АДЛИЯ БОШҚАРМАСИ БОШЛИҒИ ЕТТИ ЙИЛДАН СЎНГ ОҚЛАНДИ
ТАЖРИБАЛИ ҳуқуқшунос Шавкат Ҳақназаровни мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизими ходимлари, хусусан, адлия органлари вакиллари яхши билишади. Салкам 40 йил мобайнида мазкур соҳада хизмат қилган бу инсон катта ҳаётий тажриба орттирган ва обрў-эътибор қозонган. Жумладан, дастлаб Янгиер шаҳар судининг судьяси вазифасида иш бошлаган. Кейинчалик Сирдарё вилоят суди судьяси, вилоят суди раиси биринчи ўринбосари, суд раиси, жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилоят суди раиси, Тошкент вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари вазифаларида меҳнат қилган. 2004 йил ноябрь ойида эса Жиззах вилоят адлия бошқармаси бошлиғи вазифасига тайинланган.
Шундан сўнг Ш.Ҳақназаров айни лавозимда салкам саккиз йил — 2012 йил май ойига қадар ишлади. Аммо…
Аммо бошқарма бошлиғининг бошига жиддий ташвиш тушди. Аниқроғи, унга нисбатан пора олиш, вилоятдаги давлат нотариал идоралари ва ФҲДЁ бўлимларининг янги биноси қурилишини тендер танловларисиз қурувчи корхона ва ташкилотларга топшириш ҳамда бошқа ҳаракатлари учун жиноят иши қўзғатилди. Оқибатда жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг 2012 йил 16 ноябрдаги ҳукмига биноан Жиноят кодексининг 205-моддаси, 2-қисми, “а, б”-бандлари ва 210-моддаси, 3-қисми, “б”-банди билан айбдор, деб топилиб, кодекснинг 45-моддасига мувофиқ 3 йил муддатга раҳбарлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан ҳамда 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Вилоят судининг кассация инстанцияси эса 2013 йил 23 майдаги ажрими билан юқоридаги ҳукмни ўзгаришсиз қолдирган.
Шундан сўнг Шавкат ака икки ярим йил мобайнида жазо муддатини ўтаб, 2012-2014 йиллардаги амнистия актларига мувофиқ, 2015 йил май ойида озодликка чиқди. Бироқ ўзига қўйилган айбловнинг ноқонуний эканлиги ва ноҳақ судланганлиги унга сира тинчлик бермасди. Кейинчалик Юртбошимиз ташаббуси билан амалга оширила бошланган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ўзини айбсиз, деб билган собиқ бошлиққа янги умид бағишлади. Бинобарин, у ҳақиқат қарор топишига ишониб, ҳимоячиси Суюнбой Атабаев билан бирга Олий судга мурожаат қилади. Пировардида, Олий суд раиси Козимжон Комилов раислигидаги Олий суд Раёсатининг 2019 йил 26 апрелдаги қарори билан жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг 2013 йил 23 майдаги ажрими бекор қилиниб, жиноят иши янгидан кўриш учун кассация инстанциясига юборилди.
Албатта, кассация инстанция суди Ш.Ҳақназаров ва ҳимоячиси келтирган важларни, гувоҳларнинг кўрсатмаларини ҳамда ишдаги барча ҳолатларни атрофлича ўрганиб чиқди.
Жиноят тамғасининг бекор қилиниши
Республика Бош прокуратураси, Олий суд, Миллий хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлигининг 2014 йил 23 июндаги “Порахўрлик жиноятлари ҳақидаги ариза ва хабарларни кўриб чиқиш, бу тоифадаги жиноят ишларини тергов қилиш ва судда кўришда қонун талабларига қатъий риоя қилинишини таъминлаш бўйича” Қўшма кўрсатмаси 8.1-бандида аризачининг кўрсатмаларидан ташқари бошқа объектив далиллар аниқланмаганда жиноят иши қўзғатилишига, шахс қамоққа олинишига, жиноий жавобгарликка тортилишига йўл қўйилмаслиги, жиноят-процессуал қонуни талабларига риоя қилинмаган ҳолда олинган номақбул далиллар асосида жиноят иши қўзғатиш ҳақида қарор қабул қилинишига йўл қўйилмаслиги, ҳар қандай ҳолатда айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозимлиги ҳақидаги Жиноят процессуал кодексининг 23-моддаси талабларига оғишмай риоя этилиши, аризачининг кўрсатмаси, шахснинг айбига иқрорлик кўрсатмалари билан тасдиқланган ҳолатлар ҳамда бошқа объектив далиллар аниқланмаган тақдирда айблаш учун етарли асос бўла олмаслиги инобатга олиниши, 8.2-бандида эса шахсга айб эълон қилишга фақат объектив далиллар мажмуигина асос бўлиши мумкинлиги, бунда, пора берувчи ва у билан боғлиқ шахсларнинг кўрсатмалари ҳамда айбига иқрорлик кўрсатмалари билан чегараланиб қолмасдан, шахсни айблаш учун пора предметининг олиниши, қонунлар билан белгиланган тартибда почта-телеграф ва электрон жўнатмалари, аудио ёки видеоёзувлар, телефон ёки бошқа мосламалар орқали амалга оширилган сўзлашувлар аниқланиши каби аниқ мезонлар билан асослантирилиши шартлиги белгиланган. Лекин юқоридаги қўшма кўрсатмада қайд этилган объектив далиллар мажмуини ташкил этувчи бирор-бир аниқ мезон мавжуд эмас. Хусусан, дастлабки тергов органи томонидан Ш.Ҳақназаровнинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда пора олганлигини намоён этувчи бирор-бир ишончга сазовор ва мақбул далиллар тўпланмаган.
Биринчи босқич суди эса иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатларни синчковлик билан ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқмасдан, ишда юзага келган масалани ҳал қилишда айбланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган ҳолатларни аниқламаган. Қолаверса, суд айрим шахсларнинг кўрсатмаларига бошлиқ билан ўрталарида юзага келган адоват, муайян сабабларга кўра ишдан бўшатилган ва бошқа ишга ўтказилганлик ҳолатлари сабаб бўлганига эътибор қаратмай, айблов ҳукми чиқарган.
Биноларнинг қурилиш-таъмирлаш ишларига келсак, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 3 июлдаги “Капитал қурилишда танлов савдолари тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 302-сонли қарорига асосан қурувчи корхона ва ташкилотларга ишларни танлов савдолари орқали бериш учун шартнома қиймати 50.000 АҚШ доллари эквивалентидан юқори бўлиши керак. Аммо “Фикрет-Сунай-М” ва “Lapesgara balmore” масъулияти чекланган жамиятлари, “Зариф Муродов”, “Хуршида қурилиш” хусусий фирмалари билан имзоланган шартнома қиймати 50.000 АҚШ доллар эквивалентидан ошмаган. Шунингдек, Зомин туманидаги “Бахт уйи”
қурилиши “Сангзор-Б” хусусий фирмасига вилоят адлия бошқармаси томонидан эмас, балки Ўзбекистон Республикаси Бош Вазири ўринбосари 2011 йил январь ойида имзолаган “Жиззах вилояти Мирзачўл ва Зомин туманлари марказининг архитектура қиёфаси ва инфратузилмасини яхшилаш чора-тадбирлари ҳақида”ги йиғилиш баёнига асосан Жиззах вилоят ҳокимлиги томонидан топширилган.
Олий суд Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги “Иқтисодиёт соҳасидаги жиноий ишлар бўйича суд амалиётида юзага келган айрим масалалар тўғрисида”ги 11-сонли қарорининг 26-бандида ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш учун жавобгарлик фақат тўғри қасд бўлганда ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёки жиддий зиён етказиш тарзидаги оқибат юз бергандагина келиб чиқиши белгиланган. Бироқ “Фикрет-Сунай-М” МЧЖ, “Азиз Холмат қурилиш”, “Моҳир қурувчи люкс” хусусий фирмалари томонидан қўшиб ёзиш ва сифатсиз бажариш натижасида етказилган зарарлар ҳамда Шавкат Ҳақназаров ўзига олган мукофот пуллари айблов ҳукми чиқариш вақтидаги иш ҳақига нисбатан кўп миқдорни ташкил этмайди.
Булардан кўриниб турибдики, тергов органи ва биринчи босқич суди томонидан Жиноят-процессуал кодекси талаблари қўпол равишда бузилган.
Жиноят-процессуал кодексининг 464-моддасига мувофиқ, жиноий ҳодиса юз бермаган бўлса, судланувчи содир этган қилмишда жиноят таркиби бўлмаса, жиноят содир этилишига судланувчи дахлдор бўлмаса, жиноят бошқа шахс томонидан содир этилганлиги аниқланса, шунингдек судланувчига қўйилган айблов иш ҳолатлари батафсил текширилгандан кейин ишонарли тарзда ўз тасдиғини топмаса, суд ушбу кодекснинг 83-моддасида назарда тутилган асосларга кўра судланувчини оқлайди. Шу боис кассация инстанция суди жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг 2012 йил 16 ноябрдаги ҳукмини бекор қилиб, Шавкат Ҳақназаровни Жиноят кодексининг 205-моддаси, 2-қисми, “а,б”-бандлари ва 210-моддаси, 3-қисми, “б”-банди билан айбсиз деб топиб, оқлади. Қолаверса, суд ажримида унга реабилитация қилиниши муносабати билан ўзига етказилган мулкий, маънавий ва бошқа зиён оқибатларини Жиноят-процессуал кодексининг 304-313-моддаларида назарда тутилган тартибда бартараф қилиш ҳуқуқи ҳам тушунтирилди. Энг муҳими, Ш.Ҳақназаровнинг маҳалла-кўй, таниш-билиш ва ҳамкасблари орасида юзи ёруғ бўлди.
Йўқотишларим ва изтироблар ўрнини ким ва нима тўлдиради?
— Фурсатдан фойдаланиб, тизимдаги ислоҳотларнинг бош ташаббускори бўлган ва жамиятимизда адолат қарор топишини таъминлаган Президентимизга, Олий судга, Бош прокурор ўринбосари Акмалхон Мавлонов (ҳозирда Наманган вилоят прокурори)га, мени оқлаган жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судига, ҳимоячим — Гулистон шаҳридаги “Эгида-Ҳуқуқ” адвокатлик фирмаси раҳбари Суюнбой Атабаевга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Оқланганимни эшитганларнинг табрик қўнғироқлари эса ҳанузгача тингани йўқ, — дейди Шавкат Ҳақназаров биз билан суҳбатда. — Лекин менга армон бўлган нарса шуки, озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётганимда 2015 йил январь ойида менинг доғимда куйган онажоним Роҳатой Шерназарова вафот этди. Оқибатда ўзим қандли диабет ва юрак-қон томир касаллигини орттириб олдим. Энди ўзингиз айтинг: бу йўқотишларим ва изтироблар ўрнини ким ва нима тўлдиради?
“Пахта иши” даврида биринчи оқлов ҳукми
Ш.Ҳақназаровнинг таъкидлашича, айни пайтгача уни ноқонуний жавобгарликка тортган шахсларнинг ўзи жавобгарликка тортилган. Қайтар дунё деганлари балки шудир?
— Яна бир фикрни мамнуният билан айтмоқчиман, — дея давом этади Шавкат ака. — Чорак асрга яқин судьялик лавозимида ишлаган бўлсам, мен чиқарган ҳукм ёки ажримлар умуман бекор бўлмаган. Собиқ Иттифоқ прокуратураси томонидан очилган “Пахта иши” даврида биринчи оқлов ҳукмини — Сайхунобод туманидаги собиқ Ғалаба ширкат хўжалигининг қирқ йиллик раиси, Меҳнат Қаҳрамони Қодирқул Султоновга нисбатан мен чиқарганман. Шу боис кейин мени Олий судда пахта иши бўйича тузилган комиссияга аъзо қилиб олишди. Натижада Гдлян ва Ивановларнинг қаршилигига қарамасдан 240 нафар кишини оқладик. Бундан ташқари, республика раҳбарияти ўша мудҳиш Наманган воқеалари ҳамда Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманларидаги ҳаракатларга оид жиноят ишларини ҳам менга ишониб топширган.
Ишонасизми, 2004 йилда Жиззахга ишга борганимда бутун бошли адлия бошқармаси тизимида бор-йўғи битта компьютер бор эди. Бошқарманинг ўзи эса вилоят ҳокимлигининг биносида ижарада турарди. 2008 йилда вилоят ҳокимининг тегишли қарори билан вилоят “Матлуботсавдо” бирлашмасининг эски биносини олиб, капитал реконструкция қилган ҳолда бошқарма биносига айлантирдик. Қолаверса, 9 та тумандаги нотариал идоралар ва ФҲДЁ бўлимларига янги бино қурдик.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, 2018 йилда нафақага чиққан Шавкат ака айни пайтда 5 нафар фарзанди ва 14 нафар набира қуршовида умргузаронлик қилмоқда. Адолат қарор топганидан ҳам боши осмонда яқинларининг ҳам. Бу бўлса Президентимиз томонидан олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатининг самарасидир.
Илҳомжон ҲАМИДОВ,
жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди судьяси,
Хуршид СУЛТОНОВ,“Инсон ва қонун” мухбири
Фикр қолдириш