САЙЛОВ ЖАРАЁНИ СУБЪЕКТЛАРИ ҲУҚУҚИЙ ЖАВОБГАРЛИГИНИНГ БЕЛГИ ВА АСОСЛАРИ НИМАЛАРДАН ИБОРАТ?

Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар жамият сиёсий ҳаётида муҳим ўзгаришларни бошлаб берди. Сайлов қонунчилигини такомиллаштириш доирасидаги бир қатор муҳим ўзгаришлар ичида Сайлов кодекси қабул қилингани алоҳида аҳамиятга эга бўлди.

Ҳар қандай демократик давлатда кузатилганидек, сайловолди ташвиқоти ва сайловгача бўлган бошқа жараёнлар, шунингдек, сайлов натижаларига нисбатан муайян эътирозлар юзага келиши табиий жараён ҳисобланади.

Бундай эътирозли ҳолатлар қонун доирасида ҳал этилади.

Мамлакатимизда сайлов қонунчилиги бузилиши юзасидан мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ва сайлов тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини бузганлик учун муайян жавобгарлик кўзда тутилган.

Даставвал, сайлов қонунчилиги бузилиши юзасидан мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби билан боғлиқ жавобгарлик масаласига тўхталамиз.

Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи энг муҳим конституциявий-сиёсий ҳу­қуқлардан бири бўлиб, уни бевосита ва билвосита чеклашга йўл қў­йилмайди. Бу борадаги муносабатлар ҳам амалдаги Сайлов кодекси билан тартибга солинади.

Сайлов комиссиялари сайлов кампаниясини ўтказиш даврида жисмоний ва юридик шахсларнинг мазкур кодекс талаблари бузилгани ёки сайловни ташкил этишнинг бошқа масалалари хусусида ўзига келиб тушган мурожаатлари бўйича текширувлар ўтказади. Бунда уч кунлик муддатда мурожаатчиларга ёзма жавоб берилиши лозим.

Сайловга камида олти кун қолганида ёки овоз бериш куни келиб тушган мурожаатлар эса, дарҳол кўриб чиқилиши ва уларга тезкорлик билан жавоб қайтарилиши шарт. Бунда сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Жорий йилнинг 31 май куни Сайлов кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга асосан, эндиликда сайлов жараёни субъектлари сайлов комиссияларининг қарорлари устидан ушбу қарорлар қабул қилинганидан кейин беш кун ичида судга шикоят қилиши мумкин. Марказий сайлов комиссиясининг қа­рорлари устидан қарор қабул қи­линганидан кейин беш кун ичида Олий судга шикоят қилиниши мумкин.

Шикоятлар келиб тушганидан ке­йин уч кун ичида, сайловга камида олти кун қолганида эса, дарҳол кўриб чиқилиши керак. Шикоят берган шахс­лар шикоятни кўриб чиқишда бевосита иштирок этиш ҳу­қуқига эга.

Амалдаги Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс­нинг 142-моддасига кўра, сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари ва қа­рорлари юзасидан низола­шиш тўғ­рисидаги ишлар маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилади.

Марказий сайлов комиссияси хатти-ҳаракатлари ёки қарорлари юзасидан низолашиш ҳақидаги ишлар Олий суд томонидан кўриб чиқилади. Бу тоифадаги шикоятлар суд томонидан шикоят берилган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай кўриб чиқилиши зарур. Агар сайловга олти кундан кам вақт қолган бўлса, шикоят дарҳол кўриб чиқилиши шарт.

Мазкур кодекснинг 167-моддасига кўра, сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари ё қарорлари юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишларга доир суднинг ҳал қилув қарори чиқарилиши биланоқ тегишли сайлов комиссияси ва аризачига топширилади. Бунда суднинг тегишли қарори дарҳол ижро этилиши лозим.

Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, Сайлов кодексида мурожаат қилиш тартиби ҳамда муддатининг бир хиллиги, уларни тегишли органлар томонидан ўз вақтида, очиқ ва транспарентлик тамо­йиллари асосида кўриб чиқиш, сай­лов комиссиялари қарорларини суд ҳокимияти томонидан қай­та кўриб чиқиш имконияти кўзда тутилган.

Мисол учун маъмурий судларда 2018-2019 йилларда бўлиб ўтган фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли), Олий Мажлис ҳамда вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлигига сайловлар билан боғлиқ оммавий-ҳуқуқий муносабатларга оид 126 та маъмурий иш кўрилган.

Шундан 100 та иш бўйича аризачи сифатида депутатликка ва фуқаролар йиғини раислигига номзодини қўйган фуқаролар, 26 та маъмурий иш бўйича сайловлардан норози бўлган аризачи фуқаролар мурожаат қилган. Ушбу маъмурий ишларнинг 6 таси бўйича фуқаролар жамоавий тартибда ариза билан мурожаат қилган.

Шу ўринда сайлов тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик ҳақида ҳам алоҳида тўхталиш лозим. Чунки амалдаги қонунларимизда сайлов қонунчилигини бузганлик учун маъмурий ва жиноий таъсир чоралари ҳам белгиланган бўлиб, бундан сайлов жараёни иштирокчиларининг сайлов қонунчилигига тўлиқ риоя этиши ва сайлов ҳуқуқлари самара­ли амалга оширилишини таъминлаш мақсади кўзланган.

Хусусан, 2014 йил 4 сентябрда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 8 та моддадан иборат махсус «Сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳу­қуқ­бузарликлар учун маъмурий жавобгарлик» деб номланган VI-боб (512-519-моддалар) билан тўлдирилди. Унда сайлов жараёнида содир этилиши мумкин бўлган қонунбузилишлар учун маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи нормалар ўз ифодасини топган.

Аҳамиятлиси, ушбу тоифадаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар ҳам бир сутка мобайнида кўриб чиқилиши назарда тутилган.

Энг муҳими, сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг барчаси қасддан содир этилгани исботланиши лозим. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 512, 513, 514, 515 ва 519-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик учун мансабдор шахслар, 516 ва 518-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик учун ҳам жисмоний шахслар, ҳам мансабдор шахслар, 517-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик учун жисмоний шахслар жавобгарлик субъекти ҳисобланади.

Бу қонун нормаларининг санк­ция­ларида қатъий бир миқдор белгиланмаган.

Фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан ўн бараваригача жарима, мансабдор шахсларга эса, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан йигирма бараваригача жарима маъмурий жазоси қўлланиши мумкин.

Сайловни ташкил этиш ҳамда ўт­казиш соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар тааллуқлилиги бўйича, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 245-моддаси 1-қисмига кўра, жиноят­ ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, сайлаш ва сайланиш фуқароларнинг энг муҳим сиёсий ҳуқуқларидан бири бўлиб, ушбу ҳуқуқлар жиноят қонунчилиги билан ҳам муҳофаза қилинади. Сайлов қонунчилигини бузганлик учун жиноий жавобгарлик масаласи амалдаги Жиноят­ кодексининг 146 ва 147-моддаларида белгиланган.

Таққослаш учун айтадиган бўлсак, ривожланган демократик давлатларда ҳам сайлов қонунчилигини бузганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Масалан, Швейцария, Нидерландия, Германия каби давлатларнинг жиноят қонунчилигида сайловларни ўтказишга зўравонлик ёки қўрқитиш йўли билан тўсқинлик қи­лиш, сайлов натижаларини, сайлов ҳужжатларини сохталаштириш, сайлов сирини ошкор қилиш, сайлов ҳуқуқини амалга оширишга зўравонлик билан қаршилик кўрсатиш сингари қилмишлар учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Бу, ўз навбатида, мамлакатимизда сайловга оид қонунчиликни бузганлик учун жиноий жавобгарликни белгиловчи нормалар халқаро ҳу­қуқнинг умумэътироф этилган нормаларига асосланган ва ривожланган демократик давлатларнинг қонунчилик ама­лиё­ти ҳамда тажрибасига мослигидан далолат беради.

Хулоса ўрнида айтсак, сайлов қо­нунчилигини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ва жиноят учун жавобгарлик қатъий белгилаб қўйилиши сайлов эркинлиги принципи тў­лиқ амалга оширилиши, мамлакатимиз сайлов тизимининг янада демократлашиши, сайловнинг очиқ ҳамда ошкоралиги тамойиллари мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Робахон Маҳмудова,

Олий суд раисининг

биринчи ўринбосари

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: