ТАДБИРКОРГА ЕТКАЗИЛГАН ЗАРАР СУД ТОМОНИДАН УНДИРИБ БЕРИЛДИ

Бундан 4 йил муқаддам – 2019 йил май ойида Фарғона вилоятининг йирик ҳунармандчилк марказларидан бири бўлган Риштонда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар бошланди. Шу мақсадда 2019 йил 13 май куни туман ҳокимининг 2852-сонли қарори қабул қилинди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ушбу қарорда туман маркази қиёфасини тубдан ўзгартириш мақсадида фуқароларнинг 430 та турар-жойи, 109 та тадбиркорлик субъектлари ҳамда юридик шахсларнинг бино-иншоотлари бузилиб, ерлари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиниши белгиланди.

Улар қаторида тадбиркор Матлуба Топиболдиеванинг Рошидоний кўчасида жойлашган савдо дўкони ушбу қарор иловасига киритилмаган бўлса-да, бузиб юборилади. Оқибатда унга бино-иншоотлар учун тегишли компенсация ҳам тўланмайди. Шу боис М. Топиболдиева туман ҳокимлигининг ҳаракатидан норози бўлиб, Фарғона туманлараро маъмурий судига мурожаат қилади. Суднинг 2022 йил 19 декабрдаги ҳал қилув қарори билан Риштон тумани ҳокимлиги масъул ходимларининг хатти-ҳаракатлари қонунга хилоф деб топилиб, ҳокимлик зиммасига М. Топиболдиевага тегишли савдо дўконини туман ҳокимининг юқорида қайд этилган қарори билан тасдиқланган рўйхатга киритиш мажбурияти юклатилган.

Риштон тумани ҳокимлиги суднинг ҳал қилув қарори ижросини таъминлайди. Қолаверса, тадбиркор аёлга тегишли нотурар бино-иншоотлар давлат эҳтиёжлари учун бузилган, деб ҳисобланади. Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази Фарғона вилояти бўлимининг 2022 йил 1 декабрдаги хулосасига асосан М. Топиболдиевага тегишли савдо дўконининг бозор баҳоси 2019 йил май ойи ҳолатига кўра, 191 128 330 сўмга баҳоланган.

Шундан сўнг тадбиркор аёл компенсация пулини ундиришда амалий ёрдам сўраб, Риштон тумани адлия бўлимига мурожаат қилди. Бинобарин, адлия бўлими томонидан унинг манфаатини кўзлаб, фуқаролик ишлари бўйича Риштон туманлараро судига даъво аризаси киритилди.

Амалдаги Фуқаролик кодексининг 164-моддасига биноан, мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек, ўзининг мулк ҳуқуқини ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборат. Мулк ҳуқуқи муддатсиздир.

Ушбу кодекснинг 206-моддасида эса, давлат органининг мулкдор мол-мулкини олиб қўйишга бевосита қаратилмаган қарори муносабати билан, шу жумладан мулкдорга қарашли уй, бошқа иморатлар, иншоотлар ёки экинлар жойлашган ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарори муносабати билан мулк ҳуқуқининг бекор қилинишига қонунда белгиланган ҳоллар ва тартибдагина йўл қўйилади, бунда мулкдорга олиб қўйилган мол-мулкка тенг қимматли мол-мулк мулк ҳуқуқи асосида берилади ва унинг кўрган бошқа зарарлари тўланади ёки мулк ҳуқуқи бекор қилиниши билан етказилган зарар тўла ҳажмда тўланиши белгиланган. Ана шу асосларга таянган суд Риштон тумани ҳокимлигидан М. Топиболдиева фойдасига 191 128 330 сўмни ундириш юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилди.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, айни пайтда мамлакатимизда доимий иш билан банд бўлган аҳолининг 85 фоизи айнан тадбиркорлик соҳасида фаолият юритмоқда. Шунинг учун ҳам Президентимиз тадбиркорларга “Фаровон ҳаётимиз бунёдкорлари” дея таъриф берган. Энг муҳими, соҳанинг ҳуқуқий ҳимояси кафолатлангани боис судлар томонидан тадбиркор ва ишбилармонларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатлари ишончли ҳимоя қилинмоқда. Зеро, қонун кўмагига таянган тадбиркор асло ютқазмайди.

Ойбек ЖИЯНОВ,

фуқаролик ишлари бўйича

Риштон туманлараро суди судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: