САХОВАТПЕША НИҚОБИДАГИ ФИРИБГАР

Меҳр-мурувват, хайр-саховат каби эзгу амаллар халқимизнинг азалий қадрияти ҳисобланади. Зеро, яхшилик, оқибат, силаи раҳм каби улуғ фазилатлар доимо инсонга зийнат бўлиб келган. Бинобарин, кимки эзгулик йўлида саъй-ҳаракат қилса, умрига, ризқига барака киради, ҳаёти осуда, қалби хотиржам бўлади. Шукрки, юртимизда ўзгалар дардига дармон бўлаётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга имкон даражасида ҳам моддий, ҳам маънавий кўмак бераётган саховатпеша кишилар кўплаб топилади. Моддий ёрдамга муҳтож одамлар бугунги кунда кўпинча интернет, хусусан, ижтимоий тармоқлар орқали бошқаларга мурожаат қилишмоқда. Афсуски, хайрия мақсадида йиғилган маблағларни турли алдов йўллари билан ўзлаштириб олишга уринаётган «уддабурон» кишилар ҳам учраб турибди. Яқинда жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Олмазор тумани судида ана шундай ишлардан бири кўриб чиқилди.

Мўмин (исм-шарифлар ўзгартирилди) оилали бўлса-да, бирор ишнинг бошини тутмади. У муқаддам судланган, қилган жиноий қилмиши учун жазосини ҳам олган эди. Аммо темир панжаралар ортида ўтириб хатоларидан керакли хулоса чиқариш, тузалиш йўлига ўтиш ўрнига, осон бойлик орттириш мақсадида яна қинғир режа тузади. Ўйлаб юрган ғаразли мақсадини амалга ошириш учун аввал «Youtube» орқали пластик карта билан қандай ишлаш хусусида турли электрон дас­турларни обдан ўрганади.

Шундан сўнг телеграм ижтимоий тармоғидаги «Хайрия» каналлари орқали «ўлжа» излашга тушади. Оғир хасталикка чалинган, даволаниш мақсадида саховатли инсонлар кўмагига умид қилиб банкда ҳисоб рақами очтирган бир неча фуқаронинг рўйхатини тузиб олади. Ўзи Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида бўла туриб, пойтахтда даволанаётган бир қанча беморлар билан телефон орқали суҳбатлашади.

– Ассалому алайкум, яхшимисиз? – дейди Мўмин хушмуомалалик билан Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Тошкент шаҳар филиалида даволанаётган Тамара опага қўнғироқ қилиб.

– Ваалайкум ассалом.

– Интернет орқали берган эълонингизни ўқиб қолгандим. Анча соғайиб қолдингизми? – ясама такаллуф билан ундан ҳол-аҳвол сўрайди Мўмин.

– Раҳмат, меҳрибон инсонлар ва ширинсўз шифокорлар кўмагида яхши бўлишга ҳаракат қиляпман, болам.

– Менинг ҳам хайрия сифатида атаганим бор эди, пластик карта рақамингизни айтиб юборсангиз, маблағни кўчириб берардим.

Тамара опа пластик карта рақамини бирма-бир айтиб туради.

– Яхши, ёзиб олдим, ҳозир тушади.

Мўмин бироздан кейин яна қўнғироқ қилиб, пул ўтказишида қандайдир муаммо бўлаётганини айтади.

– Ҳозир мен сизнинг телефонингизга тўртта рақамдан иборат sms жўнатаман, сиз эса уларни менга такрор айтиб юборасиз, – деб алдов йўли билан унинг ишончига киради Мўмин. Ўзи шундоқ ҳам дард билан олишиб ётган Тамара опанинг шу тобда бу рақамлар махфий код бўлиши мумкинлиги сира-сира хаёлига келмайди. Бироздан сўнг Тамара опа телефонига келган SMS кодни айтади. Мўмин эса ўзининг уяли телефони ёрдамида бемор аёлнинг пластик картасига уланиб, ҳисобида 1 400 000 сўмдан ортиқ пул борлигини аниқлайди. «Youtube» орқали ўрганганидек, «webmoney.uz» канали ёрдамида ушбу маблағни 153 АҚШ долларига айлантиради ва ўзининг электрон ҳамёнига ўтказиб олади.

Мўмин ишнинг бу қадар осон ва тез битганидан завқланиб, рўйхатидаги бошқа рақам эгалари билан ҳам боғланишга уринади. Унинг нав­батдаги «ўлжаси» Тошкент шаҳар Олмазор тумани Орзу маҳалласида жойлашган хусусий шифохонада даволанаётган Салим ака эди. Унга ҳам хайрия сифатида ҳисоб рақамига пул ўтказиб беришни ваъда қилиб, унинг ҳисобидаги хайриядан йиғилган жами 19 829 000 сўм пулни аввалгидек «webmoney.uz» канали орқали 2 163 АҚШ долларига айлантириб, ўзининг электрон ҳамёнига ўтказиб олади.

Бош мия ўсимтаси билан даволанаётган жияни Бобурга ёрдам тариқасида келаётган хайрия пулларини йиғаётган Исмоил ҳам Мўминнинг найрангига учади. Пластик картаси ҳисобидаги жами 9 817 200 сўмни ўзи билмаган ҳолда Мўминнинг электрон ҳамёнига жойлаб қўяди.

Жабрланувчилар зудлик билан ички ишлар органларига мурожаат қилишади. Мазкур жиноят иши бўйича терговга қадар суриштирув ишларини олиб борган Тошкент шаҳар ИИББ ЖҚБ тезкор вакили, капитан Бекзод Тиллахўжаев дарҳол Қўқон шаҳрига борди.

– Менда учта ўғирлик жиноятидан биттасини Мўмин Солиев содир этганлиги тўғрисида маълумот бор эди, – дейди капитан Бекзод Тиллахўжаев суддаги кўрсатувида. – Суриштирув ҳаракатларини олиб бораётган вақтимда кўчада тўсатдан Мўминни учратиб қолдим. Салом-алик қилгач, оғир аҳволдаги бемор одамларнинг пластик картасидаги пулларини кимдир ечиб олганлигини айтиб, гап орасида атай: «Хаста кишиларнинг саломатлиги учун йиққан-терганлари ўша одамга буюрармикан?..» – деб қистириб ўтдим. Мўминнинг ранг-рўйи оқариб кетди, аммо сир бой бермай, елкасини қисиб, ўтиб кетди. Эртаси куни эса гумон қилинувчининг ўзи учта ҳолат бўйича жабрланувчиларнинг пластик картасидаги пулларни ўз ҳисобига ўзлаштириб олганлигини айтиб, бош эгиб қилмишидан пушаймон эканини айтиб, кечирим сўради. Тергов жараёнида беморлардан олган барча пулларни эгаларига қайтариб берди.

Суд Мўмин Солиевга жазо тайинлашда унинг айбига иқрорлигини, қилмишидан пушаймонлигини, оилавий аҳволини, жабрланувчиларга етказилган зарар тўлиқ қопланганлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида баҳолади. Содир этилган жиноятнинг оғирлик даражаси ва хусусиятини, жабрланувчининг даъвоси борлигини, шунингдек, унинг оилавий шароитини, қилмишига пушаймон бўлиб, ўз ихтиёри билан айбини тан олиб мурожаат қилгани, оиласининг ягона боқувчиси экани, онаси
II гуруҳ ногиронлиги инобатга олиниб, озодликдан маҳрум қилиш жазосининг энг кам муддатидан ҳам камроқ муддат жазо тайинлашни лозим деб топди.

Юқоридагиларга биноан, Мўмин Солиевга бир йилу олти ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Хулоса ўрнида айтмоқчи бўлганимиз, техника асрида кибержиноятчиликлар тез-тез қулоққа чалинмоқда. Одамларнинг соддалигидан фойдаланиб, хайрия пулларини ўмараётган бундай фирибгарларнинг иш услуби оддий: «Сизга хайрия қилмоқчиман, бунинг учун SMS орқали келадиган кодни менга айтиб юборинг» дейишади ва код орқали пластик картангиздаги пулни ечиб олишади. Огоҳ бўлинг, ўзингиз ва яқинларингизни кибержиноятчилар тузоғига тушиб қолишдан асранг!

Мусо ЮСУПОВ,

жиноят ишлари бўйича
Олмазор тумани суди судьяси,

Адолат ФАЙЗИЕВА,

«Postda» мухбири.
(“Postda” газетаси,
2019 йил 9 октябрь)

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: