КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУДДА ИШНИ КЎРИШ АСОСЛАРИ ВА ТАРТИБИ
Шу йил 27 апрелда «Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий қонуннинг қабул қилингани мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли демократик ислоҳотларнинг янги сифат босқичини бошлаб берди. Янги қонунда бир қатор принципиал янгиликлар ўз ифодасини топган бўлиб, улар инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда ўта муҳим ўрин тутади.
Хусусан, янги қонуннинг 28-моддасида Конституциявий судда иш кўриш асослари белгиланган. Унда Конституциявий судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга бўлган давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг мурожаати, шунингдек, фуқароларнинг ва юридик шахсларнинг шикоятлари Конституциявий судда ишларни кўриш учун асос бўлиши қайд этилган.
Янги қонунда Конституциявий судга масалалар киритиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар доираси кенгайтирилиб, Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ўринбосари — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда фуқаролар ва юридик шахсларга фақат муайян ишда қўлланган қонун билан уларнинг конституциявий ҳуқуқлари бузилгани юзасидан шикоят билан Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилди.
Илгари фуқаролар ва юридик шахслар Конституциявий судга мурожаат қилганида Конституциявий суднинг уч нафар судьяси масалани суд мажлисига киритиш билан чекланар эди, холос. Эндиликда эса, фуқаро ва юридик шахслар бирор-бир қонун уларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини бузаётган бўлса, Конституцияга мувофиқ келмаса ҳамда судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган бўлса ва судда ҳимоя қилишнинг барча бошқа воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, ўша қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга тўғридан-тўғри мурожаат этиш ҳуқуқига эга бўлди.
Ушбу механизмнинг жорий этилиши Конституциямизнинг 44-моддасида кафолатланган ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилишни ишончли кафолатлашга хизмат қилади, деган қоидага мувофиқдир.
Шу ўринда фуқаро ва юридик шахслар Конституциявий суд ваколатига киритилган бошқа масалалар юзасидан мурожаат қилиш ҳуқуқи чегараланганми, деган ҳақли савол туғилади. Бунга жавобан шуни таъкидлаш жоизки, бундай ҳолларда фуқаро ва юридик шахслар Конституциявий судга мурожаатларни Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар орқали киритиши мумкин.
Қонунда белгиланган тартибга кўра, берилаётган мурожаат ёзма ёки электрон шаклда юборилиши лозим. Электрон шаклда юборилган мурожаат электрон ҳужжат айланиши тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқ бўлиши керак. Коллегиал органнинг Конституциявий судга берилган мурожаатига мазкур органнинг тегишли қарори илова қилинади.
Конституциявий судга юборилган мурожаатда Конституцияга мувофиқлиги текширилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг номи, Конституция ва қонуннинг шарҳ берилиши лозим бўлган қоидалари, мурожаатни судда кўришнинг ҳуқуқий асослари, масала юзасидан мурожаат қилувчининг нуқтаи назари Конституциянинг тегишли нормаларига илова қилинган ҳолда ҳуқуқий асослантирилиши лозим.
Бундан ташқари мурожаат қилувчининг фамилияси, исми, отасининг исми, жойлашган ери, манзили, агар ишда вакил қатнашаётган бўлса, унинг ваколатлари тўғрисидаги зарур маълумот ва илова қилинаётган ҳужжатлар рўйхати кўрсатилган бўлиши керак. Қолаверса, фуқаролар ва юридик шахсларнинг шикоятларида иш судда кўриб чиқилгани ва судда ҳимоя қилишнинг барча шаклларидан фойдаланилгани ҳақидаги тегишли ҳужжатлар илова қилиниши, шунингдек, ишни ҳал этиш учун зарур деб ҳисобланган бошқа маълумотлар ҳам тақдим этилиши шарт.
Конституциявий судга келиб тушган мурожаатлар рўйхатдан ўтказилади ва ҳал этилиши Конституциявий суд ваколатларига кирмайдиган масалаларга тааллуқли мурожаатлар беш кунлик муддатдан кечиктирмай «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонунда белгиланган тартибда тегишли давлат органлари, ташкилотлар ёки мансабдор шахсларга юборилади.
Агар мурожаат Конституциявий судга тааллуқли бўлса, мурожаат олинган кундан эътиборан етти кундан кечиктирмай уни ўрганишга киришилади.
Бунда Конституциявий суднинг раиси келиб тушган мурожаатни қонунчиликда белгиланган талабларга мувофиқлиги нуқтаи назаридан дастлабки тарзда ўрганиш ва унинг натижалари бўйича хулоса тайёрлашни Конституциявий суднинг бир ёки бир нечта судьясига топшириши мумкин.
Мурожаатни дастлабки тарзда ўрганиш натижалари бўйича Конституциявий суд судьясининг (судьяларининг) хулосаси суд мажлисида маъруза қилиш орқали таништирилади. Шундан сўнг мурожаатни кўриб чиқиш учун қабул қилиш ёки қабул қилмаслик тўғрисида Конституциявий суд ажрими қабул қилиниб, иш суд мажлисида кўриш учун қабул қилинган тақдирда унда иш бўйича маърузачи судья, ишни кўриш санаси, шунингдек, ишни кўриш учун тайёрлаш билан боғлиқ бошқа масалалар кўрсатилади.
Қабул қилинган ажрим ҳақида конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчилари уч кунлик муддатда ёзма шаклда хабардор қилинади.
Конституциявий суд мамлакатимиз Конституцияси ва қонунлари билан ўз ваколатига киритилган ишларни суд мажлисларида кўради ҳамда ҳал этади.
Эътиборли жиҳати шундаки, Конституциявий суд коллегиал орган ҳисобланади. Шу боис ишларни суд мажлисида кўришда барча судьялар иштирок этиши шарт. Шу билан бирга турли ҳолатлар бўлиши мумкинлиги нуқтаи назаридан камида беш нафар судья иштирок этган тақдирда Конституциявий суд ваколатга эга бўлиб, айрим ишларни кўриши мумкин.
Конституциявий суднинг судьяси кўриб чиқиш предмети бўлган ҳужжатни тайёрлашда илгари хизмат мавқеи сабабли иштирок этган бўлса, ишда иштирок этаётган тараф ёки бошқа шахснинг қариндоши бўлса, ишнинг пировард натижасидан шахсан, бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлса ёхуд унинг холислигига шубҳа туғдирадиган бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса, четлаштирилиши мумкин.
Конституциявий қонуннинг 39-моддаси биринчи қисмида кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда Конституциявий суднинг судьяси ишни эшитиш бошлангунига қадар ўзини ўзи рад этиши тўғрисида арз қилиши шарт.
Судьяни четлаштириш Конституциявий суднинг мажлисда ҳозир бўлган судьяларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинган асослантирилган қарор билан амалга оширилади.
Ишни судда кўриш жараёнида барча процессуал ҳаракатлар суд мажлиси баённомасида қайд этилади.
Ишни кўриш якунида суд маслаҳатхонага кириб, у ерда кўпчилик овози билан қабул қилинган қарорни ўқиб эшиттиради.
Кўриниб турганидек, Конституциявий судда ишни кўриш тартиби фуқароларнинг Конституцияда кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга хизмат қилиши баробарида уларга янада кенгроқ қулайлик яратишни назарда тутади.
Файзулла Қаюмов,
Конституциявий суди судьяси
Фикр қолдириш