ДИЁНАТСИЗЛИК ЖАЗОСИ ЁКИ МИРЗО УЛУҒБЕКНИНГ АДОЛАТПАРВАРЛИК ЙЎЛИДАГИ ТАДБИРИ

Буюк темурийзода ҳукмдор, фалакиётшунос олим Мирзо Улуғбек (1394-1449) ўз даврида адолат ва инсонпарварлик бобида ҳам ибратли ишларни амалга оширган. Унинг мамлакатда адолат барқарорлигини таъминлашга интилганига кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Масалан, машҳур тарихчи Зайниддин Восифий ўз асарида Мирзо Улуғбекнинг эзгу ишлари ва фазилатлари ҳақида фикр юритиб, бир ибратли воқеани баён этган.

Бир куни Мирзо Улуғбекнинг ҳузурига номаълум шахс келиб арз қилади:

— Ҳукмдорим! Бундан олти ой олдин Рум тарафларга сафарга кетишдан олдин беш минг ақча пулимни шаҳардаги бирон кимсага бериб кетишга қарор қилдим. Сўнгра «шаҳарда савдогардан бошқа диёнатли ва инсофлироқ одам бўлмаса керак», деган хаёлда пулни офтобага солдим ва оғзини маҳкам беркитиб, бир савдогарга топширдим. Сафардан қайтгач, савдогарникига бориб омонатимни талаб қилсам, у ўзини танимасликка олиб, пўписа қилди.

Бу воқеани эшитган Мирзо Улуғбек унга шундай дейди:

— Эртага савдогарникига бормоқчиман. Сен ҳам бор ва мени кутиб тур. Савдогарникидан чиқиб отга минаётганимда менинг олдимга келиб, бўлган воқеани баён қил.

Эртаси куни Мирзо Улуғбек савдогарни ҳузурига чақиртиради:

— Эй, савдогар! Мен кўп миқдорда олтину жавоҳир тўпладим. Қазо қилсам, фарзандларим оғир аҳволга тушиб қолса, шу бойлик уларнинг ёмон кунига яраб қолар. Шаҳарда бундай хазинани ишониб топширадиган бирон ишончли одам йўқ. Сени диёнатли инсон дейишади, шунинг учун хазинамни сенга омонат топширишга аҳд қилдим. Буни иккимиз билсак, бас!

Савдогар Мирзо Улуғбекдан бу гапни эшитиб, ич-ичидан суюнади, қувонганидан юраги ёрилишига сал қолади.

— Сен уйингга боравер, — дейди Мирзо Улуғбек қуллуқ қилаётган савдогарга. — Мен изингдан чиқиб, хазинани яширадиган жойни ўз кўзим билан кўриб келаман.

Шу тарзда Мирзо Улуғбек савдогарнинг уйига боради ва иккови «хазина»ни яширадиган жойни белгилашади. Ҳукмдор уникидан чиқиб, энди от­­га минаётганида савдогарга омонат қолдирган ҳалиги одам келиб, арзи ҳол қила бошлайди.

Бу ҳол савдогарни қўрқув ва ваҳимага со­лади. Ичида «Борди-ю, унинг даъвосини рад этсам, ҳукмдорнинг менга бўл­ган ишончи йўқолади.

Оқибатда арзимас беш минг ақча деб катта давлатдан қуруқ қоламан.

Яхшиси, шу каззобнинг омонатини қайтариб берай» деган қарорга келади ва ҳалиги одамга ўшқира бошлайди:

— Нега дод соласан? Қачон сен омонатингни мендан талаб қилдинг-у, мен йўқ дедим? Диёнатли бир савдогарга туҳмат қилишга уялмайсанми?

Шундан сўнг савдогар хизматкорига «Омонат фалон жойда турибди, уни манави одамга олиб чиқиб бер!», — деб буюрди.

Адолатпарвар Мирзо Улуғбек шундай одилона тадбир ишлатиб, савдогардан омонатчининг пулини олиб беради. Диё­натсиз савдогарга «хазина»ни топшириш ўрнига уни жазолайди. Бу воқеа тезда халқ орасида тарқалиб, бора-бора ривоятга айлани кетган экан…

Халқимиз тарихидаги бундай хайр­­ли­ воқеалар ҳозирги вақтда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Шу боис улар ёш авлод учун ҳамиша ибрат намунаси ҳисобланади.

Рустам Жабборов,

филология фанлари

бўйича фалсафа доктори

 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: