ФУҚАРОЛАР ВА ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИ ҲУҚУҚЛАРИ МАЪМУРИЙ СУД ҲИМОЯСИДА

Мамлакатимиз тараққиётининг замонавий босқичида кенг кўламли ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш ва 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида белгилаб берилган устувор мақсадларга эришиш олдимизда турган энг долзарб вазифадир.

Янги Ўзбекистон шароитида давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти тизимининг самарадорлигини ошириш, улар фаолиятини натижадорликка йўналтириш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш асосий масалалардан биридир.

Президентимизнинг 2021 йил 22 ноя­брдаги «2022-2023 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастурини ишлаб чиқиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғ­рисида»ги Фармойиши бу борада муҳим аҳа­мият касб этмоқда. Унда мазкур маъмурий ислоҳотлар дас­турини ишлаб чиқиш бўйича амалий чора-тадбирлар белгиланган.

Шу ўринда Президентимизнинг жорий йил 29 январь куни қабул қилинган «Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўл­ган ишончини янада ошириш чо­ра-тадбирлари тўғрисида»ги қа­ро­рини алоҳида таъкидлаш лозим.

Мазкур қарор мамлакатимизда маъмурий юстиция соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давомидир.

Конституциямизнинг 44-моддасига кўра, ҳар бир шахс­га ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қи­лиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқу­қи кафолатланган.

Ўз навбатида, мамлакатимизда маъмурий судларнинг ташкил этилиши Асосий қо­нунимизда белгиланган ушбу ҳуқуқлар самарали амалга оширилишини таъминлашга ҳам хизмат қилмоқда.

Давлат органлари ёки ман­сабдор шахслар томонидан фуқаро ёки тадбиркорларнинг ҳуқуқлари бузилганда, уларни ҳимоя қилиш маъмурий судлар томонидан амалга оширилади.

Маъмурий судларнинг биринчи нав­батдаги вазифаси фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат ор­ганлари билан муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда улар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қи­лиш ҳисобланади.

Дунёнинг тараққий этган мамлакатларида айнан маъмурий судлар фуқаро ёки тадбиркорлар ҳу­қуқлари ва қо­нуний манфаатлари ижро органлари томонидан бузилишининг олдини олишда, уларни ғайриқонуний қарорлар, ҳаракат­лар­ ё ҳаракатсизликдан ҳимоя қи­лишда муҳим ўрин тутади.­

Шу муносабат билан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда судлар, айниқса, маъмурий судларнинг ро­­лини кучайтириш, уларни фуқаро ва тад­биркорларнинг ҳақиқий ҳи­моя­чи­сига айлантириш зарур.

Бунинг учун, аввало, жа­мият­да маъмурий судларга бўлган ишончни янада ошириш мақсадида давлат ор­ган­ла­ри томонидан суд қарорлари ижро этилиши устидан назоратнинг таъ­сир­чан механизмларини жорий этиш талаб этилади.

Дарҳақиқат, суд амалиёти таҳлил қи­­линганда маъмурий судларда иш ҳолатларини исботлаш мажбурияти тарафларнинг ўзига юклатилгани уларни тенгсиз ҳолатга келтираётганини кўр­сатди. Жумладан, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки юридик шахснинг ўз талабларини исботлаб бериш бўйича имконият­лари давлат органларининг ре­сурс­ларига қараганда бирмунча чекланган.

Шунингдек, амалдаги қо­нун ҳужжатларига мувофиқ, оммавий-ҳуқуқий низолар бўйича суд ҳужжатлари ижро қи­лиш учун давлат органларига оддий хат орқали юборилади. Ушбу ҳужжатлар бў­йича мажбурий ижро варақалари берилмайди.

Шу сабабли фуқаро ёки юридик шахснинг шикояти асосида чиқарилган суд ҳужжати ижроси давлат органлари ёки мансабдор шахслар томонидан ихтиёрий равишда амалга оширилишини таъминлаш учун таъсирчан назорат механизмлари мавжуд эмас эди. Бунинг натижасида кўп ҳолатларда фуқаролар ёки юридик шахслар манфаатида чиқарилган суд ҳужжати давлат ор­ганлари ёки мансабдор шахс­лар томонидан ижро этилмасдан қолаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас.

Масалан, 2021 йилда маъмурий судларнинг 5 минг 331 та қарорида давлат органларига қонун бузилиши ҳо­лат­ларини бартараф этиш бўйича мажбурият юклатилган бўлиб, уларнинг 2 минг 905 таси, яъни 54,5 фоизи ижро этилгани ҳақида судларга тегишли ах­борот берилмаган.

Ушбу ҳолатлар инобатга олинган ҳолда, Президентимиз қарорида давлат органлари қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳа­қиқий ҳи­моя­чисига айлантиришга қаратилган муҳим чоралар белгиланди.

Жумладан, маъмурий суд ишларини юритишни «суднинг фаол иштироки» тамойили асосида амалга ошириш назарда тутилди. Бунда маъмурий судларга ишнинг ҳақи­қий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбурияти юкланади, ҳуқуқи бузилган фуқаро­ ёки тад­бир­корлик субъектига эса, далилларни йиғишда фақат ўз имкония­ти доирасида иштирок этишига шароит яратилади.

Хорижий тажрибага эътибор қаратадиган бўлсак, бугунги кунда маъмурий суд томонидан ўз ташаббуси билан да­лил йиғиш амалиёти Германия, Грузия, Озарбайжон ва Қозоғистон ка­би давлатларнинг қонунчилигида мавжуд.

Қарор билан жисмоний ва юридик шахсларга одил судловга эришишда имкониятларни кенгайтириш мақсадида судга мурожаат қилишда «ягона дарча» тартиби жорий этилиши бел­ги­ланди. Фуқаро ва тадбиркорларни сарсон қилмаслик учун судга берилган даъво аризасини тааллуқли эмаслиги асоси билан қайтариш тақиқланади.

Даъво аризасини қабул қилган суднинг ўзи уни кўриб чиқиш учун ваколатли судга ўтказиши назарда тутилмоқда. Бу ҳам, албатта, фуқароларнинг судга мурожаат қи­лишида қулайликлар яратади, уларнинг оворагарчиликлари олди олинишига хизмат қи­лади.

Шу билан бирга, фуқароларнинг судма-суд овора бўлишининг олдини олиш мақсадида қарорда ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга, унга саба­бий боғланишда бўл­ган, яъни давлат органи ёки мансабдор шахс етказган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқи тақдим этилди ва бундай та­­лабларни кў­риб чи­қиш маъмурий судлар ваколатига ўтказилиши белгиланди.

Хусусан, 2021 йилда маъмурий судлар давлат органи қарори устидан 15 минг 146 та шикоятни кўриб чиққан бўл­са, улар натижасида етказилган зарарни ундириш бў­йича 4 минг 28 та иш фуқаролик ёки иқтисодий судлар томонидан кўрилган. Эндиликда мазкур иш­лар ҳам маъмурий судлар томонидан асосий низо билан бирга кўриб чиқилади.

Аҳолининг одил судловга эришиш даражасини ошириш, низо тарафлар ўр­тасида мақбул усулда ҳал қилинишини таъминлаш мақсадида қарорда фуқаро ёки тадбиркорлар шикоятлари асосида кўриладиган ишларда ярашувга эришиш механизмлари кенг жо­рий қилинади. Тарафларга айрим тои­фадаги ишлар бўйича келишув битимини тузиш ҳуқуқи ҳам берилади.

Эндиликда қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганидан сўнг давлат органи суд қарори ижросини ихтиёрий равишда таъминламаганда, унинг мансабдор шахсига суд жаримасини қўллаш, суд қа­рори ижроси кейинчалик ҳам таъминланмаган тақдирда, дастлабки суд жаримасини оширилган миқдорда қўл­лаш назарда тутилди.

Мазкур чора-тадбирларнинг амалга оширилиши давлат органлари фаолия­т юритишини, фуқаро ва юридик шахслар ҳуқуқлари ва манфаатлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлайди. Шунингдек, маъмурий суд иш юритувини халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда такомиллаштиришга ҳамда маъмурий судларни ҳа­қиқий халқ судига айлантиришга хизмат қи­лади.

Шербек Назаров,

Олий суд бўлим бошлиғи

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: