ҚИММАТГА ТУШГАН ЎЗБОШИМЧАЛИК
Гурлан туманидаги «Бирлашган» қишлоғида шартли равишда «А. Н. – 10» номи билан юритиб келинган 13,6 гектарлик ер майдони жиддий тортишув, баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Дала бот-бот қўлдан қўлга ўтди, «ёшулли»ларнинг хоҳиш-истагига кўра, бир фуқаронинг тасарруфидан олиниб, иккинчисига берилди.
Шу аснода туман ҳокимининг тегишли экин майдонини «Шукуржон дўкончи» фермер хўжалигига узоқ йиллик ижара шартномаси асосида ажратиб бериш тўғрисидаги 2019 йил 28 январда қабул қилган 925-сонли қарори орадан 2 ой ўтмай, яъни ўша йилнинг 26 мартида чиқарилган янги 2359-сонли қарор билан бекор қилинди ва ер майдони ҳокимлик заҳирасига қайтарилди.
Аниқроғи, ҳокимнинг бу қарори туманнинг собиқ прокурори протести асосида қабул қилинди. Бироқ «Шукуржон дўкончи» фермер хўжалигидан олиб қўйилган ер майдони заҳирада узоқ қолиб кетмади. Орадан беш кун ўтмаёқ туман ҳокимининг 2019 йил 1 апрелдаги 2414-сонли янги қарорига биноан ер майдони «Ойбек хўжа» фермер хўжалиги тасарруфига ўтказилди. Ернинг янги эгаси фурсатни бой бермади. Орадан 15 кун ўтмаёқ туман «Пахта тозалаш» акциядорлик жамияти билан 207-сонли контрактация шартномасини тузиб, тегишли миқдордаги пахта ҳосилини етказиб бериш мажбуриятини зиммасига олди. Аммо ҳокимнинг ер майдонини «Ойбек хўжа» фермер хўжалиги ихтиёрига бериш тўғрисидаги охирги қарори ҳам омонат бўлиб чиқди. Бу гал ушбу қарорга вилоят прокурори эътироз билдирди.
«Пахта тозалаш» акциядорлик жамияти ва фермер хўжалиги ўртасида контрактация шартномаси имозоланган куннинг эртаси (2019 йил 16 апрель) гаёқ туман ҳокими номига протест йўллаб, ерни аввалги эгасидан қайтариб олишга доир 2359-сонли ва уни янги эгасига беришга оид 2414-сонли қарорларини бекор қилишни сўради. Ҳоким вилоят прокурори протестини қисман қаноатлантирди. Ҳар икки қарор ўша йилнинг 1 майдаги 3048-сонли янги қарорга биноан қонун талабига мувофиқлаштирилди. Ер майдони «Ойбек хўжа» фермер хўжалигидан ҳам қайтариб олинди. Бу низо 2019 йил июль ойида туман маъмурий судида ҳам муҳокама қилинди. Шу юзадан чиқарилган ҳал қилув қарорига кўра, низоли ер майдонини «Шукуржон дўкончи» фермер хўжалигидан олиб қўйиш бўйича туман ҳокими томонидан қабул қилинган 2359-сонли қарор ҳақиқий эмас, деб топилди.
Аммо ҳар икки фермер хўжалиги ўртасидаги низо барҳам топмади. Туман ҳокимлиги эса, низони бартараф этиш учун томонларни муросага келтириш, ердан оқилона ва самарали фойдаланиш, нобудгарчиликларнинг олдини олиш ва зиммадаги мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида 2019 йилнинг октябрь ойида махсус фармойиш ҳам чиқарди.
Аммо энди кеч эди. Ҳокимнинг фармойиши чиққан пайтда низоли ер ўз тасарруфида бўлган «Ойбек хўжа» фермер хўжалиги саҳни 13,6 гектардан иборат ушбу далада ўз кучи ва маблағи эвазига ғўза парваришлаб, контрактация шартномасидаги 54,2 тонна пахтани етиштиришга муваффақ бўлган ва ушбу мажбуриятни терим асносида тўлиқ адо этишни мўлжаллаётган эди. Бироқ фермернинг нияти вожиб бўлмади. Далада етиштирилган ҳосил ўзга шахс томонидан йиғиб олинди ва 54,2 тонна миқдоридаги хомашё «Гурлан пахта тозалаш» акциядорлик жамиятига етказиб берилди.
2019 йилнинг декабрь ойида «Шукуржон дўкончи» фермер хўжалигининг аризасига мувофиқ иш яна суд муҳокамасига кўчди. Унда 13,6 гектар даладаги ҳосил «Ойбек хўжа» фермер хўжалиги томонидан етиштирилгани ва учинчи шахс тарафидан йиғиб олингани қайд қилинди. Даъвогар эса, ўз талабини етарли факт ва далиллар асосида исботлаб бера олмади.
Афсуски, низо бу билан ҳам тугамади ва шу йил февраль ойида яна судга ҳавола қилинди. Туман Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши судга мурожаат қилиб, «Гурлан пахта тозалаш» акциядорлик жамиятидан 2019 йил ҳосили сифатида топширилган 54,2 тонна пахта хом ашёси учун «Шукуржон дўкончи» фермер хўжалиги фойдасига 233,1 миллион сўм миқдорида ҳосил пулини ундириб беришни сўради. Суд ушбу даъвони ҳам эътибор билан ўрганди ва пировардида айнан шундай талаб 2019 йилнинг 25 декабрь куни чиқарилган ҳал қилув қарорида ҳам акс этгани ва далиллар етарли бўлмагани боис рад қилинганини назарда тутди. Айнан шу мазмунда муқаддам чиқарилган ҳал қилув қарори қонунийлиги сабаб шу пайтгача юқори турувчи суд маҳкамаси тарафидан бекор қилинмагани ва ҳамон ўз кучида экани инобатга олинди. Даъво қаноатлантирилмади.
Оқилу доно одамлар башарти низо, зиддият учқуни пайдо бўлса, унинг аланга олишига асло йўл қўйишмайди, ғавғо рўй берган тақдирда эса, ақлу идрок, вазминлик билан ҳал этишади, муросаю-мадора йўлини излашади.
Бундай серғалва иш услуби маҳаллий ҳокимлик мутасаддилари учун асло жоиз эмас. Таассуфки, бу каби низоли ҳолат Гурланга қўшни бўлган Шовот туманида ҳам кузатилди.
Туман ҳокимлиги «Дилнура-Алишер» фермер хўжалигининг фаолиятига сунъий тўсиқ яратди. Тирноқ остидан кир излаган куйи тадбиркорнинг 0,2 гектар ерга ғалла, 0,7 гектарга пахта, 0,5 гектарга сабзовот, 1 гектарга картошкани режага нисбатан зиёд, полиз экинларини эса, 2,7 гектарга кам экканлик ва шунга ўхшаш бошқа бир қатор жузъий камчиликларга йўл қўйганликда айблашди. Қонун ва қонуности ҳужжатларида ифодасини топган ва фермерни бу борадаги жавобгарликдан озод қилишни кўзда тутувчи, айбсизлигини исботловчи тартиб-таомиллар эса, хотирдан фаромуш қилинди. Тадбиркор ҳам бўш келмади. Ўз ҳақ-ҳуқуқларини собит туриб ҳимоя қилди. Ўз тасарруфидаги 110,9 гектар ер майдонига оид амалдаги ижара шартномасини бекор қилиш юзасидан 2020 йил 18 майда чиқарилган 887-сонли қарорни маъқулламади, уни қатъий рад этди.
Ҳокимлик мутасаддилари ҳам қараб туришмади. Судга мурожаат қилишди.
Бу жараёнда ерни узоқ муддатга ижарага олиш бўйича туман ҳокими ва фермер хўжалиги ўртасида расмийлаштирилган шартнома мазмуни батафсил ўрганиб чиқилди. Пировардида ҳокимлик томонидан жиддий камчиликка йўйилган барча ҳолатлар судга ноўрин даъво сифатида тақдим қилингани аён бўлди. Маълум бўлишича, туман ҳокими ва фермер хўжалиги раҳбари томонидан имзоланган ижара шартномаси фермернинг зиммасига қўшимча равишда сабзавот, полиз, озуқа экинларини экиш, етиштириш мажбуриятини юкламайди ва шу боис орадаги битимни бекор қилишга ҳам асос бўлолмайди. Бунинг устига шартнома матнида фермернинг зиммасига бошқа экинлар учун қўшимча ер майдонларини ажратиш мажбуриятини юкловчи қоидалар мавжуд эмас. Бир қатор тартиб-қоидаларни эса, фермерлик субъекти эмас, балки туман ҳокимлиги ва унга итоат этувчи бошқа идораларнинг мутасаддилари кўра-била туриб, бузишган. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 декабрдаги 1025-сонли «Мавжуд ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, 2020 йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш ва маҳсулот етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисида»ги қарори талаблари асосида фермер хўжалигига серҳосил, тезпишар ва экспортбоп навларни танлашга кўмаклашилмаган, хўжаликни уруғликлар билан таъминлаш чоралари кўрилмаган, етиштирилган маҳсулотни келгусида харид қилиш бўйича тегишли тартибда шартнома тузилмаган.
Амалдаги ижара шартномасини бекор қилиш ташаббуси билан чиққан туман ҳокимлиги ишни қонун йўли билан муҳокама қилиш чоғи ўз даъвосини тасдиқловчи факт ва далилларни судга ҳам, қарши тарафга ҳам тақдим эта олмади. Бу жараёнда адолат, холислик, қонунийлик, инсонийлик тамойиллари устун келди. Холис ва бетараф вакил сифатида ишга жалб қилинган туман Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакили ҳам ҳоким қарорига эътироз билдирди. Прокурор ҳам ҳақиқат тараф бўлди. Ҳокимнинг даъвосини рад этишни сўради. Шу аснода фермер ва ҳокимлик ўртасида ерни узоқ муддатга ижарага олиш ва бериш юзасидан тузилган шартномани бекор қилишга асос йўқлиги равшан бўлди.
Ишни батафсил кўриб чиққан Шовот туманлараро иқтисодий суди қонун талабига таянди. Низо «Дилнура-Алишер» фермер хўжалиги фойдасига ҳал қилинди. Туман ҳокимлигининг даъво аризаси эса, рад қилинди.
Юқорида баён этилган низоли ҳолатлар баъзи маҳаллий бошқарув идоралари тадбиркорлик фаолиятига ҳамон беписанд муносабатда бўлаётганидан далолат беради. Суд статистикаси маълумотларидан кўринишича, тадбиркорларнинг ер-мулкидан маҳрум этишга қаратилган юқоридаги каби хатти-ҳаракатлар ўтган йили вилоятнинг Урганч, Янгибозор, Ҳазорасп туманларида бир мунча кўпроқ содир этилган.
Мамлакатимизда ҳар қандай соҳа қонун асосида тартибга солинган. Қонуний асосда фаолият юритаётган ҳар бир соҳа вакили қонун ҳимоясидадир.
Қонунчилигимиз тамойилларига дахл қилиш эса, тегишли жавобгарликка сабаб бўлади. Тадбиркорлик, омилкорликнинг қай жабҳаси, қай маррасида фаолият кўрсатмасин, ҳаммаси Конституция ва қонунларимиз, инсонийлик тартиб-таомиллари ҳимоясида эканлигини унутмаслик зарур.
Хушнуд Раҳимов,
Шовот туманлараро
иқтисодий суди судьяси,
Абдулла Собиров,
журналист
Фикр қолдириш