САЙЁР ҚАБУЛДА МУРОЖААТЛАРНИНГ АКСАРИЯТИ ЕЧИМИНИ ТОПДИ

Андижон вилояти Улуғнор, Балиқчи туманларидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналарида Олий суд раиси ўринбосари Бахтиёр Исоқов раҳбарлигида Олий суд судьялари сайёр қабул ўтказди.

Сайёр қабулда 60 дан зиёд фуқаро ҳамда тадбиркорлик субъекти турли масалалар юзасидан мурожаат қилди.

Мурожаатлар юзасидан сайёр суд мажлислари ўтказилиб, уларнинг маълум қисми қаноатлантирилди.

– Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судининг 2016 йил март ойидаги қарори билан менга олти йил қамоқ жазоси берилган, – дейди Улуғнор тумани Оқолтин қишлоғида яшовчи А. Раҳматов. – 2018 йил апрелда жиноят ишлари бўйича Оҳангарон туман суди қарори билан жазонинг ўталмай қолган муддати ҳар ойлик иш ҳақимнинг 15 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган эди. Сайёр қабулда Олий суд раиси ўринбосарига ана шу жазо бекор қилинишини сўраб мурожаат қилдим. Қабул доирасида ўтказилган сайёр судда қилган айбимдан пушаймонлигим, ўзимни яхши томонлама кўрсатганим инобатга олиниб, мурожаатим ижобий ҳал этилди. Мен жазони ўташ муддатидан илгари шартли равишда озод қилиндим.

Сайёр қабул давомидаги мурожаатларнинг аксарияти жойида ўз ечимини топди, 16 тасига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 6 таси назорат тартибида кўриб чиқиладиган бўлди. Шунингдек, мурожаат қилувчиларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш юзасидан суҳбатлар ўтказилди.

Олий суд раиси ўринбосари иштирокидаги ана шундай сайёр қабуллар Наманган вилояти Поп ва Тўрақўрғон туманларида ҳам бўлиб ўтди.

ЎзА

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: