АДОЛАТНИНГ МАШАҚҚАТЛИ ЙЎЛИ ЁХУД ОЛТИ ЙИЛДАН КЕЙИНГИ ОҚЛОВ
Халқимиз ҳақиқат эгилади, букилади, лекин синмайди, дея бежизга айтмаган. Буни ҳаётдаги кўплаб мисоллар ҳам яққол тасдиқлайди.
Масалан, Риштон тумани ички ишлар бўлими паспорт бўлинмаси собиқ бошлиғи С. Исмоилов 2016 йил ноҳақ жиноий жавобгарликка тортилганда, бир кун келиб, албатта, ҳақиқат қарор топишига қаттиқ ишонганди.
Ҳақиқатан ҳам, орадан 6 йил ўтиб, у суднинг ажримига асосан оқланди.
Хўш, С. Исмоилов нега жиноий жавобгарликка тортилган эди?
Айблов хулосасида ёзилишича, у қўл остида ишлаган катта инспектор Б. Жиянбоев (шу иш бўйича судланиб, Фарғона вилояти суди жиноят ишлари бўйича апелляция инстанциясининг 2021 йил 20 сентябрдаги ажримига асосан оқланган), «Халқ банки»нинг Риштон тумани филиали махсус касса кассири И. Аминов, «Миллий банки»нинг Риштон тумани филиали махсус касса кассири У. Мамасидиқов билан ўзаро жиноий тил бириктирган ва мансаб мавқеини суистеъмол қилган ҳолда 2014 йил 1 январдан 2015 йил 20 августга қадар фуқаролик паспортини йўқотган ёки алмаштириш муддатини ўтказиб юборган 105 нафар ҳуқуқбузардан энг кам ойлик иш ҳақининг 2 ёки 3 баравари миқдорида жарима ундирган, аммо тўлов чипталарида энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдоридаги маблағни қайд этган, қолган 15 526 600 сўмни, шунингдек, 348 нафар ҳуқуқбузардан ундирилган 38 606 800 сўмни банкка топширмасдан ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.
Бундан ташқари С. Исмоиловга 2014 йил ноябрь ойидан 2015 йил июль ойига қадар Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси «Хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш» бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган О. Солиевга (шу иш бўйича судланиб, Андижон вилояти суди жиноят ишлари бўйича кассация инстанциясининг 2020 йил 27 январдаги ажрими билан оқланган) йиғилишларда танбеҳ бермаслик ва туман паспорт бўлинмасининг ойлик ҳисоботларини қийинчиликларсиз топшириши эвазига ҳар ойда 200-300 АҚШ долларидан пора бериб келганлик айби ҳам қўйилган. Қолаверса, бўлинма бошлиғи 2014 йил январь ойидан 2015 йил август ойига қадар ўз хизмат вазифаларини қасддан бажармасдан 746 нафар ҳуқуқбузар фуқарога тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштириш чораларини кўрмагани натижасида 74 549 100 сўм жарима ундирилмай қолган. Шу боис суд С. Исмоиловни Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми “а”, “в”, “г” бандлари, 208-моддаси ва 211-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топиб, унга 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ вазифаларда ҳамда ички ишлар идораларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш, энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баравари миқдорида жарима ҳамда иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, С. Исмоилов ўзини айбсиз деб биларди.
Буни исботлаш учун етарли далиллари ҳам бор эди. Бинобарин, у суд ҳукмидан норози бўлиб, юқори инстанцияларга мурожаат қилади.
Натижада ушбу жиноят иши суд инстанцияларида қайта-қайта кўриб чиқилади. Жумладан, жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти суди кассация инстанциясининг 2018 йил 21 июндаги ажрими билан суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган бўлса, Фарғона вилояти суди жиноят ишлари бўйича апелляция инстанциясининг 2021 йил 20 сентябрдаги ҳукми билан суд ҳукмининг С. Исмоиловга оид қисми ўзгартирилади. Бироқ судланувчи оқланмайди. Шу боис С. Исмоилов яна мурожаат қилишда давом этади.
Ниҳоят, Олий суд жиноят ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 24 декабрдаги ажримига мувофиқ, Фарғона вилояти судининг 2021 йил 20 сентябрдаги ҳукмининг С. Исмоиловга оид қисми бекор қилиниб, жиноят ишининг шу қисми янгидан апелляция инстанциясида кўриш учун юборилади.
Эътироф этиш керакки, ишни янгидан апелляция инстанциясида кўриш жараёнида С. Исмоиловнинг айбсизлиги ўз тасдиғини топди. Хусусан, бўлинма катта инспектори вазифасида фаолият юритган Б. Жиянбоев апелляция инстанциясидаги кўрсатмасида дастлабки терговда ўзига нисбатан тазйиқ ўтказилгани ва шу боис биринчи инстанция судида нотўғри кўрсатма беришга мажбур бўлгани, С. Исмоилов ўзига жариманинг бир қисмини чипталарда кўрсатиш ва қолган қисмини банкка топширмаслик ёки ҳуқуқбузарлик содир этган фуқароларга маъмурий баённомалар расмийлаштирмаслик ҳамда улардан маъмурий жарималар ундирмаслик ҳолатлари юзасидан топшириқ бермаганини билдирди. Буни «Миллий банк»нинг Риштон тумани филиали махсус касса кассири вазифасида ишлаган У. Мамасиддиқов ҳам тасдиқлади.
Шунингдек, ўша пайтда туман ИИБ паспорт бўлинмасида текшириш ўтказган мутахассис З. Ахмедов кассация инстанцияси судида дастлабки терговда ва биринчи босқич судидаги кўрсатмаларини инкор қилиб, 54 133 400 сўм камомад нотўғри аниқлангани, бу ҳақида эътироз билдиргани, лекин эътирози қабул қилинмагани, фуқароларнинг тушунтириш хатларига асосан ҳужжатли текшириш ўтказиш мумкин эмаслиги маълум қилди.
Дастлабки тергов даврида сўроқ қилинган гувоҳлар Р. Жўраев, Ж. Мустафоқулов, Ж. Раҳимов, С. Раҳимов, О. Раҳмонқулов, А. Ҳамдамова, Д. Содиқова, Т. Отажонов, Б. Дадажонов ва У. Ўринбоев паспорт олиш учун турли миқдорда пул тўлаганини маълум қилган бўлишса-да, пулларни айнан С. Исмоиловга бермаганини таъкидлашди.
Бундан ташқари Риштон тумани молия бўлими ва Давлат солиқ инспекцияси томонидан маъмурий жаримага тортилган фуқаролардан тушунтириш хати олиниб, улар Жиноят кодексининг 238 ва 240-моддалари асосан жавобгарликка тортилиши тўғрисида огоҳлантирилган бўлса-да, тўланган пулларга оид чипталар ва ишга алоқадор бошқа молиявий ҳужжатлар ашёвий далил тариқасида жиноят иши ҳужжатларига қўшилмаган. Кейинчалик ушбу тушунтириш хатларини берган фуқаролар сўроқ қилиниб, уларнинг сўроқ баённомаларидаги кўрсатмаларининг ишга алоқадорлиги ва мақбуллиги таниб олиш учун кўрсатиш, юзлаштириш, кўрсатмаларни ҳодиса жойида текшириш ва бошқа процессуал ҳаракатлар билан тасдиқланмаган. Қолаверса, С. Исмоиловнинг 453 нафар фуқародан ундирилган 54 133 400 сўм маъмурий жаримани банкка кирим қилмаганини тасдиқловчи ишга алоқадор, ишончли ва мақбул далиллар жиноят ишида мавжуд эмас. Апелляция инстанцияси судида ҳам бундай далиллар аниқланмади.
Бундан ташқари Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси «Хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш» бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган О. Солиев иш фаолияти давомида С. Исмоиловга тазйиқ ўтказмагани, ундан пора тариқасида пул олмагани, текшириш ноқонуний ўтказилганини билдирди. Буни катта инспектор Б. Жиянбоев ҳам тасдиқлади. Ана шу асосларга таянган Фарғона вилояти суди жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2016 йил 15 апрелдаги ҳукмининг С. Исмоиловга оид қисмини бекор қилган ҳолда уни айбсиз деб топиб, оқлади.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, судлар томонидан оқлов ҳукми ва ажримларининг чиқарилаётганини мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида кечаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси сифатида эътироф этиш жоиз. Чунки ҳар бир оқлов ортида бир инсон тақдири, унинг шаъни, қадр-қиммати, оиласи, маҳалла-куй, қариндош-уруғ, элу юрт олдидаги обрў-эътибори мужассам. Бош қомусимизнинг 13-моддасида таъкидланганидек, мамлакатимизда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Оқлов эса, ана шу қадриятларга содиқликнинг амалдаги ифодасидир.
Тўлқинжон ТЎРАҚУЛОВ,
Фарғона вилояти
суди судьяси
Фикр қолдириш