ХУСУСИЙ МУЛКНИНГ ИШОНЧЛИ ВА КАФОЛАТЛИ ҲИМОЯСИ ТАДБИРКОРЛИК ТАРАҚҚИЁТИ ГАРОВИДИР
Мамлакатимизда хусусий мулкни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асоси Конституциямизнинг 53-моддасида белгиланган. Унга кўра, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкдан маҳрум этилиши мумкин.
Мулк ҳуқуқи — шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек, ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборат. Мулк ҳуқуқи муддатсиз.
Айтиш керакки, хусусий мулкнинг давлат томонидан қонунлар билан кафолатланган ҳуқуқий ҳимоясини таъминламасдан туриб, кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, иқтисодиётни либераллаштириш қийин кечиши жаҳон амалиётидан яхши маълум.
Ҳалол меҳнат билан эришилган мулк эгаси ўз мулкининг ҳақиқий соҳиби бўлиши, яъни хусусий мулк дахлсиз бўлиши керак. Бу инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясининг узвий бир қисмидир.
Қонуний йўл, ҳалол меҳнат билан топилган хусусий мулк дахлсизлиги ва унинг кафолатли ҳимояси жамиятимиздаги ҳар бир фуқаро, ҳар бир оила манфаати учун хизмат қилиши шубҳасиз. Қолаверса, бундай дахлсизлик ва кафолатли ҳимоя жамият фаровонлиги ҳамда давлат иқтисодиёти реал сектори барқарорлашувини таъминлашда ҳам муҳим ўрин тутади.
Бу борада Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан сўнгги йилларда тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳар томонлама муҳофаза қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга қаратилган муҳим ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлаш лозим.
Жумладан, 2016 йил 5 октябрда қабул қилинган «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент Фармони хусусий мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилишни янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга йўналтирилган.
Хусусан, Фармонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига аралашувни тубдан қисқартиш энг муҳим устувор йўналиш ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси сифатида белгиланди.
Шу билан бирга кейинги йилларда мамлакатимизда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган бино ва иншоотлар жойлашган ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан мулкдорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари кафолатларини янада мустаҳкамлашни таъминлаш ҳамда етказилган зарарларни қоплашда йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф қилиш, хусусий мулкнинг дахлсизлигини таъминлашга қаратилган муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 27 июлдаги «Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарларни қоплаш бўйича марказлаштирилган жамғарма ташкил этилди.
Давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилишини мазкур жамғарма билан мажбурий тарзда келишиш тартиби жорий этилди.
Президентимизнинг 2018 йил 1 августдаги «Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйишнинг қатъий тартиблари белгиланди.
Фармонга мувофиқ:
– давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилишга фақат ер участкаси олиб қўйилиши режалаштирилаётган манфаатдор шахслар билан очиқ муҳокама ўтказилганидан, шунингдек, фойда ва харажатлар баҳоланганидан кейин йўл қўйилади;
– ер участкаларини олиб қўйишда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган турар жой ва ишлаб чиқариш бинолари, бошқа иморатлар ва иншоотларнинг бузилишига кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан кейин рухсат берилади;
– фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига давлат органи ёки мансабдор шахснинг ноқонуний маъмурий ҳужжати қабул қилиниши оқибатида етказилган зарар давлат томонидан, биринчи навбатда, тегишли органларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланади, кейинчалик эса, айбдор шахсдан регресс тартибида ундириб олинади.
Ўз навбатида, Президентимизнинг 2019 йил 3 августдаги «Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафолатланишини сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармойиши бу борада алоҳида аҳамиятга эгадир. Мазкур ҳужжатда давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган ер участкаларини олиб қўйиш ҳамда кўчмас мулк объектларини бузиш ишларини амалга ошириш босқичлари белгиланган.
Бунда, хусусан, етказилган зарарнинг ўрни бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўлиқ қопланмагунга қадар олиб қўйилаётган ер участкасидаги уйни, бошқа иморат ва иншоотларни бузиб ташлашга йўл қўйилмаслиги кўзда тутилган. Ер участкалари ноқонуний олиб қўйилганлиги ва шу муносабат билан мулкдорларга зарар етказилганлиги учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги кучайтирилган.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 13 августдаги «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида»ги Фармонига кўра, 2020 йил 1 январдан бошлаб жисмоний ва юридик шахслар эгалигида бўлган, улар фойдаланадиган ва мулки бўлган ер участкаларини жамоат ва давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш бўйича ваколатлар тегишли халқ депутатлари Кенгашларига берилди.
Яна бир муҳим янгиланиш 2020 йил 23 декабрда қабул қилинган «Мулкдорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунда хусусий мулк дахлсизлигини таъминлашга оид нормалар ўз аксини топди.
Мазкур қонун билан «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги, «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунлар ва Ер кодексига ер участкаларининг ҳокимлар томонидан олиб қўйилишига тақиқ белгилаш, ер участкасига эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш, шунингдек, ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини тугатиш бўйича уларнинг ваколатларини чеклаш, ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ваколатини халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига бериш, корхоналарни (ташкилотларни) давлат тасарруфидан чиқариш ҳамда мол-мулкни хусусийлаштириш натижаларининг қайта кўриб чиқилиши ва бекор қилинишига йўл қўйилмаслигини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилди.
Шу ўринда Президентимизнинг жорий йил 20 августда мамлакатимиз тадбиркорлари билан очиқ мулоқот шаклида ўтказилган учрашувда «Агар биз иқтисодиётимизни, ижтимоий соҳани янада юксалтирамиз десак, тадбиркорликни ривожлантириш учун барча имконият ва шароитларни яратиб беришимиз зарур», — дея таъкидлаганини алоҳида эътироф этиш зарур.
Бинобарин, мустақиллик шарофати билан эришилган хусусий мулк ҳуқуқи дахлсизлигини таъминлаш, хусусий мулкдорлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг конституциявий кафолатларини кучайтириш, мамлакатимизда қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳитни шакллантириш чораларини изчил давом эттириш бугунги шиддатли ислоҳотлар даврида муҳим аҳамиятга эга.
Шербек Назаров,
Олий суд бўлим бошлиғи
Фикр қолдириш