СУДЬЯНИНГ ОНГИДА АДОЛАТ, ТИЛИДА ҲАҚИҚАТ, ДИЛИДА ПОКЛИК ҲУКМРОН БЎЛИШИ КЕРАК

Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш устувор йўналиш сифатида белгиланиб, ўтган давр мобайнида бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Зеро, давлат ва жамиятни тубдан модернизациялаш, аввало, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, суд мустақиллигини таъминлаш, одил судловга эришишда муҳим ўрин тутади. Хўш, бугунги кунда судни том маънода “адолат қўрғони”га айлантириш йўлида қандай босқичлардан ўтилди ва келгусида яна нималарни амалга ошириш лозим? Мухбиримиз шу ва соҳага оид бошқа янгиликлар, эришилган ютуқлар ва истиқболдаги устувор вазифалар хусусида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Бахтиёр ИСЛОМОВ билан суҳбатлашди.

— Бахтиёр Жаҳонгирович, Олий суд раиси лавозимида иш бошлаганингизга ҳали кўп вақт бўлмади ва бу масъулиятли вазифа Сизга ишониб топширилди. Айтинг-чи, бугунги кунда суд тизимига халқнинг ишонч даражасини ошириш учун қандай ишлар амалга оширилмоқда?

— Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг илк даврлариданоқ Президентимиз ­Шавкат Мирзиёев судлар олдида турган асосий мақсадлардан бирини аниқлаб берди. Яъни бунда судни том маънода “адолат қўрғони”га айлантириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини қатъий мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.

Биласизми, фуқароларимизнинг судга бўлган ишончини оширишда, аввало, ­судьялар мустақиллиги, улар томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилиги, суднинг очиқлиги ва шаффофлиги, судьянинг холислиги ва беғаразлигига шубҳа туғдирувчи омиллар мавжуд бўлмаслиги лозим. Акс ҳолда инсонда судга бўлган ишонч йўқолади.

Фуқароларимиз судни — одамларни қоралайдиган, жазолайдиган орган, деб эмас, аксинча, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қиладиган орган, ўзларининг ҳимоячиси, ­адолат посбони, деб қарашига ­эришишимиз зарур.

Аҳолининг судларга бўлган ишончини ошириш йўлида суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жадаллик билан амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунда ­фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига одил судловдан ­фойдаланиш имкониятлари янада кенгайтирилмоқда.

Олий суднинг расмий веб-сайтида интерактив хизматлар портали ишга туширилган бўлиб, унда судларга электрон мурожаат йўллаш, суд ҳужжатларининг намуналаридан фойдаланиш, давлат божини автоматик тарзда ҳисоблаш, суд харажатларини электрон тўлаш, суд мажлисларида видеоконфе­ренцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда масофадан туриб иштирок этиш ва шу каби бошқа кўплаб имкониятлар йўлга қўйилган.

Суд органларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш учун ўтказиладиган суд мажлислари жадвали билан танишиш, суд қарорлари, судлар фаолиятига доир ҳисоботлар, ахборотлар, очиқ маълумотларни расмий веб-сайт орқали олиш, судда ишларнинг кўрилиш ҳолатини онлайн кузатиб бориш имкониятлари яратилган.

Жамоатчиликни суднинг фаолияти тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали брифинглар, учрашувлар, чиқишлар тарзида хабардор қилиш амалиёти йўлга қўйилган. Очиқ суд мажлисларида кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг судларда иштирок этиш ҳуқуқи амалда. Шунингдек, тегишли халқ депутатлари Кенгашларига суднинг фаолияти тўғрисида йилига камида бир маротаба ахборот бериш тартиби жорий этилган. Буларнинг ҳаммаси халқнинг суд тизимига бўлган ишонч даражасини оширишга қаратилган бўлиб, бунда судлар қонунга қатъий риоя қилиб, ҳар бир шахснинг манфаатларини муҳофаза этиши, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаши ва шу асосда халқнинг ишончини қозониши зарур бўлади.

Биз бу борадаги ислоҳотларимизни изчиллик билан давом эттириб, фуқароларимизнинг судларга бўлган ишончини оширишга доим ҳаракат қиламиз.

— Ўтган даврда соҳада ­давлатимиз раҳбари бошчилигида ҳаётимизнинг барча соҳасида изчил ва қамровдор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Сиз суд тизимидаги янгиланишларнинг асл мазмун-моҳияти ва уларнинг устувор жиҳатлари нималарда деб биласиз?

— Тўғри таъкидлаб ўтдингиз, ўтган қисқа муддат ичида суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, судлар фаолияти самарадорлигини ошириш, одил судловни таъминлаш бўйича изчил ишлар амалга оширилди.

“Янги Ўзбекистон — янги суд” тамо­йили доирасида суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бош мезони сифатида мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлигини сўзсиз таъминлаш зарурлиги белгиланди. “Инсон қадри учун” принципи асосида инсон ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини кафолатли таъминлаш Ўзбекистонда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг устувор йўналишларидан бири этиб урғуланган.

Инсон қадрини улуғлаш асосида амалга оширилган ислоҳотларнинг аҳолига келтирган ижобий натижалари биргина судлар томонидан чиқарилган оқлов ­ҳукмлари тобора кўпайиб бориши ноҳақ айбланаётган фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари самарали ҳимоя қилинишига олиб келди. Натижада сўнгги олти йил давомида 4 712 нафар ноҳақ айбланган шахс оқланган бўлса, бундан олдинги тўққиз йил ичида атиги 138 нафар шахс оқланган холос. Бу даврлар орасидаги ўзаро фарқ ҳам инсон ҳуқуқларини амалда таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг натижадорлигини кўрсатмоқда.

Давлат органларининг ноқонуний қарорлари ва хатти-ҳаракатларидан шахс­ни ҳимоя қилувчи маъмурий судлар ташкил этилиши натижасида аҳоли манфаатларига зарар етказаётган минглаб ­ғайриқонуний ҳужжатлар бекор қилинди. Мисол учун, сўнгги олти йилда кўриб ­чиқилган 87 138 та маъмурий ишнинг 62 фоизи қаноатлантирилган.

2021 йилнинг октябридан ярашув ­институтини қўллаган ҳолда маъмурий жавобгарликдан озод қилиш механизми амалиётга татбиқ этилиб, жорий йилга қадар кўриб чиқилган 68 318 та иш бўйича 109 043 нафар шахс ярашув муносабати билан жавобгарликдан озод қилинган.

Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш фуқароларнинг судлардаги сарф-харажатлари кескин камайишига олиб келди. Суд мажлисларида қатнашиш имконини берувчи видеоконференцалоқа тизими жорий этилиши натижасида ўтган йилда фуқароларнинг ўртача 12 миллиард сўмдан ортиқ харажатлари тежаб қолинишига эришилди.

Шунингдек, ҳисобот даврида 1 миллиондан зиёд мурожаатлар судларга бевосита ташриф буюрмасдан электрон тарзда йўлланган.

Суд-ҳуқуқ соҳасида эришилаётган самаралар нафақат фуқаролар мисолида, балки халқаро кўламда ҳам эътироф этилмоқда. Хусусан, БМТнинг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи юзасидан ўз маърузасини БМТ ­Инсон ҳуқуқлари кенгашининг сессиясига тақдим этганини алоҳида таъкидлаш лозим. Ушбу маърузада тавсиялар билан бир қаторда Ўзбекистонда кейинги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида эришилган ижобий натижалар ҳақида алоҳида сўз ­юритилгани аҳамиятлидир.

— Аҳоли орасида “судма-суд сарсон бўлиб юрибмиз” деган фикрларни кўп эшитамиз. Тан олиш керак, вилоят судлари одил қарор чиқариш бўйича етарлича масъулият ололмаётгани сабабли оворагарчиликлар кўплиги давлат раҳбарининг эътирозига ҳам сабаб бўлган. Умуман, суд ишларини юритишнинг амалдаги тартиби аҳоли учун қай даражада қулай деб ўйлайсиз?

— Хабарингиз бор, Президентимиз 2022 йил 20 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида “Энг аввало, одамларимизнинг жойларда судма-суд сарсон бўлиб юришларига барҳам берилади. Бунинг учун адолатли ҳукм ва қарор чиқариш бўйича вилоят судларининг ваколати ҳам, масъулияти ҳам оширилади” деб таъкидлади.

Ушбу вазифани амалга ошириш учун суд қарорларини қайта кўриш тартибларини такомиллаштириш зарурати вужудга келмоқда.

Амалдаги тартибга кўра, судлар фаолиятида “бир суд — бир инстанция” тамойили асосида суд ишларини қайта кўриш тартиби ўзгартирилиб, туманлар­аро, туман, шаҳар судларида ишлар биринчи инстанцияда, вилоят ва унга тенглаштирилган судларда ишлар апелляция тартибида, Олий судда ишлар кассация тартибида кўриб чиқилиши белгиланган.

Олий судда кассация инстанциясида кўриб чиқилган ишлар Олий суд раиси, Бош прокурор ва уларнинг ўринбосарларининг протестига асосан ишни кассация тартибида такроран кўриш тартиби ўрнатилган.

Апелляция тартибида кўриб чиқилмаган ишлар бўйича Олий судга кассация тартибида шикоят (протест) киритиш ҳуқуқи мавжуд эмаслиги белгиланган. Шу сабабли, фуқароларимиз кассация тартибида шикоят қилиш ҳуқуқини йўқотмаслик учун кўп ҳолларда суд қарори адолатли, асосли ва қонуний бўлишига қарамасдан ишларни апелляция тартибида кўриб чиқиш учун шикоятлар бермоқда.

Дарҳақиқат, бугунги кунда вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг мавжуд ресурсларидан тўлақонли ва оқилона фойдаланилмаётгани туфайли юқори ­инстанцияда ишларнинг кескин ортишига ва фуқароларнинг ортиқча сарсонгарчилигига олиб келмоқда. Бунга ўтказилган таҳлиллар натижасида гувоҳ бўлдик.

Шу муносабат билан суд қарорларини қайта кўриш босқичларини такомил­лаштириш мақсадида қуйидагилар таклиф этилмоқда:

— биринчи инстанция суди томонидан кўрилган ишлар вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқилади;

— вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар мазкур судларда тафтиш тартибида қайта кўриб ­чиқилади;

— вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишлар Олий суднинг судлов ҳайъатларида тафтиш тартибида қайта кўриб чиқилади.

Бунда юқори инстанция судлари томонидан ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартиби бекор қилинмоқда ва уларга иш бўйича якуний қарор қабул қилиш масъулияти юкланмоқда.

Таклиф этилаётган тартибни амалга ошириш орқали фуқароларнинг мамлакатимиз Конституциясида белгиланган суд орқали ҳимояланиш ва судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатлари оширилади, уларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари янада кенгроқ ҳимояланади, шунингдек, одил судловга эришиш даражаси ­юксалтирилади.

Масаланинг яна бир жиҳати, аҳолининг судларда яратилаётган имкониятлардан ўз вақтида ва тўлиқ хабардор бўла олмаётгани судлардаги оворагарчиликларнинг яна бир сабаби бўлиши мумкин.

Тан олиш керак, бугунги кунда судлар фаолияти тўғрисидаги ахборотдан фойдаланишни, судлар фаолияти тўғрисидаги ахборот билан аҳолини мунтазам таъминлашни тизимли ташкил этиш мақсадга мувофиқ кўринади.

Суд соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни ва яратилаётган имкониятларни жамоатчиликка етказиш бўйича барқарор ҳуқуқий механизм яратилиши ҳам аҳолининг суд билан боғлиқ сарсонгарчиликларини камайтиришга ­хизмат қилади.

— Судлар билан ОАВ ўртасида яқиндан алоқа ва ҳамкорликни ўрнатиш йўлида қандай ишлар амалга оширилаётганига ҳам тўхталиб ўтсангиз.

— Бугунги кунда оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда аҳолининг судлар фаолиятига доир ахборотга бўлган эҳтиёжини таъминлаш, шунингдек, холис ахборотни ўз вақтида бериб бориш орқали ёлғон, бирёқлама маълумотлар тарқалишининг олдини олишда оммавий ахборот воситалари билан ўзаро алоқаларни ривожлантириш ва кўламини янада кенгайтириш суднинг олдида турган асосий вазифалардан бири ҳисобланади.

Хабарингиз бор, 2023 йил 16 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Фармон асосида Олий суднинг Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик бошқармаси негизида Жамоатчилик билан ҳамкорлик маркази ташкил этилди. Бунда судларнинг жамоатчилик ва ОАВ билан ҳамкорлик қилувчи тузилмаларининг иш фаолиятини янгича ёндашув ва усуллар асосида йўлга қўйиш, энг асосийси, тузилмаларни профессионал кадрлар билан тўлдириш чораларини кўриш вазифалари белгиланди.

Бунинг негизида эса оммавий ахборот воситалари билан алоқаларни изчил ўрнатиш, уларга холис, тезкор ва расмий ахборотларни ўз вақтида ҳамда сифатли тақдим этиш, шунингдек, кенг жамоатчиликда судлар фаолияти бўйича ҳаққоний ва холисона фикр-мулоҳазалар ҳамда қарашларни шакллантириш туради.

— Ўтган йилнинг ноябрида Президентимиз одил судловни таъминлаш борасидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказган эди. Унда судьялар сонини босқичма-босқич кўпайтириш таклифи маъ­қулланди. Айтинг-чи, бугунги кунда судьялар сони аҳоли сонига нисбатан мутаносиб равишда белгиланганми?

— Суд тизимидаги оғриқли муаммо ­сифатида судьяларнинг иш юкламасини айтиш мумкин.

Ўзбекистон аҳолисининг ўсиш суръати кундан-кунга ортиб бормоқда.

Бироқ бугунги кунда судьяларнинг штатлар сони ҳудудларнинг аҳоли сонига нисбатан мутаносиб равишда белгиланмаган.

Давлатимиз раҳбари томонидан одил судловни таъминлаш борасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда айнан шу масалага бежиз эътибор қаратилмади. Чунки судьяларнинг штатлар сони, ҳақиқатан ҳам, етарли даражада эмас.

Статистик рақамларга эътибор ­қаратадиган бўлсак, ўтган йил давомида жиноят ишлари бўйича биринчи инстанция судида 58 697 та жиноят иши, 539 686 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилган.

Шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича ­судлар 562 304 та, иқтисодий судлар 277 865 та, маъмурий судлар 15 347 та ишни кўриб чиққан.

Жами кўрилган ишларга нисбатан олинадиган бўлса, энг кўп иш ҳажми ва иш юкламаси фуқаролик ишлари бўйича судларнинг судьяларига тўғри келиб, умумий ҳисобда 50 фоизга яқинини ташкил этмоқда.

Ушбу рақамларни ўртача ойлик иш ҳажмига нисбатан ҳисоблайдиган бўлсак, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судининг бир судьяси бир ойда 181 та ишни, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судининг судьяси 269 та, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судининг судьяси эса 163 та ишни кўриб чиқишига тўғри келмоқда.

Хорижий мамлакатлар тажрибасига эътибор қаратадиган бўлсак, ҳар 100 минг аҳолига Германияда 24 нафар судья тўғри келса, бу кўрсаткич Россияда 18, Қозоғистонда 16, Қирғизистонда 7-8, Тожи­кистонда 5 нафарни, Ўзбекистонда эса 3-4 нафарни ташкил этмоқда. Францияда 67,39 миллион аҳолига 8 минг нафар судья, Англияда 1 миллион аҳолига 200 нафардан кўпроқ судья, Италияда 101, Швецияда 100, Ҳиндистонда 21-22 нафар судьялар тўғри келмоқда.

Рақамлар ҳам шундан далолатки, ­судьяларнинг бугунги кундаги иш ҳажми ва иш юкламаси судда кўриладиган ишларнинг зич тайинланиши, процессуал муддат кетидан қувиб тез ўрганилиши ҳамда вақтли тўхтамга келиши каби одил судлов сифатига таъсир қиладиган даражада кўпни ташкил этиб, уларнинг штатлар бирликлари аҳолининг сони ва суддаги иш ҳажмига нисбатан мутаносиб равишда тақсимланмаган. Ўз навбатида, судьяларга мос равишда суд аппарати ходимларининг штатлар бирлиги ҳам етарли даражада эмас.

Ҳудудларнинг аҳоли сонидан келиб чиқиб, судьяларнинг штатлар бирлиги белгиланиши, аввало, одил судлов сифатини яхшилаш, судьяларнинг иш ҳажми ва иш юкламасини камайтириш, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари самарали ҳимоя қилинишига олиб келади.

— Бугунги кунда судларда тортишув муҳитини шакллантириш, ҳуқуқ-тартибот идоралари ишини такомиллаштириш бўйича қандай чора-тадбирлар кўрилмоқда?

— Албатта, судларда ишларни ­юритишда тортишувчанлик принципи одил судловни таъминлашдаги асосий мезонлардан бири ҳисобланиб, амалда уни таъминлаш орқали адолатли суд жараёнларига эришиш мумкин.

Халқаро ҳужжатларда ҳам бу принципнинг нақадар муҳим эканлиги таъкидланиб келинади.

Президентимизнинг “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида айнан суд ишларини юритишда тортишув ва тарафларнинг тенглиги тамойилларини тўлақонли рўёбга чиқариш, судларнинг холислигини амалда таъминлаш мақсадида прокуратура органлари тизимида Одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш бўйича ихтисослашган прокурорлар корпуси ташкил этилиши унинг ­асосий вазифалари қилиб белгиланди.

Бунда Ихтисослашган прокурорлар корпуси ходими ўз ваколатларини ҳар қандай давлат органи ва мансабдор шахсдан мустақил равишда, фақат қонунга бўйсуниб амалга оширади ҳамда унинг судда иштироки билан боғлиқ фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди. Энг муҳими, бу ислоҳот орқали жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари суд йўли билан самарали ҳимоя қилинишига эришилади.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан 2022 йилнинг 14 ноябрь куни одил судловни таъминлаш борасидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишда суд ишлари юритувида тарафлар тенглигини амалда таъминлаш мақсадида жиноят ишини айблов хулосаси ва ҳимоячи фикри билан бирга қабул қилишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Ушбу вазифаларнинг амалга оширилиши прокурорларнинг судлардаги иштироки самараси ва масъулиятини юксалтиришга, шунингдек, адвокатга қўшимча ҳимоя кафолатларини тақдим этишга, пировардида судларда тортишув муҳитини янада яхшилашга олиб келади.

— Биламизки, ўтган йилда кўплаб фуқаролар қуйи судлар қабул қилган қарорлардан норози бўлиб, Олий судга бевосита шикоят билан келган. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда судлар қарорларидан қониқмаслик билан боғлиқ материаллар тез-тез учраб туради. Айтинг-чи, бугунги кунда Олий суд томонидан аҳолининг шикоятлари ҳал этилишига қай даражада эътибор қаратилаётир?

— Президентимиз раҳбарлигида судловни таъминлаш борасидаги устувор вазифалар муҳокамаси бўйича ўтказилган йиғилишда 2022 йилнинг январь — ноябрь ойларида 18 минг фуқаро вилоят судлари қабул қилган қарорлардан норози бўлиб, Олий судга мурожаат этгани таъкидланди.

Статистик рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, ўтган йил давомида 22 минг нафардан зиёд фуқаролар бевосита вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан қабул қилинган қарорлардан норози бўлиб, Олий судга мурожаат этган.

Шикоятларнинг асосий қисми жиноят ишлари бўйича судларнинг қарорлари юзасидан бўлиб, бундай фуқаролар 9 802 нафарни ташкил қилади. Кейинги ўринларда фуқаролик ишлари бўйича 6 387 та, ундан кейин иқтисодий ишлар юзасидан 3 876 та ва маъмурий ишлар бўйича 2 343 та шикоят тушганини ­айтиш мумкин.

Процессуал тартибга риоя этилган шикоятлар тегишлилиги бўйича судлов ҳайъатлари томонидан кўриб чиқилган ва якуни бўйича тегишли қарорлар қабул қилинган. Бугунги кунда Олий суд томонидан ҳар бир мурожаат алоҳида назоратга олинади, унинг ўз вақтида ҳал этилиши бўйича тегишли чоралар кўрилади.

Ўрни келганда шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, судда икки тараф иштирок этади, натижада фақатгина бир томон ютади, иккинчи томон эса ютқазади ва табиийки, бундан норози бўлади. Демак, суд қароридан иштирокчиларнинг эллик фоизи рози бўлса, қолган иккинчи тенг ярми норози бўлиб қолади. Чунки судда тараф иккита, ҳақиқат эса битта бўлади.

Шундан келиб чиқиб, айрим вазиятларда суддан норози бўлган тараф ижтимоий тармоқларда чиқишлар орқали суд қарорларидан қониқмаслик билан боғлиқ материалларни ёритиб туради. Албатта, бунинг ўзига яраша объектив ва субъектив томонлари мавжуд.

Тан олиш керак, амалиётда баъзи бир камчиликлар билан қарорлар қабул қи­лаётган судьялар ҳам йўқ эмас. Аммо суд қарорларининг сифат кўрсаткичи ва барқарорлиги даражасига эътибор ­қаратадиган бўлсак, судлар томонидан қабул қилинган барча қарорларга нисбатан ҳам шикоят (протест) берилмайди.

Масалан, суд қарорларини юқори ­инстанцияларда қайта кўриш билан боғлиқ статистик рақамларга назар ташласак, 2022 йилда биринчи инстанция судлари томонидан жами 1 929 188 та иш кўриб чиқилган.

Эътиборлиси, шикоят берилиши мумкин бўлган 1 756 116 та иш юзасидан фақатгина 60 283 таси бўйича апелляция шикояти (протести) берилган. Бу жами кўрилган ишларнинг 3,4 фоизини ташкил этади холос.

Кўриниб турганидек, суд қарорларининг сифат даражаси ва барқарорлик кўрсаткичи юқори бўлиб, суд қарорларидан норози қатлам, кўпчилик ўйлаётганидек катта аудиторияни ташкил этмайди.

Бунда масаланинг яна бир жиҳатига ҳам эътибор беришимиз керак. Яъни ­фуқароларнинг судлардаги ортиқча оворагарчилигининг олдини олишда низоларни судгача ҳал этиш механизмларини амалиётда кенг қўллаш бўйича зарурий шарт-шароитларни яратиш муҳим ўрин тутади. Шу билан бирга, низоларни судгача кўриб чиқишнинг самарали усул ва механизмларини жорий қилишни бугунги кун амалиёти тақозо этмоқда.

Масалан, адвокатлар томонидан низоларни судгача ҳал этиш хизматларини янада кучайтириш, низоларни судгача ҳал қилиш механизмлари қўлланилиши лозим бўлган иш тоифаларини кўпайтириш, ярашув институтини қўллаш доирасини янада кенгайтиришга алоҳида урғу бериш керак, деб ҳисоблайман. Бу фуқароларнинг судлардаги ортиқча вақт, сарф-харажатларини тежашга ва энг муҳими, уларнинг ресурсларини сақлашга олиб келади.

— Судьялар одил судловни ҳар қандай таъсирларсиз фақатгина қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширишини, умуман, улар фаолиятига бирон-бир тарз­да аралашишга йўл қўйилмаслигини таъминлашга қаратилган қандай чоралар кўрилмоқда?

— Конституциямизда Ўзбекистонда суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мус­тақил ҳолда иш юритиши каби муҳим нормалар белгилаб қўйилган.

Судьялар фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслиги ва суд ҳокимиятининг мустақил иш юритиши, бу — демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этишнинг ягона йўлидир.

Бу борада мамлакатнинг халқаро ­миқёсдаги рейтинглари баҳоланганда, ҳар йили айнан судлар бошқа давлат органлари ҳамда мансабдор шахслар таъсиридан холи эмаслиги таъкидланади. ­Жумладан, Ҳуқуқ устуворлиги индекси, ­Бошқарув сифати индикаторлари, Глобал рақобатбардошлик индекси каби рейтинг кўрсаткичларида бундай фикрларни ­учратиш мумкин.

Президентимизнинг “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кен­гайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида ­судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида уларнинг ишига ҳар қандай аралашув қатъий жазоланиши, ­судьяларнинг хавотирсиз ишлаши учун давлат томонидан барча шароитлар ­яратилиши қайд этилди.

Бунда ислоҳ қилиниши лозим бўлган масалаларнинг мазмуни аниқ ёритилиб, уларнинг моҳияти тўлиқ очиб берилди. Хусусан, суд ишларини ҳал этишга аралашганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш кераклиги, шунингдек, одил судловни амалга ошириш фаолиятига аралашганликка оид ҳар бир жиноят иши якуни бўйича жамоатчиликни оммавий ахборот воситалари орқали мажбурий равишда хабардор қилиш тартибини жорий этиш лозимлиги таъкидланди.

Бугунги кунда Жиноят кодексининг 236-моддасида тергов қилиш ёки суд ишларини ҳал этишга аралашганлик учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган. Эндиликда давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан Жиноят кодексининг 236-моддасини қайта кўриб чиқиш ва уни миллий ҳамда хорижий мамлакатлар тажрибасидан келиб чиқиб такомиллаштириш талаб этилади.

Фармонда назарда тутилган вазифаларни биз фақатгина жиноят қонунчилигини такомиллаштириш орқали тўлиқ бажаришга эриша олмаймиз. Шу билан бирга, судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш, уларнинг ишларига ҳар қандай аралашувлардан холи ишлаш учун шароитлар яратиб бериш асосий вазифаси этиб белгиланган Судьялар олий кенгашининг ваколатлари ва имкониятларидан янада кенгроқ фойдаланган ҳолда судьяларнинг хавотирсиз ишлаши учун давлат томонидан барча шарт-шароит яратилиши ­лозим.

Бунда судьяларнинг одил судловни амалга ошириш фаолиятига аралашганлик ҳолатларини бартараф этишга қаратилган амалий ва ташкилий таъсирчан ҳуқуқий механизмларни ишлаб чиқиш ва жорий қилишни бугунги даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

— Олий суд бугунги даврга мос фаолият ­юритиши учун яна нималарни амалга ошириши керак? Умуман, олдиндаги режаларингиз қандай?

— Бугунги кунда “Янги Ўзбекис­тон — янги суд” тамойили доирасида аҳолининг одил судловга ­эришиш имкониятларини янада кенгайтириш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишни жадаллаштиришни, соҳага илғор халқаро стандартларни жорий этишни талаб қиляпти.

Айнан шу аснода давлатимиз раҳбари томонидан 2023 йил 16 январда “Одил судловга ­эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони имзоланди. Бу тарихий ҳужжатга асосан мамлакатимизда илк бор 2023 — 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси тасдиқланди.

Ушбу тарихий ҳужжат бизни кейинги тўрт йил ичидаги устувор йўналишларимиз ва амалга ошириладиган режаларимизни белгилаб берди. Ҳужжатга кўра стратегиянинг асосий йўналишлари ­сифатида:

биринчидан, “Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш;

иккинчидан, адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш;

учинчидан, фуқаролар ҳамда тадбиркорларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қила олиши учун барча имкониятни яратиш, суд ишларини юритишда тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги тамойилларини тўлиқ рўёбга чиқариш, судларнинг холислигини амалда таъминлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш;

тўртинчидан, судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, идоралараро электрон маълумот алмашинувини яхшилаш, суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш;

бешинчидан, судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлиги кафолатларини кучайтириш, судга ҳурматсизлик қилиш ва суд ишига аралашиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича самарали механизмларни ишлаб чиқиш;

олтинчидан, давлат номидан суд қарорларини қабул қилаётган судлар ва судья­ларга, шунингдек, уларнинг қарорларига нисбатан ҳар бир фуқарода, шу жумладан, барча даражадаги мансабдорларда ҳурмат руҳини шакллантириш;

еттинчидан, суд қарорларининг қатъий ижросини таъминлаш, бу борада давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъулиятини ошириш чораларини кўриш;

саккизинчидан, судьялар ва суд ходимларида юксак муомала маданиятини шакллантириш орқали судга мурожаат қилган ҳар бир фуқаро ва тадбиркорда суддан, пировардида эса давлатдан розилик ҳиссини уйғотиш каби асосий ­вазифалар белгиланди.

Шунингдек, Фармонда давлатимиз ­раҳбари судья кадрларни тайёрлаш тизимидаги мавжуд муаммоларга эътибор қаратиб, судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ­ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг ­малакасини ошириш тизимини тубдан ­такомиллаштириш ғоясини илгари сурди.

Дарҳақиқат, суд тизимини чинакам “адолат қўрғони”га айлантиришда судья кадрларни тайёрлаш тизимини ҳозирги замон талабларига тўлиқ мослаштириш лозим бўлади. Бунинг учун ҳозирги ­Судьялар олий мактабининг фаолиятини чуқур таҳлил қилиб, таълим ва амалиёт ўртасида узвий боғлиқликни таъминлаш, касбий фанлар ҳамда амалиёт ўртасида реал интеграциялашув жараёнини яратиш, шунингдек, тизимни бугунги кун талабларига уйғунлаштириш зарур.

Суҳбатимиз якунида шуни айтмоқчиманки, судлар халқимизнинг ишончини ­мустаҳкамлаш йўлида “Судьянинг онгида адолат, тилида ҳақиқат, дилида поклик ­ҳукмрон бўлиши керак” деган ҳаётий принципга қатъий риоя этган ҳолда мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга бор куч-ғайратини сафарбар этиши лозим.

Раҳим ШЕРҚУЛОВ

суҳбатлашди.

(“Халқ сўзи” газетаси,

2023 йил 8 февраль)

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: