ҚАРЗ — ЛАФЗ ДЕМАК. УНГА ХИЁНАТ ҚИЛИБ БЎЛМАЙДИ
Бу ҳаётда ўзаро ишонч ва шартнома шартларига қатъий амал қилиш жамиятда ўзаро ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликни наинки мустаҳкамлайди, балки мамлакат тараққиёти учун ҳам муҳим омил ҳисобланади. Ўз-ўзидан маълумки, бу жиҳатларга эътиборсизлик, қонунларга нописандлик билан қараш ортиқча оворагарчиликларга сабаб бўлади.
Афсуски, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Ягона буюртмачи хизмати инженеринг компанияси билан «Йўл лойиҳа» масъулияти чекланган жамияти ўртасида тузилган шартнома шартларига компания мутасаддиларининг амал қилмагани, яна аниқроқ айтганда, кўрсатилган хизмат учун давлат бюджети маблағини тўлашни пайсалга солиб келгани йўлсозларнинг сарсон-саргардон бўлишига сабаб бўлди.
Гап шундаки, тарафлар ўртасида тузилган шартномага асосан 2019 йилда вилоят ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмга қарашли бир қатор постларнинг қатнов йўллари, шунингдек, Каптархона қишлоғидан то Навшаҳар қишлоғигача бўлган 11 километрлик хўжалик йўли қайта таъмирланди.
Йўлсозлар 1 миллиард 646 миллион 22 минг 769 сўмлик таъмирлаш ишларини тўла-тўкис адо этишади. Бироқ буюртмачи инжиниринг компанияси маъмурияти турли баҳоналарни рўкач қилиб, маблағни тўлашни пайсалга солади.
Шундан сўнг «Йўл лойиҳа» масъулияти чекланган жамияти қарзни ундириш бўйича судга даъво аризаси киритади.
Амалдаги Фуқаролик кодексининг 631-моддаси биринчи қисмига кўра, пудрат шартномаси тузган бир тараф (пудратчи) иккинчи тараф (буюртмачи) нинг топшириғига биноан маълум бир ишни бажариш ва унинг натижасини буюртмачига белгиланган муддатда топшириши шарт. Буюртмачи эса, иш натижасини қабул қилиб олиш ва бунинг учун ҳақ тўлаш мажбуриятини зиммасига олади.
Агар қонун ҳужжатларига ёхуд тарафлар келишувида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ишни бажариш учун пудратчи таваккал қилади.
Бюджет кодексининг 122-моддаси биринчи қисмида юридик мажбуриятлар иқтисод тасниф кодлари буйича бюджетдан ажратиладиган маблағлар доирасида бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар томонидан рўйхатдан ўтказилиши белгиланган. Бироқ суд жараёнида иш бажарувчи ва буюртмачи ўртасида тузилган шартномалар ғазначилик бўлинмасидан рўйхатдан ўтказилмагани маълум бўлди. Бу ҳолат масаланинг чигаллашишига сабаб бўлган.
Суд Иқтисодий процессуал кодексининг 66-моддаси биринчи қисми талабларидан келиб чиқиб, иш бўйича келтирилган далиллар ҳамда қонунчиликда назарда тутилган тартибда олинган маълумотларга таянган ҳолда «Йўл лойиҳа» масъулияти чекланган жамиятининг даъво талабларини қисман қаноантлантиришни лозим топди.
Натижада Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Ягона буюртмачи хизмати инженеринг компанияси ҳисобидан «Йўл лойиҳа» масъулияти чекланган жамияти фойдасига 1 миллиард 646 миллион 22 минг 769 сўм асосий қарз ҳамда 32 миллион 920 минг 455 сўм давлат божи ундириладиган бўлди.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқадиган хулоса шуки, шартнома шартларига амал қилмаслик, бажарилган ишнинг тўловини ўз вақтида бермаслик оғир оқибатларга олиб келади. Баён этилган мисол бунинг ёрқин исботидир.
Асрор Маҳаммадиев,
Сурхондарё вилояти суди судьяси,
Абдунаби Бобоёров,
журналист
Фикр қолдириш