ФУҚАРОЛИК СУД ИШЛАРИНИ ЮРИТИШНИ РАҚАМЛАШТИРИШ ИСТИҚБОЛЛАРИ: МИЛЛИЙ АМАЛИЁТ ВА ХОРИЖИЙ ТАЖРИБА ТАҲЛИЛИ
Жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг моҳиятини ташкил этади.
Шу маънода судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, фуқаролик ишларини юритиш самарадорлигини оширишни таъминлайдиган ахборот тизими ва ресурсларини яратиш ҳамда электрон ҳужжат алмашинувини жорий этиш борасида ривожланган хорижий давлатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш ва таҳлил этиш долзарб вазифаларидан биридир.
Дарҳақиқат, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш фуқаролик ишлари бўйича судлар фаолиятида электрон ҳужжатлар айланишини тезлаштиради, тегишли ахборотларни тўплаш, ишлаш, тизимлаштириш ва сақланишини таъминлайди. Шу билан бирга, суд муҳокамаси иштирокчиларини ахборот тизими орқали электрон шаклда хабардор қилиш ва уларга суд ҳужжатларини ҳамда бошқа хат-хабарларни юборишда кенг қулайлик яратади.
Мамлакатимизда бу борада бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Натижада судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг бир қатор дастурлари тадбиқ этилди. Хусусан, судларга масофадан туриб мурожаат қилиш, суд мажлисларида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиб иштирок этиш, судьялар ўртасида ишларни автоматик тарзда тақсимлаш, суд қарорларини Интернет тармоғида эълон қилиш, ижро ҳужжатларини электрон шаклда мажбурий ижрога юбориш, «Е-XSUD» ахборот тизимлари жорий этилди.
Бироқ ҳозирги кунда судлар фаолиятини рақамлаштириш, сунъий интеллектни жорий қилиш, суд жараёнларини мақбуллаштириш, шаффофлигини таъминлаш, суд билан бошқа органлар ўртасида электрон ҳужжатлар, маълумотлар алмашинувини янада такомиллаштириш, соҳада инсон омилини қисқартириш, фуқаролар ва тадбиркорларга кўрсатиладиган интерактив хизматлар турини кенгайтириш бўйича ишларни янада такомиллаштириш долзарб масалалардан биридир.
Шунинг учун «Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси»нинг «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида суд тизимини босқичма-босқич рақамлаштириш, бюрократик ғов ва тўсиқларни бартараф этиш орқали фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини тубдан оширишга оид муҳим мақсадлар белгиланди.
Бу, ўз навбатида, айни йўналишда бир қатор устувор вазифаларни амалга оширишни тақозо этади.
Бу борада аввало ривожланган хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш алоҳида ўрин тутади. Бинобарин, кўплаб ривожланган давлатларда суд ишларини юритиш тўлиқ ҳолда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминланган ва рақамлаштирилган.
Масалан, Германияда судга даъво аризасини беришдан тортиб, токи электрон суд иши давлат архивига сақлаш учун топширилишигача бўлган жараёнлар электрон шаклда амалга оширилади. Шунингдек, ҳар бир шахснинг ўз электрон рақамли имзоси бўлиб, ушбу имзо орқали ҳар бир шахсни идентификация қилиш имконияти мавжуд. Даъвогар ўз электрон манзилидан ариза юборгач, унга суддан ушбу ариза қабул қилингани юзасидан маълумот келади. Судга юборилган ва ундан келган ҳужжатлар маълум шифрга солиниб, учинчи шахсларнинг ушбу ҳужжатларни ўқишини истисно этади.
АҚШда судга оид маълумотларни электрон шаклда олиш PACER тизими ва судга электрон шаклда ариза тақдим этишни назарда тутувчи CM/ECF глобал тизим орқали амалга оширилади. Ушбу тизимдан фойдаланиш пуллик ҳисобланади. Тўлов маблағларидан шу тизимга хизмат қилиш ва ахборот тизимини қўллаб-қувватлаш учун фойдаланилади.
Европа Иттифоқи мамлакатларида электрон одил судлов турлича ривожланган. Европа Иттифоқи томонидан электрон одил судлов портали яратилди. Яъни «Автоматик ишлаш» портали миллий судларда ахборот технологияларидан фойдаланиш бўйича долзарб маълумотларни ўз ичига олган.
Суд муҳокамаси давомида ахборот технологияларидан фойдаланиш мақсадида кўплаб мамлакатларда қонун ҳужжатлари такомиллаштириб борилмоқда. Айрим мамлакатларда Интернет каби алоқа тармоқлари суд иш юритишнинг барча турларида, бошқаларида эса, фақат айримларида қўлланилади.
Сингапурда ахборотларни «EFS» электрон тизими орқали юбориш тажрибаси Олий суд ва қуйи турувчи судларда деярли уч йил мобайнида синовдан ўтказилгач, 2000 йил 1 мартдан амалга жорий этилган.
Сингапур тажрибасига кўра, ҳужжатларни электрон шаклда тақдим этиш тизимига кириш учун ундан фойдаланувчи албатта, рўйхатдан ўтиши зарурлиги, техник ускуналарга ва лицензияланган дастурий таъминотга эга бўлиши талаб этилади.
Судлар, ўз навбатида, мустақил сертификацияловчи марказ вазифасини бажаради: рўйхатдан ўтгач, фойдаланувчига шифрли сертификат жойлаштирилган ва «EFS»га кириш учун рухсат этадиган смарт-карта берилади. Шундан сўнг у электрон тизим хизматидан фойдаланиши мумкин бўлади.
Австралия Федерал судида ҳам «e-filing» атамаси билан юритиладиган ҳужжатларни электрон шаклда тақдим этиш тизимидан фойдаланилади.
Ўз навбатида, Федерал суд Регламенти ушбу онлайн-хизматни амалга оширишнинг ҳуқуқий асоси ҳисобланади. Электрон ҳужжатлар суднинг Интернетдаги сайти орқали юборилади. Фойдаланувчиларнинг ариза тақдим этиши ва йўлланма ҳужжатлари учун асосий электрон интерфейс рўйхатга олишнинг электрон тизими ҳисобланади.
Эстонияда суд муҳокамасини бошлаш, ҳужжатларни тақдим этиш, фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича шикоят қилиш мумкин бўлган электрон суд ишларини юритиш ахборот тизими мавжуд. Процессуал ҳужжатлар электрон имзо ёрдамида тақдим этилади. Жиноят процессида эса, суд муҳокамаси бўйича ҳужжатларни топшириш мумкин. Тўлов топшириқномалари ва техник хизмат кўрсатиш бўйича даъволар фақат интернет тармоғи орқали тақдим этилади. Бу эса, ахборот технологиялари ривожланишининг етарли даражада юқори эканини, энг муҳими, аҳолининг ушбу технологиялардан фойдаланишга тайёрлигини кўрсатади.
Хитойда судлар томонидан аллақачон онлайн хизмат кўрсатиш платформалари яратилган. Бунинг учун ҳар бир аризачи тегишли Олий суднинг веб-сайтига кириши, даъво аризасини яратиш саҳифасига ўтиши, керакли маъмурий округдаги судни танлаши ва кўрсатмаларга мувофиқ шаклни тўлдириши, шахсини тасдиқловчи маълумот ва далилларни юклаши ва судга юбориши лозим. Ишни кўриб чиқиш жараёнини аризачи онлайн тарзда кузатиб бориши мумкин.
Ҳозирги кунда суд ишларини юритишни рақамлаштиришда, айниқса, сунъий интеллектни жорий этиш муҳим аҳамият касб этади.
Сунъий интеллект, Европа Комиссиясининг 2018 йилдаги «Европа учун сунъий интеллект» сиёсати бўйича Коммюнике дастурига кўра, «атроф-муҳитни таҳлил қилиш ва муайян мақсадларга эришиш учун маълум даражадаги автоном ҳаракатларни амалга ошириш орқали оқилона хатти-ҳаракатларни намоён этадиган тизимдир».
Ушбу тизимдан фойдаланиш иш сифатини таъминлаш, шунингдек, муайян вазифаларни амалга оширишни соддалаштириш имконини беради. Шу муносабат билан Европа Кенгашининг Одил судлов самарадорлиги бўйича Европа комиссияси томонидан 2018 йил 4 декабрда суд тизимларида сунъий интеллектдан фойдаланишга оид одоб-ахлоқ принципларини белгиловчи биринчи ҳужжат қабул қилинди.
Ушбу ҳужжатда одил судлов самарадорлиги ва сифатини оширишга мўлжалланган сунъий интеллект усуллари ва таркибий қисмларидан фойдаланиш қўллаб-қувватланган. Сунъий интеллект суд қарорларини чиқаришда учрайдиган хатолар сонини камайтириш орқали суд қарорларининг асослилигини янги даражага олиб чиқишга ва суд иш юкламасини енгиллаштиришга хизмат қилади.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда фуқаролик суд жараёнларини рақамлаштириш, суд ҳужжатларини бошқа давлат органи, ташкилотлар билан интеграция қилиш бўйича ўз ечимини кутиб турган бир қатор муаммолар мавжуд. Хусусан, судлар томонидан фуқаронинг муомала лаёқатини чеклаш ёки уни муомалага лаёқатсиз деб топиш, вояга етмаган шахсни тўлиқ муомалага лаёқатли деб эълон қилиш каби ишлар кўрилиб, суд ҳал қилув қарорлари чиқарилмоқда.
Аммо айни турдаги ишлар бўйича ушбу шахслар рўйхати, улар ҳақидаги маълумотлар бўйича ҳеч қайси давлат органи ёки ташкилотда муайян база мавжуд эмас. Бу эса, кейинчалик ушбу шахслар томонидан битимлар тузилиши ёки бирон-бир ҳаракатни амалга оширилиши натижасида низоларни келтириб чиқариши мумкин.
Фикримизча, бу борадаги муаммоларнинг олдини олиш мақсадида ушбу суд ҳужжатлари бўйича ФҲДЁ ва нотариал идоралар билан электрон ҳужжат алмашинувини йўлга қўйиш ҳамда ягона электрон база ташкил этиш мақсадга мувофиқ.
Хулоса қилиб айтганда, фуқаролик суд ишларини юритишни рақамлаштириш, шубҳасиз, фуқароларга суд орқали ҳимояланиш учун қулайликлар яратади. Қолаверса, одил судловнинг самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Давлатжон Ҳабибуллаев,
юридик фанлар номзоди, профессор
Фикр қолдириш