АДОЛАТ ҲАМИША БАРҲАҚ ЁКИ БИРОВНИНГ ҲАҚИ БОШҚАГА БУЮРМАЙДИ

Бу аянчли воқеа 2018 йилнинг 21 июль куни Россиянинг Астрахань вилояти ҳудудида содир бўлди. Унинг тафсилоти анчайин изтиробли ва эшитган кишининг юрагини ларзага солиши турган гап.

Алқисса, ушбу фожиа 2018 йилнинг март ойи охирида Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманида истиқомат қилувчи эр-хотин Улуғбек Мадраҳимов ва Гўзал Болтаеваларнинг ишлаш ниятида Астрахань вилоятига борганидан сўнг рўй берди.

Қисқаси, эр-хотин Астрахань вилоятида салкам тўрт ой ишлашди.

Асосан, полизчилик юмушлари билан шуғулланишди. Ер эгасининг хоҳиши ва ўртадаги ўзаро келишувга мувофиқ Оллаёр Иброҳимов, Собиржон Матёқубов уларнинг ишини кўриб, кузатиб ва назорат қилиб юришди, таъминот ва маош тўлови билан боғлиқ юмушлар бошида ҳам шулар туришди. Ҳадемай ёз фасли ҳам яримлаб қолди. Вақти келиб, 20 июлда эр-хотин уйга қайтиш тадоригини кўришди. Ўз ниятларини даставвал ишбоши О.Иброҳимовга айтишди. О.Иброҳимов эртаси куниёқ йўл ҳозирлигини кўраётган эр-хотиннинг маоши миқдорини айтди.

Улуғбекнинг чамасича, унинг «чўғи» камроқ эди. Шундан икки ўртада келишмовчилик келиб чиқди. Улуғбек иш ҳақи оз ҳисобланганини айтди. Қарши тараф эса, сарфу харажатлар эвазига эр-хотинга тегишли анча миқдор пул чегириб қолинганини таъкидлади. Улуғбек эса, яна эътироз билдирди. Орадан хиёл вақт ўтгач, у ва шу ерда ҳозир бўлган яна бир юртдоши Дилшодбек Маткаримов ўртасида жанжал келиб чиқди.

Кейинчалик Улуғбекнинг айтишича, можарога бошқалар: Икром Сайилхонов, Гулсара Нурматова, Нодира Маткаримовалар ҳам қўшилишган. Собиржон Матёқубовнинг қилмиши эса, барчасидан ошиб тушган. У Улуғбекнинг ортидан келиб, юзига мушт туширади. Бунинг оқибатида Улуғбек мувозанатини йўқотиб, ерга йиқилгач, С. Матёқубов унинг оёғига зарб билан тепади. Оқибатда Улуғбекнинг оёғи синади…

Кўпчиликнинг кўз ўнгида содир бўлган ушбу фожиа яна бир гувоҳ Р.Иброҳимованинг ҳам эътиборини тортган. У дарҳол қўл телефони билан воқеани тасвирга олган.

Шундан сўнг ҳаёти учун хавфли жароҳат олган Улуғбек Р.Иброҳимовнинг кўмагида маҳаллий шифохонага боради. Алишер Худойберганов жабрланувчини кузатиб боради. Шифохонада унинг оёғи синганлиги қайд этилган ва вақтинчалик гипслаб қўйилган.

Шу алфозда Улуғбек аёли Г.Болтаева ҳамроҳлигида эртасигаёқ йўлга чиқиб, 24 июль куни Ҳазораспга қайтиб келади ва синган оёғини даволатишга киришади, тиббий экспертиза муассасасига мурожаат қилади. Шифохонада даволанади. Табиийки, сарф-харажатларни ёнидан қоплайди. Бу орада туман ҳуқуқ-тартиботи ходимлари уни йўқлаб шифохонага боришди ва Хоразмдан хийла узоқда рўй берган машъум ҳодиса тафсилотини қоғоз ҳамда ҳужжатларга кўчиришди. Жабрдийдага қарши куч ишлатиб, оёғи синишига сабабчи бўлган зўравон эса, кечирим сўраш ёки етказилган зарарни қоплаш нарёқда турсин, унинг аҳволидан хабар ҳам олмайди. Иш судга етиб, ғишт қолипдан кўчган ва дўппи тор келган чоғ эса, айбини қисмангина бўйнига олди.

Суд ва тергов қонунни назарига илмаган, бир бегуноҳ кишини оғир шикастлаб, ойлар мобайнида тўшакка михланишига сабабчи бўлган ва ўз қилмиши учун кечирим сўрашдан бош тортган С.Матёқубовни Жиноят кодексининг баданга қасддан оғир шикаст етказишни назарда тутувчи 104-моддаси 1-қисми бўйича айбдор, деб топди. Бу жараёнда машъум воқеага дахлдор шахслар, жабрланувчи ва гувоҳлар, суд-тиббий экспертиза тизими ходимларининг ҳужжат ҳамда кўрсатмалари ишга далил сифатида қўшилди. Экспертиза тизими ходимларининг кўрсатмаси судда катта аҳамият касб этганини алоҳида таъкидлаш зарур. Чунончи, ўзи тўплаган далилларни суд ва терговга тақдим этган ушбу соҳа ходимлари: С. Бегжигитов, О. Бобоевлар астраханлик ҳамкасблари томонидан чиқарилган хулоса ҳақиқатга анча мос эканлигини уқдирдилар. Рентгенчи-шифокор Баҳодир Ҳайитбоевнинг кўрсатмасида эса, У. Мадраҳимовнинг ўнг болдир ва тизза бўғинида мазкур можарогача синиш аломатлари мавжуд бўлмагани, оёқ суяги оғир зарба ёхуд у ерга йиқилаётган чоғ қаттиқ ўтмас буюмга урилиш оқибатида дарз кетгани қайд қилинди.

Пировардида судлов жараёнида бу ҳолатларнинг бари назарда тутилди.

Олий суд Пленумининг «Баданга шикаст етказишга оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарори 3-банди талабларига қатъий риоя этилди. Унда баён этилишича, «Агар айбдор ўз ҳаракати ёки ҳаракатсизлигининг ижтимоий хавфли эканлигини англаса, жабрланувчи баданига муайян даражада шикаст етказиши мумкинлигига кўзи етса ва шуни ҳоҳласа ёинки хоҳламаса-да, бунга онгли равишда йўл қўйса ёки ўз қилмишидан келиб чиқадиган оқибатларга бефарқ қараса, барча қилмиш аслида келиб чиққан оқибатлар бўйича квалификацияланади», деб аниқ тушунтириш берилган. Суд шуларни назарда тутар экан, С.Матёқубов У.Мадраҳимовга ўзи етказган зарарни қоплашга ҳаракат қилмагани, жабрланувчининг эса, унга даъвоси борлигини ҳам инобатга олди. Натижада айбланувчини жамиятдан ажратмаган ҳолда тарбиялаш имкони йўқ деган хулоса келди. Айни пайтда жазони енгиллатувчи ва оғирлаштирувчи жиҳатлар мавжудлиги ҳам аниқланди. Жабрланувчига етказилган моддий зиён ҳамда уни даволаш жараёнида туман Тиббиёт бирлашмаси сарф-харажатларини қоплаш масаласи ҳам ҳал этилди. Унга мувофиқ, жабрланувчини даволаш билан боғлиқ ушбу харажатлар судланувчи тарафидан қопланади. Қилмиш учун эса, муқаррар равишда озодликдан маҳрум этиш ва уни белгиланган манзил колониясида ўташ кўзда тутилди. Айни чоғда жабрланувчига ҳақ-ҳуқуқлари доирасида фуқаролик ишлари бўйича тегишли судга мурожаат қилиб, ўзига етказилган мулкий ва маънавий зарарни ундириш ҳуқуқига эгалиги уқтирилди. Дастлабки босқич суди томонидан чиқарилган ҳукмда ушбу жиҳатлар ўзининг муфассал ифодасини топди. Жиноят ишлари бўйича вилоят суди аппелляция ҳайъати Ҳазорасп туман суди томонидан чиқарилган ушбу ҳукмни асосли ҳисоблади ва ўз кучида қолдирди.

Энди бир хулоса қилиб кўрайлик. Муқаддас ислом арконларида ҳам, халқимизнинг бой маънавий мероси ҳикматномаларида ҳам бировнинг ҳақи бошқага буюрмаслиги кўп ва хўб қайд этилган. Айниқса, бировнинг нонини туя қилишга уриниш — инсофсизликдан бошқа нарса эмас.

Шундай экан, ҳалолликка нима етсин?!

Сардорбек ТоҒонов,

жиноят ишлари бўйича
Хоразм вилояти судининг судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: