ЖАЗАВА ҚУРБОНЛАРИ ЁХУД ПАРОКАНДА БЎЛГАН ОИЛА
«Эр-хотиннинг уруши — дока рўмолнинг қуриши», дейди доно халқимиз. Бу— оилада эр-хотин ўртасидаги жанжал шунчаки ўткинчи ҳолат эканига ишорадир.
Аммо Фурқат туманида яшовчи эр-хотин Зоҳид Қўлдошев ва Лазиза Қўлдошева (исм-шарифлари ўзгартирилган) нинг навбатдаги жанжали бундай бўлмади. Аксинча, фожиали якун топди.
Гап шундаки, улар 2006 йилда шаръий никоҳ асосида оила қуришади. 2007 йилда тўнғичи Искандар, 2013 йилда эса кичик ўғил Равшан туғилади.
Шундан сўнг Зоҳид ишлаш учун хорижга жўнаб кетади. Чет элда ишлаб юрган кезларида Лазиза унга хиёнат қилаётганидан хабар топади. Аниқроқ айтганда, телефон орқали мулоқотларнинг бирида ўғли Искандар уйга бегона кишилар келиб кетганини маълум қилади. Шу боис юрагини шубҳа-гумон эгаллаб, тезда ортига қайтади. Пировардида оилада кунда-кунора жанжал чиқадиган бўлиб қолади. Бир гал Лазизанинг тилига эрк бериб, фарзандларининг отаси бошқа эканини айтгани эса, гўё оловга мой қуйгандек бўлади.
Шу йилнинг 4 май куни эр-хотин Олтиариқ туманидан сотиш учун мева олиб келишаётганда Зоҳиднинг бошқарувидаги «Жигули» русумли автомашинаси «Дамас» автомашинаси билан тўқнашиб кетиб, йўл-транспорт ҳодисаси юз беради.
Иккала ҳайдовчи зарар миқдорини тахминан бир ярим миллион сўм этиб белгилашади. Келишувга биноан, эртаси куни «Дамас» автомашинаси эгаси пулни олиш учун З. Қўлдошевнинг уйига боради. Шунда Зоҳид жабрланувчига беш юз минг сўм пул бермоқчи бўлганда Лазиза тағин жанжал бошлайди.
Вазият шу қадар чигаллашадики, жазавага тушган аёл эрига пичоқ билан тан жароҳати етказишгача боради. «Дамас» ҳайдовчиси ички ишлар ва тиббиёт ходимларига хабар беради. Ушбу чақирувга биноан тез фурсатда етиб келган тиббиёт ходимлари Зоҳидни шифохонага олиб кетишади.
Орадан 5 кун ўтгач, З. Қўлдошев шифохонадан чиқади. Тушликка яқин Лазиза унга акасиникига бормоқчилигини айтади. Зоҳид автомашинасида хотинини Қўқон шаҳрида яшовчи қайноғасиникига олиб бориб қўяди. Бироқ елкасидаги жароҳати оғриётгани боис у дарҳол ортига қайтади. Уйига келгач, ўғлига беш юз минг сўм олиб, дорихонага боришини айтади.
Ўша куни кечки пайт Зоҳид онасининг тоби қочгани учун шифокорларни чақиради. Шу пайт Лазиза уйга кириб келиб, яна эски дийдиёсини бошлайди.
«Тез ёрдам» ходимларининг олдида ўзини беҳурмат қилгани Зоҳиднинг жаҳлини чиқаради.
— Пул топиладиган нарса-ку? Соғлиғимга арзимайдими беш юз минг? — дейди Зоҳид хуноби ошиб.
Аммо аёл эрини ҳақоратлашда давом этади. Тоқати тоқ бўлиб, сабр косаси тўлган Зоҳид болтага соп қилиш учун олиб келиб қўйган ёғоч бўлаги билан хотинининг бошига кетма-кет зарба беради. Лазиза ҳушини йўқотиб, ерга йиқилгач, ўғлининг отаси бошқа экани ҳақидаги иддаолари эсига тушиб, энди Искандарга ташланади. Шафқатсизларча урилган ёғоч зарбидан она-бола дунёдан бевақт кўз юмади.
Қотил эса, кўчага чиқиб, қўшни қишлоққа йўл олади ва ўша ердаги дўконда тун бўйи ичкиликбозлик қилади.
Зоҳидга қўшни бўлиб яшовчи опаси Сожида эрталаб профилактика инспекторига содир этилган қотиллик ҳақида хабар беради. З. Қўлдошев шу куниёқ қўлга олинади ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.
Яқинда ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судида кўриб чиқилди. Суд З. Қўлдошевни Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “а”, “ж” бандлари билан айбдор деб топиб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Оила — муқаддас маскан, ўзаро ҳурмат-иззат, аҳиллик ва самимият унинг таянч устунидир. Шу боис оилавий қадриятларга беписанд муносабатда бўлиш, жаҳл жазавасига тушиш нафақат оилани барбод қилади, балки оғир фожиаларни келтириб чиқаради. Юқорида баён этилган воқеа ҳам бу фикрни тўлиқ тасдиқлайди.
Айтмоқчимизки, инсоннинг бутун борлиғи акс этган оилани асраб-авайларканмиз, бу эзгу амал орқали ўзлигимизни, миллий қадриятларимизни, фарзандларимиз келажагини ҳам ҳимоя қилган бўламиз.
Буни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак.
Элёр ҲАКИМОВ,
жиноят ишлари бўйича
Қўқон шаҳар суди судьяси,
Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист
Фикр қолдириш