ҒАВҒОСИ ЧИҚҚАН «ЁРДАМ»

Ҳеч кимга сир эмас, хавфли иллат саналган порахўрлик замирида жамият ҳаётини ич-ичидан кемирувчи оғир оқибатли коррупциявий хатти-ҳаракатлар ётади ва у барчанинг турмушига рахна солади.

Хонқа тумани электр таъминоти корхонаси бошлиғи вазифасини вақтинча бажарган Р. Юнусовнинг қилмиши ҳам бу фикрни яққол тасдиқлайди.

Ўтган йилнинг ёз фаслида «Ҳасан-Азиз» фермер хўжалигига қарашли балиқчилик ҳавзасида электр қуввати узилиб, сув насоси ишламай қолади.

Шунда фермер хўжалиги раҳбари Ҳасан Ориповнинг боши қотади. Чунки фермер хўжалиги электр энергияси тармоғига ноқонуний улангани учун тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш ва 10 киловаат соатга тенг қувватдан фойдаланиш учун рухсатнома олиш, белгиланган тартибда шартнома тузиш ва зарурий тўловларни амалга ошириш ишлари бажарилмаган эди.

Шундан сўнг фермер хўжалиги раҳбари туман электр таъминоти корхонасини вақтинча бошқараётган Р. Юнусовнинг ҳузурига ёрдам сўраб боради. Аммо бошлиқ фермер хўжалигини электр таъминоти тармоғидан ажратиш ёки улаш, юқори кучланишли қувватлардан фойдаланиш, шу мақсадда масус трансформатор ускунасини жиҳозлаш ва ўрнатишга рухсатнома бериш ўзи раҳбарлик қилаётган корхона томонидан эмас, балки «Ўзэнергоинспекция»нинг Хоразм вилояти бўлими ва «Ҳудудий электр тармоқлари» акция­дорлик жамияти вилоят бўлимида Давлат хизматлари маркази орқали амалга оширилишини тушунтириб, бу борада ёрдам кўрсатишга тайёр эканини билдиради. Тарафлар ўзаро келишган ҳолда ишга киришишади. Шу орада хўжалик тармоққа қайта уланади.

Трансформатор ускунаси ўрнатилади. Бироқ фермер хўжалиги раҳбари белгиланган мазмундаги рухсатнома учун Давлат хизматлари марказига ариза берган ва электр таъминоти корхонаси билан хизмат кўрсатиш юзасидан те­гишли тарзда шартнома тузган бўл­са-да, унда кўрсатилган тўловни тў­лашга шошилмайди. Аниқроғи, шартномада кўрсатилган миқдордаги пулнинг 3 миллион 128 минг сўминигина тўлайди, холос. Ўтган йилнинг кузида фермер хўжалигида «Ўзэнергоинспекция» вакиллари ўрганиш ўтказишади. Ўрганиш натижасида фермер хўжалиги электр энергияси таъминотидан узилади. Аниқланган камчиликлар юзасидан далолатнома тузилиб, айбдорга нисбатан тегишли тарзда чора қўл­лаш бўйича тақдимнома киритилади. Устига-устак, фермер хўжалиги раҳбарининг хавф­сизлик қоидаларига риоя этиш соҳасидаги би­лими қониқарсиз деб баҳоланади. Шунда яна иложсиз қолган фермер хў­жалиги раҳбари Р. Юнусовдан ёрдам сўрайди. Бошлиқ аввалига унинг илтимосини кескин рад этади, сўнгра мушук бекорга офтобга чиқмаслигини писанда қилади. У тизим ходимларининг касб байрами яқинлашаётгани баҳонасида фермер хўжалиги раҳбаридан 200 АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилади. Бироқ бунага рози бўлмаган Ҳ. Орипов ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат этади. Натижада Р. Юнусов пора олаётган пайтда қўлга олинади. Тергов органи унинг жиноий ҳаракатини Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в» банди бў­йича малакалайди.

Айтиш керакки, суд муҳокамаси чоғида Р. Юнусовга тегишли жиноят иши синчиклаб ўрганиб чиқилди. Олий суд Пленумининг 1999 йил 24 сентябрдаги «Порахўрлик ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарорида белгиланган раҳбарий тушунтиришлар ва бошқа қонун талаблари эътиборга олинди. Бунинг натижасида Жиноят кодексининг 210-моддасида ифодаланган ҳолат билан истеъмолчи Ҳ. Ориповнинг манфаатлари бўйича Р. Юнусов томонидан содир этилган жиноий ҳаракат ўртасида ўза­ро боғлиқлик мавжуд эмаслиги аён бў­лди. Бинобарин, туман электр таъминоти корхонаси раҳбари истеъмолчи тараф дуч келган муаммоларини бартараф этиш ваколатига эга бўлмаган. Шу боис суд Р. Юнусовнинг қилмишини қайта малакалаб, Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 3-қисми «в» банди ва 28,211-моддаси 1-қисми бўйича айбдор, деб топди. Судланувчига нисбатан 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, коррупция жинояти аксарият ҳолларда оддий кишилар тарафидан эмас, балки мансабдор шахс­лар томонидан содир этилади. Аммо унга қарши курашиш учун кенг жамоатчиликнинг ёрдами керак. Жамиятнинг ҳар бир аъзосида коррупцияга қарши муросасизлик муносабати намоён бўлсагина, бу иллатга чек қўйиш мумкин. Шу маънода баён этилган воқеа тафсилотидан ҳам барча бирдек хулоса чиқариши зарур.

Дилдора Пўлатова,

жиноят ишлари бўйича

Урганч шаҳар суди судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: