ЎЙИНДАН ЧИҚҚАН ЎТ ҚЎШНИЛАР ОРАСИГА НИФОҚ СОЛДИ
Инсоф-диёнатли одам ўзганинг ҳақига ҳеч қачон хиёнат қилмайди, бировга зиён-заҳмат етказмайди. Башарти, ўз қилмиши, эҳтиётсизлиги оқибатида ўзгаларга зиён етса, минг узр-ла мадад ва ёрдамга отланади, йўқотишнинг ўрнини қоплаш, дардига малҳам бўлишга интилади.
Эл-юрт ҳам шундай фазилатли одамларни қадрлайди.
Ҳазорасп туманидаги Янгибозор қишлоғининг «Алоқали кўл» маҳалласида яшовчи Ёрқиной Отаназарова ва Нигора Тўраева (исм-шарифлар ўзгартирилди) инсонийликнинг ушбу фарзини адо этишга ожизлик қилишди.
Ўзгага етказилган зарарни қоплаш, шу аснода айбини оқлашга кўпам шошилишмади.
Уларнинг қилмишидан қўшниси Отабек Маткаримовнинг хонадони кўрган зиённи хаспўшлашнинг иложи йўқ. Инсофли одам ўз айби туфайли келиб чиққан зиённи зудлик билан бартараф этади. Молини гаровга қўйиб бўлса-да, қарзини узади. Афсуски, Ё. Отаназарова ва Н. Тўраева нақд 4 миллион 360 минг сўмлик зиённи ўз вақтида қопламади. Бу зарарнинг етказилишига назоратсиз қолдирилган болакайларнинг ўйинқароқлиги сабаб бўлди.
Уларнинг фарзандлари С. Ибодуллаев ва С. Жуманазаров оловнинг кучини оддий гугурт кўмагида синаб кўришга уринишди. Ҳали 10 ёшга ҳам тўлмаган болалар оловнинг тилсиз ёв эканини қаёқдан ҳам билишсин? Ўша куни О. Маткаримовга қарашли ҳали қуриб битказилмаган бинода болакайлар уйларидан яширинча олиб чиқилган гугуртнинг кучини синаб кўрмоқчи бўлишди. Нозиккина гугурт чўпига қамалган олов бир пасда даҳшатли офатга айланди. Хайриятки, болакайларга зиён етмади. Бироқ яқиндагина хоналарга ўрнатилган янги дераза ва эшиклар бир неча сониядаёқ ёниб кулга айланди. Бундан келиб чиққан зиён миқдори 4,6 миллион сўмни ташкил этди. Иморат эгаси ушбу зиённи болаларнинг ота-онаси қоплашини кўп кутди. Лекин улар бунга шошилишмади. Бир неча ойларга чўзилган сабр онлари ниҳоят поёнига етди. Масала туман ҳокимлиги қошидаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия эътиборига ҳавола этилди. Шунда янги қурилган иморатда содир бўлган нохуш ҳодисанинг барча тафсилоти янада ойдинлашди. Маълум бўлишича, машъум ёнғин чиндан ҳам, қаровсиз ва назоратсиз қолдирилган болаларнинг қилмиши туфайли содир бўлган. Бу ҳол туман ёнғин хавфсизлиги идорасининг хулосасида ҳам ўз ифодасини топган. Айб ўз болаларини қаровсиз ва назоратсиз қолдирган ота-оналар зиммасига тушди. Шу юзадан чиқарилган қарорга мувофиқ Ё. Отаназарова ва Н. Тўраевага Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасига асосан маъмурий жарима жазоси тайинланган. Аммо бундан бирон-бир натижа чиқмади. Жаримага тортилганлар қўшни хонадонга етказилган зарарни қоплаш нарёқда турсин, ҳатто ваколатли комиссия қарорини ҳам бажаришмади.
Шу боис ушбу масала судда кўриб чиқилди. Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро суди О. Маткаримовга етказилган зарарни тўлиқ эътироф этди.
Бу даъво зарарнинг тўловига розилик билдирган жавобгар ота-оналар тарафидан ҳам тан олинди. Бироқ даъвогарнинг 2,5 миллион сўмлик маънавий зарарни ҳам қоплаш ҳақидаги талаби жиддий муҳокамага сабаб бўлди. Низо Олий суд Пленумининг «Маънавий зарарни қоплаш ҳақидаги қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида» 2000 йил 28 апрелдаги қарори талаблари асосида ечим топди. Унга кўра, жавобгарлиги эътироф қилинган Ё. Отаназарова ва Н. Тўраеванинг зиммасига 4 миллион 630 минг сўмлик моддий ва 500 минг сўмлик маънавий зиённи ўзаро тенг улушда қоплаш, давлат божи ҳамда суд харажатларини ҳам улар ҳисобидан ундириш мажбурияти юклатилди.
Анвар Раҳимов,
Хоразм вилояти суди судьяси,
Абдулла Собиров,
журналист
Фикр қолдириш