СОХТА “СОВЧИ”ЛИК ЁКИ МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТНИ УНУТИШ ОҚИБАТИ
Бугунги фан-техника ақлбовар қилмайдиган даражада ривожланаётган даврда биргина Телеграм-ботлари турли хил мураккаб вазифаларни тез ва аниқ бажарадиган дастур сифатида дунё миқёсида оммалашиб кетди.
Молиявий операциялар, банк ҳисобларини текшириш, маркетинг, бизнесдан тортиб, маҳсулот ёки хизматларни реклама қилиш, турли сўровномалар ўтказиш, кўнгилочар ўйинлар ташкил этиш, мусиқа ва фильмларни юклаб олишда Телеграм-ботлари жараёнларни соддалаштириш, сарфланадиган вақтни қисқартириш имконини бермоқда.
Афсуски, бир яхшининг бир ёмони бўлгани каби Телеграм мессенжерида бот яратиб, гўёки хайрли мақсад ниқоби остида ўзгалар бойлигини алдов йўли билан қўлга киритишга уринаётган фирибгарлар ҳам учраб туради.
Қибрай туманида яшовчи Азиз Раҳматов (исм-шарифлар ўзгартирилган) маҳалладоши Сардор Ғаниев билан 2022 йилнинг август ойида Телеграм мессенжерида “М. Amerika yor-yor production” канали фаолиятини йўлга қўяди. Улар эркак ва аёлларни сурат орқали таништириб, агар бир-бирига ёқса, учраштириб, никоҳдан ўтказиш ҳақида эълон беришади.
“М. Amerika yor-yor production” канал боти ишга тушганидан хабар топган самарқандлик Раҳима Иноятова кўрсатилган профилга қўнғироқ қилади ва гўшакни кўтарган А. Раҳматовга қизини хорижда яшайдиган йигитга турмушга бериш нияти борлигини айтади.
– Жуда тўғри қиласиз, – дейди А. Раҳматов. – хориждан куёв топсангиз, қизингиз бахтли яшайди. Биз қизингизга хорижлик куёв топиб берамиз. Уларни никоҳдан ўтказиб, ҳеч бир тўсиқсиз хорижга жўнатамиз…
Шундан сўнг А. Раҳматов Р. Иноятова ва қизининг фуқаролик паспорти нусхасини сўраб олади, сўнг унга Юнусобод туманида жойлашган савдо маркази ёнидаги офисга келиши кераклигини айтади.
Р. Иноятова ўтган йилнинг 1 сентябрь куни айтилган манзилга борганда уни А. Раҳматов билан С. Ғаниев кутиб олади. Улар турмуш қурмаган ёшларни ўзлари яратган лойиҳа орқали хорижий давлатларда яшовчи мигрантлар билан таништириб, агар бир-бирига мос тушса, никоҳ тузишига ёрдам беришни маълум қилишади.
Р. Иноятова уларнинг гапига чиппа-чин ишонади. Илк учрашувдаёқ А. Раҳматов Р. Иноятовадан “харажатлари учун”, деган важ билан бир миллион 750 минг сўм олади.
– Кейинроқ ўзимиз уйингизга бориб, шароитингизни ўрганамиз. Чунки куёвликка номзоднинг талаби шундай, – дейди А. Раҳматов.
Эртаси куни А. Раҳматов Р. Иноятовага қўнғироқ қилиб, Самарқандга бориш харажатлари учун бир миллион сўмни пластик картасига ўтказиб бериши кераклигини айтади. Р. Иноятова Paynet тизими орқали А. Раҳматовнинг укаси Сарварнинг номига очилган пластик картага ушбу миқдордаги пулни ўтказиб беради.
Шундан сўнг орадан олти кун ўтгач, А. Раҳматов билан С. Ғаниев Р. Иноятованинг хонадонига боришади. Қуюқ меҳмондорчилик чоғида А. Раҳматов хонадон бекасидан қизини хорижда ишловчи йигит билан таништириб, уларни никоҳдан ўтказиш учун яна 670 АҚШ доллари бериш зарурлигини айтади. Иши осон битаётганидан хурсанд бўлган Р. Иноятова қўшниси Ф. Хўжаёрованинг гувоҳлигида А. Раҳматовнинг қўлига 670 АҚШ долларини тутқазади. Бироқ тез орада уларнинг режаси бузилади. Чунки қиз хорижлик куёвга турмушга чиқишга рози бўлмайди.
Шу боис Р. Иноятова ҳамтовоқлардан 2 миллион 750 минг сўм ва 670 АҚШ долларини қайтариб беришни талаб қилади. Аммо улар турли баҳоналарни рўкач қилиб, пулни қайтариб беришмайди. Охир-оқибатда Р. Иноятова фирибгарларга қонуний чора кўришни сўраб, ички ишлар идорасига ариза билан мурожаат қилади.
Яқинда А. Раҳматов ва С. Ғаниевга нисбатан қўзғатилган жиноят иши суд мажлисида кўриб чиқилди. Суд муҳокамасида А. Раҳматов ва С. Ғаниев олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, Телеграм мессенжеридаги “М. Amerika yor-yor production” боти орқали турмуш қурмаган шахсларни хорижий давлатда яшовчи мигрантлар билан таништириб, никоҳ тузишига ёрдам бериш баҳонасида Р. Иноятовани чув туширишгани аён бўлди.
Улар Р. Иноятованинг қизини шу йўл билан хорижга юборишга ваъда бериб, 2 миллион 750 минг сўм ва 670 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, ўзларининг шахсий манфаатларига сарфлаб юборишган.
Судда фирибгарлар жабрланувчи Р. Иноятова фақат пластик картага бир миллион сўм ўтказганини тан олиб, биринчи учрашувда бир миллион 750 минг сўм, 6 сентябрь куни Самарқандда қўшни аёл гувоҳлигида олган 670 АҚШ доллари олганини рад этишди. Аммо уларнинг ушбу важлари гувоҳларнинг кўрсатмалари ва бошқа далиллар асосида ўз исботини топмади. Суд жараёнида Сардор Ғаниевнинг отаси жабрланувчига 2 миллион 750 минг сўм ва 670 АҚШ долларини қайтариб берди.
Суд А. Раҳматов ва С. Ғаниевни Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топиб, уларга қилмишларига яраша қонуний жазо тайинлади.
Бундан ташқари жабрланувчи Р. Иноятова Тошкент шаҳрига бир неча маротаба қатнаб, маънавий зарар кўргани учун суд А. Раҳматов ва С. Ғаниевдан солидар тартибда 3 миллион сўм маънавий зарар ундиришни ҳам лозим топди.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, аслида оила ва никоҳ муқаддас бўлиб, унга енгил-елпи ёндошиб бўлмайди. Шу сабабли хориждан бой-бадавлат куёв ахтариш калтабинликдан бошқа нарса эмас. Бойлик орттириш ниятида турмуш қуришга уринишни эса, ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.
Бу қонунга ҳам, миллий қадриятларимизга ҳам зиддир. Бинобарин, жабрланувчининг фирибгар кимсаларнинг ёлғон ваъдасига ишониб, хориждан куёв қилиш истаги сароб экани шу тарзда исботланди. Баён этилган воқеа тафсилоти бошқалар учун сабоқ вазифасини ўтаса, ажаб эмас.
Зайниддин ТЎРАЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Самарқанд шаҳар суди судьяси,
Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,
журналист
Фикр қолдириш