НОТЎҒРИ ТУЗИЛГАН БАЁННОМА МАЪНАВИЙ ЗАРАРГА САБАБ БЎЛДИ

Қува туманида яшовчи Аҳмадулло Бозоров 2021 йил 8 декабрь куни соат 1255 ларда Фарғона шаҳридаги кўчанинг пиёдалар йўлаги ёнида «Нексия» русумли автомашинасини қолдириб, шахсий ишларини битириш учун кетади.

Аммо у қайтиб келгач, Фарғона вилояти ИИБ ЙҲХБ 1-отряд инспектори Аброр Аҳмаджонов унга нисбатан маъмурий баённома тузганини айтади.

Инспектор бунга сабаб сифатида «Йўл ҳаракати қоидалари»нинг 91-банди, яъни автомашинасини тўхташ та­қиқланган 3.27 йўл белгиси ёки 1.4 йўл чизиғи таъсири оралиғида қолдирганини асос қилиб келтиради.

Аслида А. Бозоров қоидани бузмаганди. Шу боис А. Аҳ­мад­жоновга шуни тушунтиришга ҳаракат қилади, аммо фойдаси бўлмайди. Оқибатда маъмурий баённома Фарғона шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими томонидан судга тақдим этилмай ҳайдовчидан жарима ундириб олинади.

Бундан норози бўлган А. Бозоров ўзининг ҳақлигини исботлашга киришади. Аниқроғи, у маъмурий баённомани бекор қилишни сўраб, жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судига ариза билан мурожаат қилади.

Албатта, суд унинг аризасида келтирган важларини атрофлича ўрганиб чиқди. Натижада суднинг 2021 йил 27 декабрдаги қарори билан ҳайдовчининг аризаси қаноатлантирилиб, инспектор томонидан тузилган UZ-20-серияли 40-135110-рақамли маъмурий ҳу­қуқбузарлик тўғ­рисидаги баённома бекор қилинди, ушбу иш эса, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддаси 1-банди асосида иш юритишдан тугатилди.

Бир қарашда ҳаммаси ўр­нига тушгандек кўринади. Лекин А. Бозоров инспекторнинг хатоси билан ноқонуний жавобгарликка тортилгани, бунинг оқибатида ўзи ва оила аъзолари руҳий азоб чекканини қайд этиб, А. Аҳмаджоновдан маънавий зарар ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига даъво аризаси киритди.

Дарҳақиқат, суд юқорида баён этилган ҳолатлардан келиб чиқиб, А. Бозоровга маънавий зарар етган деб топди. Ҳақиқатан ҳам, қонунга хилоф тарзда маъмурий жазо қўлланиши ҳар қандай кишининг соғлиғига путур етказади, руҳий жиҳатдан азоб беради.

Маънавий зарарни қоплаш амалдаги қонунларимизда ҳам аниқ белгиланган. Жумладан, Фуқаролик кодексининг 1021-моддасига мувофиқ, маънавий зарар уни етказувчининг айби бўлган тақдирда, зарар етказувчи томонидан қопланиши лозим. Шунингдек, Олий суд Пленумининг 2000 йил 28 апрелдаги «Маънавий зарарни қоплаш ҳақидаги қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғ­риси­да»ги қарори 3-бандида эса, «Амалдаги қонунга кў­ра, (Фуқаролик кодексининг 1021-моддаси) маънавий зарар етказганлик учун жавобгарликнинг келиб чиқишига асос бў­лувчи шартлардан би­ри зарар етказувчининг айби бў­­­лиши ҳисобланади» деб белгиланган. Бу ўринда Аброр Аҳмаджоновнинг ҳайдовчига нисбатан ноқонуний маъмурий баённома тузгани унинг айбидир. Шунинг учун суд жавобгарнинг шароитини, оилада ёлғиз боқувчи эканини ино­батга олган ҳолда даъвони қис­ман қаноатлантириб, А. Аҳ­маджо­нов­дан А. Бозоров фойдасига 3 миллион сўм маънавий зарар ундириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Аммо А. Аҳмаджонов суд қа­роридан норози бўлиб, Фарғона вилояти судига апелляция шикояти билан мурожаат қил­ди.

Айтиш керакки, Президен­ти­мизнинг 2017 йил 29 ноябр­да имзоланган «Ички ишлар органлари кадрлари билан ишлаш ва уларнинг хизматини ташкил этиш тартибини тубдан такомиллаштириш чо­ра-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган «Ички ишлар ор­ганларининг интизом Устави» 47-бандига биноан, амалдаги интизомий жазо бор-йўқлигидан қатъи назар, хизмат интизомини қў­пол равишда бузган ходимга нисбатан ички ишлар ор­ган­лари хизматидан бўшатишгача бўлган ҳар қандай интизомий жазо қўл­ланилиши мумкин. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини бузишга, одамларнинг ҳаёти ва (ёки) соғлиғига хавф туғдиришга олиб келувчи хатти-ҳаракатлар содир этиш (агар бу жиноий жавобгарликка сабаб бўлмаса) хизмат интизомини қўпол равишда бузиш ҳисобланади.

Бундан ташқари Фуқаролик процессуал кодексининг 71-моддасига мувофиқ, тарафларнинг талаблари ва эътирозларини асослайдиган ҳолатларнинг мавжудлиги ёки мавжуд эмаслигини суднинг қонунда белгиланган тартибда аниқлашига асос бўладиган ҳар қандай фактик маълумот ва ишни тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳолатлар фуқаролик иши бўйича далиллардир. Бу маълумотлар тарафлар ва учинчи шахс­ларнинг ҳамда улар қонуний вакилларининг тушунтиришлари, гувоҳларнинг кўрсатмалари, ёзма ва ашёвий далиллар, экспертларнинг хулосалари, мутахассисларнинг маслаҳатлари (тушунтиришлари) билан аниқланади. Ана шу асосларга таянган суд биринчи инстанция судининг қарорини ўзгаришсиз, апелляция ши­коя­тини қаноатлантирмасдан қолдириш хусусида ажрим чиқарди.

Шу тариқа Аҳмадулло Бозоровнинг бузилган ҳуқуқи тикланди. Бу мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг самарасидир.

Раҳимжон ҚОСИМОВ,

Фарғона вилояти суди судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: