АДОЛАТ ТАНТАНАСИ КЎНГИЛЛАРГА ИШОНЧ ВА ЁРУҒЛИК ОЛИБ КИРДИ
Халқимиз ҳақиқат эгилади, букилади, бироқ синмайди, деб бежизга айтмайди. Тахминий фаразлар, қарама-қарши гувоҳликлар билан судда шахсни айблаб бўлмайди. Навбатдаги суд мажлисида илгари судланган шахснинг аслида айби йўқ экани маълум бўлди.
Маълум бўлишича, Тошкент вилоятининг Пскент тумани ИИБга қарашли ЁХБ бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган Б. Шоматов 2013 йилнинг 14 августдан 23 август кунига қадар «Пскент пахта тозалаш заводи» очиқ акциядорлик жамиятига қарашли «Муротали» ва «Керовчи» тайёрлов масканида бажарилган капитал таъмирлаш ишларида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилингани ҳолатларини текширишдан ўтказган. Дастлабки тергов органи томонидан унга «ёнғин хавфсизлиги бўйича кўрилган чоралар ҳақида тузилган далолатномаларга сохта маълумотлар киритиб, тасдиқлаб бериш эвазига чойхонада овқатлангани учун 170 000 сўмни «Пскент пахта тозалаш заводи» ишчиси А. Маҳмудовга пора тариқасида тўлаттирган ва 200 минг сўм пора олган деган айб қўйилган.
Биринчи инстанция суди ушбу айблов асосида Б. Шоматовни Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми «б» банди ва 209-моддаси 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топади. Суд ҳукмидан норози бўлган Б. Шоматов юқори инстанция судига мурожаат қилди.
Б. Шоматовнинг аризаси жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг кассация инстанциясида кўриб чиқилди. Суд мажлисида маълум бўлдики, Б. Шоматовни айблаш учун бирор-бир асос ёки далил мавжуд эмас.
Амалдаги қонун талабига кўра, шахсга айб эълон қилишга фақатгина объектив далиллар мажмуигина асос бўлиши мумкин. Бунда далиллар доирасини пора берувчи ва у билан боғлиқ шахсларнинг кўрсатмалари ҳамда айбга иқрорлик кўрсатмалар билан чегараланиб қолмаслиги шарт.
Шахсни айблаш учун пора предметининг олиниши, қонунлар билан белгиланган тартибда почта-телеграф ва электрон жўнатмалари, аудио ёки видеоёзувлар, телефон ёки бошқа мосламалар орқали амалга оширилган сўзлашувлар аниқланиши каби аниқ мезонлар билан асослантирилиши лозим. Бироқ жиноят иши ҳужжатларида ана шундай объектив далиллар бўлмаса-да, Б. Шоматов айбдор деб топилган.
Кассация инстанцияси суд мажлисида Б. Шоматов ўзига қўйилган айбловга иқрор бўлмай, айби йўқлигини, унга нисбатан тергов олиб борилаётган вақтда «биз кўрсатгандай тушунтириш хати ёзасан», деб тазийиқ ўтказилганини, ҳеч қачон А. Маҳмудовдан 200 000 сўм пора олмаганини айтди. Тергов вақтида А. Маҳмудов билан юзлашганда у чойхонада ўтирганида «овқат пулини Б. Шоматовнинг ўз тўлаб кетди», деб айтгани, кейин тазйиқ остида «200 000 сўм пул берганман», деб ёзиб берганини баён қилди. Суд мажлисида гувоҳ Абдуғаффор Маҳмудов ҳам аслида бу ҳолатлар умуман рўй бермагани ва тазйиқ туфайли ёлғон кўрсатма беришга мажбур бўлганини маълум қилди.
Ниҳоят, адолат қарор топди. Ноҳақ айбланган ички ишлар ходими оқланди.
Адолатнинг қарор топиши шахснинг бузилган ҳуқуқларини тиклаши баробарида фуқароларнинг суд идораларига бўлган ишончини янада ортириши шубҳасиз.
Дилшод ИЗЗАТОВ,
Тошкент вилояти
судининг судьяси
Фикр қолдириш