КОНСТИТУЦИЯ ВА ОДИЛ СУДЛОВ ҲУҚУҚИ

Кенг қамровли демократик ислоҳотлар натижасида жадал ривожланаётган Янги Ўзбекистоннинг халқаро обрўси ва нуфузи юксалиб бормоқда. Ҳар бир соҳада адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, инсон қадрини юксалтириш, унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, суд тизимида одиллик ва шаффофлик мезонларини янада мустаҳкамлаш — амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган энг асосий мақсадлардан саналади. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, «мустақил ва кучли суд ҳокимияти инсон ҳуқуқлари, демократия ва қонунийликни қарор топтиришнинг асосий шартидир».

МУСТАҚИЛ СУД ҲОКИМИЯТИНИНГ КОНСТИТУЦИЯВИЙ АСОСЛАРИ

Истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ демократик ҳу­қуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти барпо этишни ўз олдига мақсад қи­либ қўйган мамлакатимизда ҳокимиятлар бўлиниши ва мус­тақил суд ҳокимиятининг вужудга келиши энг улкан қа­дамлардан бўлди. 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Конституциясининг 11-моддасида белгиланганидек, «Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими — ҳокимиятнинг қонун чи­қарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади».

Конституциянинг алоҳида бир боби бевосита суд тизимига бағишланган.

Ушбу ХХII боб «Ўзбекистон Республикасининг суд ҳокимияти» деб номланади ва 11 та (106-116-моддалар) моддани ўзида қамрайди.

Конституциянинг 112-моддасига кўра, судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фао­лия­тига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қо­нунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Судьяларнинг дахлсизлиги қонун билан кафолатланади.

Мамлакатимизда суд ҳокимияти ва судьялар мустақиллигининг ҳуқуқий-ташкилий асослари яратилган. Хусусан, «Судлар тўғрисида»ги қонуннинг 9-моддаси «Судьяларнинг мус­тақиллиги» деб номланган.

Энг муҳими, Ўзбекистон Конс­титуциясида «Инсон ва унинг қадр-қиммати» деган улуғ тушунча — ҳуқуқий қадрият марказий ўринга қўйилган. Бош қомусимиз Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа асосий халқаро ҳужжатлар талабларига тў­лиқ мос ҳолда, инсоннинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳамда маданий ҳуқуқларини кафолатлаб берди.

«Судларни адолат ҚЎрҒонига айлантирайлик»

Мустақиллик йилларида юртимизда суд тизимини либераллаштириш ва инсонпарварлаштиришга қаратилган туб ислоҳотлар, ўлим жазосини бекор қилиш, суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш, «Хабеас корпус» институтини жорий қилиш, адвокатуранинг ролини ошириш соҳаларида муҳим қадамлар қўйилди. Айниқса, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегияси ва Тараққиёт стратегияси доирасида айни йўналишда улкан тарихий натижаларга эришилди.

Бу ҳақда сўз борганда, давлат раҳбарининг 2017 йил 13 июнда мамлакатимиз судьялари билан бўлиб ўтган учрашуви — тарихда илк бор Ўзбе­кис­­тон Президентининг мамлакат судьялари билан бўлиб ўт­ган учрашувини алоҳида таъкидлаш лозим. Зеро, айнан уш­бу учрашувда юртимизнинг 1 минг 300 нафар судьяси олдига «Судларни адолат қўрғонига айлантирайлик», деган талаб қўйилди.

Президентимиз «Судьянинг онгида — адолат, тилида — ҳақиқат, дилида — поклик бў­лиши керак!», деган ғояни ҳам худди шу мулоқот асносида илгари сурди. Бинобарин, ушбу чорлов улуғ аждодимиз Амир Темур томонидан Оқсарой деворларига муҳрланган «Адолат — давлатнинг асоси ва ҳукмдорлар шиори!», деган шиорнинг нафақат ҳамоҳанг, айни чоғда, янада чуқур мазмундаги ифодасидир.

Давлатимиз раҳбари томонидан суд идорасига иши тушган ҳар бир шахс ушбу даргоҳда қонун ва адолат устувор эканига ишонч ҳосил қилиши лозим, деган ҳақли талаб кун тартибига қўйилди. Бунинг учун ҳар қандай баҳсли масалага адолатли ечим фақат одил суд томонидан топилиши керак.

Судьялар ишига ҳар қандай аралашув кескин жазоланиши, уларнинг хавотирсиз ишлашлари учун барча зарур шароит яратилиши даркор. Суд тизимидаги ислоҳотлар давом эттирилиши борасида белгилаб берилган устувор вазифалар судьялар ҳамжамияти учун дас­туриламал бў­лиши шарт.

Шу негизда Ўзбекистон суд тизимида шиддатли ўзгаришлар бошланиб кетди. Авваламбор, сўнгги йилларда судларнинг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлаш йўлида муҳим қадамлар қўйилди.

Суд ва судьялар фаолиятининг турли соҳаларида ечимини кутаётган бир қатор муаммолар бор. Бу муаммолар соҳа экспертлари томонидан ўрганилди ва уларни ҳал этиш бў­йича муайян амалий таклифлар ишлаб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, адолат ва қо­нун устуворлиги — халқчил давлат қу­риш, инсон қадр-қимматини таъминлашнинг энг асосий ва зарур шартидир. Ўтган даврда Ўзбекистонда бу борада катта ишлар амалга оширилди. Айни вақтда одил судлов тизимининг чинакам мустақиллиги ва очиқлигини таъминлаш, ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятини такомиллаштириш, адвокатура институтини кучайтириш, ушбу соҳалар фаолиятини рақамлаштириш бўйича олдимизда кўпгина вазифалар турибди.

Янги Ўзбекистон тараҚҚиёт стратегияси ва одил судловга эришиш истиҚболлари

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси Ҳаракатлар стратегиясининг узвий давомидир. Унда бу­гунги глобал ўзгаришлар, аҳоли турмуш тарзи, ҳаёт талаби ва қадриятларимиздан келиб чиққан ҳолда еттита устувор йўналишдаги мақсад ва вазифалар белгиланган.

Тараққиёт стратегиясидаги ҳар бир вазифа ва мақсад 2021 йилда бўлиб ўтган Президент сайлови жараёнларида бевосита фуқаролар иштирокида муҳокамадан ўтказилиб, ҳаётий таклиф ва ташаббуслар билан тўлдирилган, бошқача айтганда, халқимиз билан бамаслаҳат ишлаб чиқилган. Шу маънода, ислоҳотларни янги бос­қичда давом эттириш, аввало, халқимизнинг хоҳиш-иродасидир.

Тараққиёт стратегияси 100 та устувор мақсадни ўзида мужассам этган бўлса, шундан суд ислоҳотлари билан боғлиқ бандлар бевосита иккинчи йўналиш доирасида белгиланган. Бу устувор йўналиш «Мамлакатимизда адолат ва қо­нун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш» деб номланган.

Хусусан, «Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўр­натиш ҳамда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш» номли 15-мақсадга эришиш учун:

маъмурий судларда мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш орқали суд назоратини қўллаш соҳасини кенгайтириш;

«Хабеас корпус» институтини янада ривожлантириш орқали тергов устидан суд назоратини кучайтириш;

суд процессида томонларнинг ҳақиқий тенглик ва тортишув тамойилларини рўёбга чиқариш;

судлар тизимида «Ягона дарча» тамойилини кенг жорий этиш мақсадида аризаларни судга тааллуқлилигидан қатъи назар қабул қилиш ва ваколатли судга юбориш ҳам­да муайян иш доирасида барча ҳуқуқий оқибатларни ҳал қилишни таъминлаш тизимини жорий этиш;

суд тизимини босқичма-босқич рақамлаштириш, бюрократик ғов ва тўсиқларни бартараф этиш орқали фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини тубдан ошириш;

низоларни ҳал этишнинг муқобил усулларидан кенг фойдаланиш учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратиш, ярашув институтини қўллаш доирасини янада кенгайтириш;

суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашда судьялар ҳамжамияти органларининг ролини янада ошириш, судьяларнинг ўзини ўзи бошқариш тамойилини кенг жорий этиш ҳамда судьяларга ғайриқонуний тарзда таъсир ўтказишнинг олдини олиш бўйича таъсирчан механизмларни яратиш;

судьялар корпусини шакл­лантиришда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, суд тизимидаги раҳбарлик лавозимларига тайинлашда сайланиш ва ҳисобдорлик каби демократик тамойилларни жорий этиш;

суд тизимини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш иш­­­ларини амалга ошириш сингари муҳим вазифалар изчиллик билан бажарилмоқда.

Шунингдек, Тараққиёт стратегияси мақсадларини рўёбга чиқариш учун 2022 йил — «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширилиши кўзда тутилган жами 398 та чора-тадбир ва уларни бажариш муддатлари Давлат дастурида аниқ қилиб белгилаб қўйилган.

Давлат дастурида Ўзбекистон Ресубликаси Олий судига юклатилган жами 9 та банддаги чора-тадбирлар ижросини ўз вақтида, тўлақонли, пухта ва самарали таъминлаш алоҳида диққат марказида турибди.

Ушбу вазифалар ҳаётимизга чуқур татбиқ этилиши натижасида мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қиладиган «Янги Ўзбекистон — халқчил ва инсонпарвар давлат» ғоя­си амалга оширилади. Жумладан, бунда суд тизимининг роли ва масъулияти янада кучаяди.

СУД ВА ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ

Бу ўринда дастлаб судьяларнинг ўзини ўзи бошқаришига тааллуқли муаммоларга тўхталиш лозим, деб ўйлайман. Янада аниқ қилиб айтганда, «Судьялар ҳамжамияти тўғ­рисида»ги қонунни ишлаб чиқиш лозим, деган фикрдаман.

Бундай янги қонун асосида судьяларнинг ўзини ўзи бошқариш тартиби ва шаклларини жорий қи­лиш мумкин бўлади. Қонунда, жумладан, судьялар съезди, конференцияси, кенгаши, умумий йиғилиши, малака ҳайъати ҳақидаги нормалар ўз аксини топади.

Маълумки, яқинда 1997 йилда ташкил этилган Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси ташкил топганининг 25 йиллиги нишонланди. Уш­бу нодавлат нотижорат ташкилоти судьяларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, суд ҳоки­мия­тининг нуфузини оширишда муҳим ўринга эга. Ўтган давр­да Ассоциация суд ҳокимиятини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўша оладиган мус­тақил жамоат ташкилоти сифатида шаклланди.

Энг асосийси, мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бошланган тарихий ислоҳотларни амалга ошириш, одил судлов сифати ва самарадорлигини таъминлаш, малакали судьялар корпусини шакллантириш, суд ҳокимиятининг нуфузини юксалтириш, бир сўз билан айтганда, судларни том маънода «Адолат қўрғони»га айлантиришда ўз сафида минг­дан ортиқ аъзони жамлаган Ўзбекистон Судьялари ассоциа­ция­сининг ҳам муносиб ўрни бор.

Яқинда бўлиб ўтган Ўзбекис­тон Судьялари ассоциациясининг VI съездида Ассоциация раислигига кўп йиллар давомида шу лавозимда фаолият юритиб келаётган Убайдулла Минг­боев номзоди маъқулланди. Съезднинг 16 нафар делегати Ассоциация Марказий кенгашига аъзо, яна 3 нафар номзод Тафтиш комиссияси аъзоси бўлди. Ушбу янгиланган раҳбарий таркиб Ўзбекистон Судьялари ассоциациясининг ривожланиш стратегиясини тайёрлаш масаласини кўриб чиқиши керак, деган фикрдамиз.

Шунингдек, Ўзбекистон Судья­лари ассоциацияси келгуси йил 70 йиллигини нишонлайдиган Судьяларнинг халқаро ассоциацияси билан ҳамкорликни ривожлантириши зарур. Буларнинг барчаси, ўз навбатида, Ассоциация­нинг «Инсон қадри учун» ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантиришга кў­маклашиши ҳамда судьялар фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қи­лишга йўналтириши учун янада кенг йўл очади.

Бинобарин, судьяларни ватанпарвар, адолатни чуқур ҳис этадиган ва унга ўз фаолиятида доимо қатъий амал қиладиган руҳда тарбиялаш, уларнинг билими ва касбий маҳоратини мунтазам равишда ошириб боришни ташкиллаштириш ни­ҳоятда долзарб масаладир. Бунинг учун, жумладан, судьялар ҳамжамияти органларининг суд тизимини такомиллаштириш борасидаги ҳаракатларини изчил уйғунлаштириш ва ягона мақсадга йўналтириш, аҳоли ўртасида суд ҳо­кимиятининг нуфузи ва обрў-эътиборини оширишга қаратилган чора-тадбирларни мунтазам равишда ташкил этиш тақозо этилади.

Навбатдаги муаммо — судья­ларнинг ўртача иш ҳаж­ми ортиб кетганига бориб тақалади. Бу муаммони ҳал қи­лиш учун судьялар сонини бос­қичма-босқич ошириб бориш тавсия этилмоқда.

Хорижий мамлакатлар тажрибаси бундай ечим асосли эканини кўрсатмоқда. Хусусан, айни вақтда 100 минг аҳолига судьялар сони Германияда 24 нафар, Россияда 18 нафар, Қозоғис­тонда 16 нафар, Қирғизистонда 7,3 нафар, Тожикистонда 5 нафарни ташкил этади.

Ўзбекистонда бу кўрсаткич 3,7 нафардан иборат, холос.

Қолаверса, мамлакатимизда суд фаолиятини рақамли технологиялар ёрдамида онлайн таҳлил қилиш амалиёти йўлга қўйилмаган. Бу муаммога яқин йилларда Олий суд биносида Вазиятли марказ яратиш йўли билан мақбул ечим топиш мумкин.

Ҳозирга қадар юртимизда суд-ҳуқуқ йўналиши бўйича ихтисослашган оммавий ахборот воситалари вакиллари етишмайди. Юридик журналистика давр талаблари даражасида ривожланмаган. Шунинг учун Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида суд-ҳуқуқ йўналиши бўйича махсус кафедра ҳамда Тошкент давлат юридик университетида «Одил судлов» кафедрасини ташкил этиш муҳим аҳа­миятга эга.

Бундай кафедраларнинг фао­лия­ти йўлга қўйилгач, оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга доир маълумотларни аҳолига малакали тарзда етказиш имконияти туғилади. Шу билан бирга, журна­лист­ларнинг ушбу соҳадаги кўникмасини оширишга йўл очилади.

ОДИЛ СУДЛОВ ВА ХАЛҚАРО ҲУҚУҚ

Мамлакатимизда одил судловни амалга оширишга қаратилган халқаро ҳуқуқ нормаларини бажариш масаласи алоҳида эътиборда турибди.

Сўнгги йилларда бу борада:

биринчидан, юртимизда Бизнес-Омбудсман ва Болалар Омбудсмани ташкил этилди. Бизнес-Омбудсманга иқтисодий ишлар бўйича, шунингдек, маъмурий ишлар бўйича биринчи инстанция судининг тадбиркорлар фаолияти билан боғлиқ қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти тақдим қилиш ҳуқуқи берилди. Эндиликда кассация шикояти апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинганидан кейин 1 йил ичида берилиши мумкин;

иккинчидан, суд ҳокимиятини демократлаштириш, барча фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, инсонпарварлик, адолат тамойилларини ҳаётга татбиқ этиш, суд ҳокимиятининг мустақиллигини, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини ошириш, «Хабеас корпус» институтини кенгайтириш, суд тизимини мустаҳкамлаш, шунингдек, тергов жараёнида суд назоратини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўрилди;

учинчидан, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, низоларни судгача ҳал этиш, тарафларни яраштиришда адвокатларнинг ваколатлари сезиларли даражада кенгайди. Суд ишларининг адолатлилиги, очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш учун «электрон адолат» тизими жорий этилди;

тўртинчидан, жабрланувчилар, гувоҳлар ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тизими яратилди. Нодавлат суд-экспертиза ташкилотларини тузишга йўл очилди, соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ва чора-тадбирлари белгиланди. Бугунги кунда тинтув, воқеа жойида олинган кўрсатмаларни текшириш, тергов эксперименти каби процессуал ҳаракатларни видеотасвирга олиш орқали мажбурий қайд этиш талаблари қонун билан мустаҳкамланган;

бешинчидан, маъмурий, жиноий, жиноий-процессуал, жиноий-ижроия, фуқаролик ва иқтисодий қонунчилик такомиллаштирилмоқда. Жамоат бирлашмалари кафолати остида шахсларни афв этиш ва жазодан озод қилишнинг мутлақо янги тизими жорий этилди. «Жаслиқ» ихтисослаштирилган колониясининг ёпилиши муҳим воқеа бўлди;

олтинчидан, фуқаролар ҳу­қуқлари ва манфаатларини, қаерда бўлишларидан қатъи назар, ҳимоя қилиш ва уларнинг Ўзбекистонга қайтиши учун барча зарур шароитлар яратилган. Мисол сифатида Яқин Шарқ ва Афғо­нис­тондаги қуролли можаролар ҳудудларидан 541 нафар фуқаро, асосан, аёллар ва болаларнинг Ватанимизга қайтариб келтирилганини айтиш мумкин.

КОНСТИТУЦИЯВИЙ ИСЛОҲОТ ВА СУД ТИЗИМИ

Сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилган кенг кўламли ва изчил демократик ислоҳотлар натижасида Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг мус­таҳкам сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, илмий-маърифий ва маънавий-маданий асослари яратилди.

Кундалик ҳаётимизда «инсон ҳуқуқ ва эркинликлари», «қонун устуворлиги», «очиқлик ва ошкоралик», «сўз эркинлиги», «дин ва эътиқод эркинлиги», «жамоатчилик назорати», «гендер тенглик», «хусусий мулк дахлсизлиги», «иқтисодий фаолият эркинлиги» каби фундаментал демократик тушунчалар ва қадриятлар реал воқеликка айланди. Жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий қиёфаси шиддат билан ўзгармоқда.

«Инсон қадри учун» тамо­йи­ли асосида халқимиз фаровонлигини янада ошириш, тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўз­сиз таъминлаш ҳамда кучли фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотлар давлат сиёсатининг устувор йўналишлари сифатида белгиланди.

Дастлаб Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва тасдиқланган «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси» доирасида Конституциямиз нормалари янада такомиллаштирилди.

Ўз навбатида, давлатимиз раҳбари илгари сурган «2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўз­бекистоннинг тарақ­қиёт стратегияси»ни амалга ошириш асносида изчил конс­титуциявий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотнинг бош ғоявий илҳомлантирувчиси, шубҳасиз, Президентимиз Шавкат Мирзиёев, асосий ташаббускори эса мамлакатимиз аҳолисининг кенг қатламидир.

Буларнинг барчаси бежиз эмас. Чунки замонавий глобаллашув шароитида бутун дунё мамлакатлари жадал тарз­да конституциявий ривожланишнинг ўз моделини изламоқда. Шу билан бирга, Конс­титуция давлатнинг сиёсий ва ижтимоий барқарорлигини таъминлашнинг асосий омилларидан бири бўлиб қолмоқда. Бунда конс­титуциявий тамойиллар:

биринчидан, инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини кенгайтириш (шахс конституцияси);

иккинчидан, «жамоат ҳу­қуқ­лари», «умумжамият ҳу­қуқ­лар»нинг ҳи­моясини мустаҳкамлаш, яъни фуқаролик жамияти институтларини мувофиқлаштириш, ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш (жамият конституцияси);

учинчидан, давлат ҳоки­мия­ти ва бошқаруви органлари тизимини ташкиллаштириш, бевосита демократия шакллари билан уйғунлашган вакиллик демократиясини (сайлов, референдум, умумхалқ муҳокамаси) такомиллаштириш, ҳокимият ваколатларини бў­лиш, жумладан, қонунчилик ва ижроия ҳокимияти ўртасидаги ўзаро назорат ва мувозанатни сақлаш ҳамда суд органлари мустақиллиги тамойилини қўллаш, мансабдор шахсларнинг масъулияти ва ҳисобдорлигини янада ошириш (давлат конс­титуцияси) мезонларини кўзда тутади.

Конституциявий ислоҳот бар­қарор ривожланишнинг зарур юридик заминидир. Хусусан, у ҳо­кимият тармоқлари ўртасида ўзаро назорат ва мувозанатни сақлаш тизимини мустаҳкамлашга, ҳисобдорлик, шаффофлик, иштирок ва келажакни кў­ра билишни оширишга кўмаклашувчи конституциявий «қои­далар»ни ўзгартириш йўли билан «самарали бошқа­рув­нинг» ҳаётий аҳамиятга эга инструменти бўлиши мумкин.

Бошқарувнинг сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган ўзгаришлар сиёсий тизим барқарорлигига имкон беради. Бу, ўз навбатида, иқтисодиёт учун фойдали бўлиб, инвестиция ва тараққиёт учун барқарор замин яратади.

Дунёдаги конституциявий ўзгаришларни ўрганиш ўзига хос жиҳатни — давлат Бош қо­нунини замон талабларига мослаштириш, унинг вужудга келаётган даъватларга жавоб бериш қобилиятини ошириш заруратини намоён қилмоқда. Жаҳон замонавий конституция­вий ривожланишининг устувор тенденциялари қуйидагиларга жамланмоқда:

конституциявий ислоҳотларнинг тизимлилиги. Улар сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва гуманитар соҳалар, шунингдек, конституциявий ислоҳотлар билан модернизация жараёнларининг ўзаро боғлиқлиги ва ўзаро шартланганлиги;

конституциявий тартибга солишнинг кенгайиши, давлат ҳокимияти механизмини ис­лоҳ қилиш ва бошқарув шаклини ўзгартириш;

конституциявий кўлам соҳасини ривожлантириш, ҳуқу­қий суверенитетни мустаҳкамлаш ва давлат конституциявий ўзига хослигини белгилаш;

инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг суд ҳимоясини ошириш, конс­титуциявий одил судлов ваколатини кенгайтириш, фуқароларга Конституциявий судга бевосита мурожаат қи­лиш ҳуқуқини бериш;

конституциявий ҳуқуқ ижодкорлигининг глобаллашуви, дунё давлатлари конституцияларида халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойил ва нормаларини акс эттириш;

давлат ва жамиятнинг конс­титуциявий ривожланишини экологиялаштириш, сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш принципини амалга ошириш;

рақамли ҳуқуқларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, ахборот жамиятини институтлаштириш, киберхавфсизликни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш.

Эътибор берилса, ушбу тенденцияларнинг барчаси, шуб­­ҳа­сиз, мамлакатимиздаги конс­титуциявий ислоҳотларнинг устувор йўналишлари билан уйғундир. Энг муҳими, Янги Ўзбекистонда суд тизими мустақиллигининг ян­гича конституциявий асослари шу каби илғор омилларга таянади.

Акмал САИДОВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича

                     Ўзбекистон Республикаси
 Миллий маркази директори

 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: