ЁЛҒОН КЎРСАТМА БЕРГАНЛИГИ УЧУН ЖАЗОЛАНДИ
Ёлғон гапириш, туҳмат қилиш гуноҳ ҳисобланади. Бироқ айрим фуқаролар ўз манфаатлари йўлида ҳеч нарсадан тап тортмайдилар. Яқинда судда шундай иш кўриб чиқилди.
Гап шундаки, Яккасарой туманида яшовчи К. А. ўзини жабрдийда сифатида кўрсатиб, ички ишлар бошқармасига ариза ёзган. Гуёки Б. С. ундан 12 минг АҚШ доллари эвазига автомашина олиб беришни ваъда қилган. Ёлғон кўрсатма берганлиги учун жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирилган бўлса-да, К. А. яна ёлғон кўрсатма берган. У ўртадаги қарз олди-берди масаласига доир ҳақиқий ҳолатни яшириб, шахсни оғир жиноят содир этганликда айблаган. Учинчи маротаба ҳам тергов бўлимининг хонасида ҳимоячи томонидан киритилган илтимоснома ҳамда илтимосномага илова қилинган жиноят иши бўйича гувоҳ сифатида иштирок этганларнинг ўрталаридаги сўзлашувлар баённомасини ўзбошимчалик билан йиртиб ташлаб, муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳужжатни қасддан яроқсиз ҳолатга келтирган.
Аслида эса ҳолат бутунлай бошқача бўлган. 2001 йилнинг охирларида Б. С. машина ювиш шахобчаси ва қаҳвахона очиш ниятида бўлган.
Табиийки, бунинг учун маблағ керак. Пул масаласида таниши билан гаплашади. Таниши эса ўзида ҳозир пул йўқлигини, К. А. деган фуқаро билан гаплашиб кўришини, рози бўлса таништириб қўйишини айтган.
Декабрь ойининг охирида К. А. билан Б. С. учрашишади.
– К. А. дан бир ойга қайтариб бериш шарти билан 6 000 АҚШ доллари сўрадим, – деди суддаги кўрсатмасида Б. С. – Пул жуда зарур бўлганлиги учун 6 000 АҚШ доллари олган бўлсам-да, 10 000 АҚШ доллари қарз олганлигим ҳақида тилхат ёзиб бердим. Ҳайронман, нима сабабдан у менинг устимдан ариза ёзиб берган. Ахир қарз олаётган вақтимда гувоҳлар бор эди-ку. Мен ҳеч қачон унга автомашина олиб бераман, деб ваъда бермаганман ва бу иш менинг қўлимдан келмайди. Гуёки мен ундан 12 000 АҚШ доллари олган эмишман. Менинг битта айбим, олган 6 000 долларни вақтида қайтармаганим…
Судда сўроқ қилинган гувоҳлар ҳам Б. С. нинг ёнини олиб, ҳақиқий ҳолатни айтишди. Ўзини жабрланувчи сифатида кўрсатган К. А. нинг ёлғон кўрсатма берганлиги фош этилди. У судланувчи сифатида сўроқ қилинди.
Суд К. А. га жазо тури ва миқдорини тайинлашда унинг шахсини, жиноятни ғараз ва паст ниятда содир этганлигини, оилавий аҳволини, Б. С. нинг унга нисбатан даъвоси йўқлигини ҳисобга олди. Суд ҳукмига кўра, К. А. га узил-кесил ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Шундай қилиб, ўз манфаати йўлида ёлғон кўрсатма берган К. А. жазо муддатини ўтамоқда.
Ҳусанбой ПАРПИЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Яккасарой туман судининг судьяси
Фикр қолдириш