспансер бош врачига нисбатан хусусий ажрим чиқарилиб, жавобгар ҳисобидан давлат фойдасига 223 минг сўм давлат божи ундирилди.

Хулоса ўрнида айтадиган бўл­сак, мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифадаги шахсларнинг меҳнат қи­лиш, жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун ҳуқуқий кафолат яратилган. Бундай инсонпарварлик тамойили ижтимоий адолатни қарор топтиришда муҳим аҳамиятга эга.

Нодир РАСУЛОВ,

фуқаролик ишлари бўйича

Кармана туманлараро суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: