РАСМИЯТЧИЛИКМИ ЁКИ ХАТО?

Ёзёвон туманида яшайдиган Зуҳра Садирова 2020 йил 7 февраль куни Марғилон шаҳар 1-сонли давлат нотариал идорасида тасдиқланган ижара шартномасига мувофиқ, “NEXIA DOНS” русумли автомашинасини аҳолига транспорт хизматини кўрсатувчи “EXCLUSIVE EVERSТ” хусусий корхонасига 3 йил муддатга ижарага беради. Аммо ижара шартномаси муддати тугай деганда, З.Садирова кутилмаган муаммога дуч келди.

Гап шундаки, солиқ қарздорлиги мавжудлиги боис 2023 йил 1 февраль куни Ёзёвон тумани давлат солиқ инспекцияси томонидан хусусий корхонанинг транспорт воситалари, хусусан, З. Садировага тегишли автомашинага нисбатан ҳам тақиқ қўйилади. Бироқ туман солиқ идораси масъул ходимлари бирор-бир автомашинанинг ҳужжатини текшириб кўрмайди.

Буниси ҳам етмагандек, З. Садировага тегишли автомашинага нисбатан 2023 йил 7 февраль ва 18 февраль кунлари ҳам тақиқ қўйилади.

Қолаверса, ижара шартномаси муддати тугагани боис “EXCLUSIVE EVERSТ” хусусий корхонаси раҳбари Маҳаммадисо Ҳасанбоев бунга эътиборсиз қарайди. Оқибатда бу муаммо ҳал этиш Зуҳра Садированинг ўзига қолади. Бинобарин, у Ёзёвон тумани адлия бўлимига мурожаат қилади. Натижада туман адлия бўлими томонидан унинг манфаатини кўзлаб, Фарғона туманлараро маъмурий судига ариза шикояти киритилди.

Айтиш керакки, Солиқ кодексининг 114-моддасига биноан, солиқ қарзи бўйича солиқ тўловчиларнинг мол-мулкини хатлаш суд қарорига асосан амалга оширилади. Солиқ тўловчи томонидан солиқ қарзи тан олинган тақдирда, солиқ органи қарори асосида солиқ тўловчининг солиқ қарзи бўйича мол-мулкига тақиқ қўйиш мумкин. Демак, қонун талабидан кўринадики, Ёзёвон тумани солиқ идораси масъуллари айнан “EXCLUSIVE EVERSТ” хусусий корхонасига тегишли кўчмас мулкка нисбатан тақиқ қўйиши лозим эди. Аммо улар З. Садировага тегишли автомашинага тақиқ қўйиб, ноқонуний йўл тутишган

Хўш, бу расмиятчиликми ёки хато?

Айтиш керакки, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 189-моддасида суд устидан шикоят қилинаётган қарор ёки унинг айрим қисмлари ёхуд ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонун ҳужжатларига зид эканлиги ҳамда аризачининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузаётганини аниқласа, қарор ёки унинг айрим қисмларини ҳақиқий эмас ёхуд ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилиши белгиланган.

Ана шу асосларга таянган суд ариза шикоятни қаноатлантириб, Ёзёвон тумани Давлат солиқ инспекциясининг 2023 йил 1 февралдаги 853321-сонли, 2023 йил 7 февралдаги 1060159-сонли, 2023 йил 18 февралдаги 1213057-сонли қарорларини ҳақиқий эмас, деб топди.

Ўрни келганда шуни қайд этиш жоизки, “EXCLUSIVE EVERSТ” хусусий корхонаси раҳбари Маҳаммадисо Ҳасанбоев қонуний тарзда хабардор қилинган бўлса-да, суд мажлисига келмади. Бу унинг қонунларга беписанд муносабатини кўрсатиши баробарида маънавий дунёқараши торлигини ҳам билдиради. Чунки маънавий етук инсон ҳамиша қонунга риоя қилади.

Зотан, қонун ҳаммага баробардир.

Солижон ҚУРБОНОВ,

Фарғона туманлараро

маъмурий суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: