САЙЛАШ ҲУҚУҚИ ТЕНГЛИГИ НИМАЛАРДА НАМОЁН БЎЛАДИ?

Мамлакатимизда фуқароларнинг ўз конституциявий ҳуқуқлари, шу жумладан, сайловга оид ҳуқуқларини амалга ошириши бирор-бир қийинчилик ва чекловларсиз таъминланиши давлат томонидан кафолатланган. Бу ҳақда сўз борганда, аввало, Президентимиз 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга йўллаган илк Мурожаатномасида Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ташаббусини илгари сурганини таъкидлаш лозим.

Шу асосда Сайлов кодекси лойиҳасини тайёрлаш вазифаси 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини 2018 йил — «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурига киритилди.

2019 йил 25 июнда Сайлов кодекси қабул қилинди. Ушбу кодексда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқ­лар тўғрисидаги пакт, Ногиронлар ҳу­қуқлари тўғрисидаги конвенция ва бош­қа халқаро ҳужжатларнинг нормалари ҳамда стандартлари билан белгиланган қоидалар ўз ифодасини топган.

Сайлов кодекси Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ўз сиёсий ҳуқуқларини тўлиқ амалга оширишини таъминлайди. Бироқ бугунги кунда фуқаролар ўз­ларининг конс­титуциявий ҳуқуқларини амалга оширишда бутун дунёда рўй бераётган глобал пандемия шароитини инобатга олишлари тақозо этилади.

Бу ўринда фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ишончли ва самарали усулларини қўл­лаган ҳолда, кундалик ҳаётдаги чекловлар ва қатъий карантин талабларига риоя қилиниши лозимлиги ҳақида сўз бормоқда.

Амалдаги Сайлов кодексида беморларнинг ҳу­қуқлари бел­гиланган. Унга кўра, са­наторийлар, дам олиш уйлари, касалхоналар ва бошқа стационар даволаш муассасалари, олис ва бориш қи­йин бўл­ган ҳудудлардаги фуқаролар турган жойларда сайлов участкалари тузилиши мумкин. Бу участ­калар улар жойлашган ердаги сайлов округларига киради.

Сайлов участкалари сайловга камида олтмиш кун қолганида, қоида тариқасида, сайловчилар сони камида йигирма нафардан ва кўпи билан уч минг нафардан ошмаган ҳолда тузилади.

Сайловчиларнинг рўй­хати санаторий ва дам олиш уйлари, касалхона ва бошқа стационар даволаш муассасалари, олис ва бориш қийин бўлган ҳудудлардаги фуқаролар турган жойларда сайловга уч кун қолганида ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилади.

Овоз бериш сайлов ку­ни соат 8.00 дан 20.00 гача ўтказилади. Овоз бериш вақти ва жойи тўғрисида участка сайлов комиссияси сайловчиларни сайловдан камида ўн кун олдин хабардор қилади.

Санаторийлар, дам олиш уйлари, касалхона ва бошқа стационар даволаш муассасалари, олис ва бориш қийин бўлган ҳудудлардаги фуқаролар турган жойларда тузилган сайлов участкаларида участка сайлов комиссияси, агар рўйхатга киритилган барча фуқаролар овоз бериб бўл­ган бўлса, овоз бериш тугаганини исталган вақтда эълон қилиши мумкин.

Овоз бериш биносига келгач, сайловчи участка сайлов комиссиясининг аъзосига ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатади ҳамда сайловчилар рўйхатига имзо қўяди. Шундан кейин унга сайлов бюллетени берилади.

Сайловчи сайлов бюллетенини олгач, уни яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида тўлдиради. Сайлов бюллетенини тўлдириш чоғида овоз берувчи шахсдан бошқа шахс­ларнинг ҳозир бўлиши тақиқланади.

Сайлов бюллетенини мустақил равишда тўлдириш имкониятига эга бўлмаган сайловчи ўз хоҳишига кўра, яширин овоз бериш кабинаси ёки хонасига бошқа шахсни таклиф қилишга ҳақли. Бундан сайлов комиссияси таркибига кирадиган шахслар, кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари мустасно.

Айрим сайловчилар соғ­лиғининг ҳолатига ёки бошқа сабабларга кўра, овоз бериш биносига кела олмаган ҳолларда, тегишли участка сайлов комиссияси овоз беришни уш­бу сайловчиларнинг илтимосига биноан улар турган жойда ташкил этади.

Бунда тегишли комиссиянинг камида икки нафар аъзоси кўчма сайлов қутиси билан сайловчининг турган жойига юборилади. Улар сайловчининг хоҳиш-иродаси сир сақланишига риоя этилган ҳолда овоз бериш амалга оширилишини таъминлайди.

Бу жараёнда кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳозир бўлиши мумкин.

Сайлов участкаларида тиббий хоналарни ташкил этиш ва уларни жиҳозлаш ҳамда санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 2 июндаги 120-сонли буйруғи қабул қилинган.

Ушбу буйруққа кўра, сайлов ўтказиладиган куни сайлов участкаларида 2021 йил 1 октябрдан бошлаб тун-кун фаолият кўрсатувчи тиббий пунктлар ва тиббий пунктларда малакали тиббиёт ходимларининг навбатчилиги ташкил этилади.

Тиббий пунктлар тез ёрдам кўрсатиш учун мўлжалланган дори воситалари ва тиббий буюмлар билан етарли миқдорда таъминланади. Сайлов давомида соғлиғи ёмонлашган фуқароларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш ташкил этилади.

Шунингдек, сайлов участ­каларида турли юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилади.

Аброрбек Каримов,

Фарғона вилояти

суди судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: