ТАРКИ ОДАТ — АМРИ МАҲОЛМИ?

ёки олтмиш олти ёшли аёл нима учун йигирма маротаба судлангани хусусида

Донишмандларнинг айтишича, бу дунёда инсонинг энг ашаддий душмани — унинг нафсидир. Албатта, ҳар биримиз кунда-кунора айни ҳақиқатнинг турфа кўринишларига дуч келамиз. Дейлик, ношукурлик, кўзнинг очлиги, кўнгилхушликка бўлган майл, бировнинг ҳақидан қўрқмаслик сингари иллатлар ортида нафс аталмиш ғанимнинг кишини аянчли қисматга гирифтор қилувчи кўрсатмаси ётади. Энг ачинарлиси, нафс ёш танламайди.

Марғилонлик Хадича Эгамова (исм-шарифлар ўз­гар­тирилган) ҳам нафс қутқусига учиб, фирибгарликни ўзи­га қарийб касб қилиб олди.

Албатта, бундай дейишимизнинг боиси бор. Негаки, ай­ни пайтда 66 ёшга тў­либ, бир неча нафар набиранинг бувиси бўлган бу аёл «бор-йўғи» 20 маротаба судланишга улгурган. Шундан ўн тўқ­қизтасида у айнан фирибгарлик қилмишига қўл ургани учун жиноий жавобгарликка тортилган. Жиноят иши ҳужжатларидан маълум бўлишича, Хадича опа ўз «фаолияти»ни 32 ёшида бошлаган. Кейин яна, яна ва яна фирибгарликка қўл ураверди. Натижада унинг қилмишлари жиноят­ ишлари бўйича Фарғона шаҳар судида 8 маротаба, жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур ва Юнусобод туман судларида 2 мартадан, жиноят ишлари бўйича Сўх, Қува, Олмазор, Бувайда, Бағдод туман судлари ҳамда жиноят ишлари бў­йича Марғилон шаҳар судида кўриб чиқилган. Аммо Ҳ. Эгамова булардан ўзига тегишли хулоса чиқариб олмаган. Ҳат­то жазодан муддатидан олдин ёки амнистия актига мувофиқ озод қилинган ёки жазо енгилроғи билан алмаштирилган кезларда, қолаверса, жазони ўташ мобайнида ҳам фирибгарликдан ўзи­ни тиймаган.

Гап шундаки, хавфли рецидивист бўлган Ҳадича Эгамова бу галги жиноятини эски «шогирди» — айни пайтгача фирибгарлиги учун 5 маротаба судланишга «улгурган» Дилбар Фазлиддинова билан «ҳамкорликда» содир этди. Яъни 2018 йил 18 декабрь ку­ни Ҳ. Эгамова компьютер ор­қа­ли «Far Vodiy Nurli» хусусий корхонасида ўзини раҳбар, Д. Фазлиддинованинг қизи Г. Фазлиддиновани ҳи­собчи бўлиб ишлаши ва йиллик иш хақлари ҳақи­даги ҳужжатларни сохталаштириб, уларни Тошлоқ туманида фао­лият юритувчи якка тартибдаги тадбиркор З. Обиджоновга тақдим этади.

Натижада тадбиркорнинг савдо дў­­конидан нархи 3 410 000 сўмлик «3614» русумли нон пишириш печи, «Артел-9000» телевизори, бир дона миксер ва ошхона қозонини сотиб олиш тўғрисида 81-сонли шартнома тузишади. Шарт­нома шартига кўра, З. Обиджоновга 630 000 сўм бериб, қолган 2 780 000 сўмни 5 ой муддатда фоизи билан тўлаб боришини билдиради. Сўнг бу буюмларни нотаниш шахсларга сотиб, пулини шахсий эхтиёжлари учун сарфлаб юборади. Орадан 2 кун ўтиб, Х. Эгамова қўлида сохталаштирилган ҳужжатлар билан яна З. Обиджоновнинг дўконига кириб боради. Пировардида нархи 4 761 000 сўмлик «Артел» те­левизори ва уяли телефонини олиб, тадбиркорга 830 000 сўм беради, холос. Яна ўтган галгидек қолган 3 931 000 сўм­ни 5 ой муддатда тўлашини ай­­тади. Қўлга киритган буюмларини эса, аввалгидек, нотаниш шахсларга пуллайди.

Шундан сўнг Х. Эгамова янада каттароқ фирибгарликка қўл уради.

Аниқроғи, 2019 йил 22 февраль куни тонг­да Қувасой шаҳрининг Суфон маҳалласидаги мол бозорига йўл олади. Ўша куни Латифжон ¤рмонов ҳам ўзининг бир бош сигирини бузоғи билан бозорга олиб чиққанди. Бироқ Латифжон ака уйи­дан чиқаётганида устаси фаранг фирибгарга дуч ке­лишини қаёқ­дан билибди, дейсиз. Х. Эгамова унинг сигирини 8 400 000 сўмга баҳолайди. Шу боис Л. Ўр­моновга 2 500 000 сўм ҳисобида 300 АҚШ доллари бериб, қолган қарзини эса, бир ҳафтада узишини айтади. Бу ҳақида тилхат ҳам ёзиб беради.

Лекин орадан кўп ўтмай сигирни бузоғи билан бирга нотаниш шахсга сотиб, пулларни «ҳазм» қилиб юборади.

Буни қарангки, фирибгар хо­ним ўша куни бозордаги суҳбатда Латифжон Ўрмоновнинг уйида яна сотиладиган қорамоллари борлигидан хабар топганди. Бинобарин, икки кун­дан сўнг унинг уйига кириб боради.

— Бу молларингизни ҳам ўзим сотиб оламан, — дейди у. Сўнгра хонадон соҳибининг 2 бош молини 6 000 000 сўмга баҳолайди.

— Қолганини ўн кундан сўнг оласиз, — дея Л. Ўрмоновнинг қўлига 850 000 сўм ҳисобида 100 АҚШ долларини тутқазади. Аммо ўн кун тугул, орадан бир неча ой ўтса ҳамки, қарзини узмай, Латифжон акани лақиллатиб юраверади. Ваҳоланки, бу маккора аёл қорамолларни аллақачон сотиб, пулини жиғилдонига урганди.

Буёғини сўрасангиз, 2019 йил 5 март куни Х. Эгамова жи­ноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг ҳукмига биноан, муқаддам содир этган фирибгарлиги учун Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б»-банди билан айб­дор деб топилиб, 4 йил 3 ой 21 кун озодликни чеклаш ва жарима жа­зосига маҳкум этилганди. Аммо унинг сўқир кўзлари ба­рибир очилмади, аксинча, эски «ҳунари»ни да­вом эттираверади.

Маълум бўлишича, 2019 йил 13 март куни «қаҳрамон»имизнинг танишлари Одилжон Камолов ва Ғолиб Нурмуҳаммедов Ж. Холдоров ўзининг 4 бош қорамолини сотиш ниятида эканини айтишади. Бир эмас, 4 бош қорамол ҳисобига яхшигина пул ишлаб олишни ўйлаган фирибгар аёл эса, ўша заҳотиёқ оё­ғини қўлига олиб, Ж. Холдоровнинг уйига югуради.

— Фақат пулини ўн беш-йигирма кунда бераман, — дейди маккора аёл молларни 28 000 000 сўмга баҳолагач.

Ж. Холдоров ҳам бунга рози бўлади.

Қисқаси, ўша куни фирибгар аёл Ж. Холдоровнинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб, молларни олиб кетади. Аммо у ўша куни молларни Марғилон шаҳридаги мол бозорида нотаниш шахсларга анча арзон нархда — 18 500 000 сўмга сотади-да, пулини шахсий эҳтиёжига сарф­лаб юборади. Ж. Холдоровни эса, турли баҳоналар би­лан алдаб юраверади.

Булар ҳали ҳаммаси эмас.

Бу фирибгар аёл Қобил Мирзаназаровни ҳам чув туширади. Яъни у Қувасой ша­ҳар Бе­ҳизор маҳалласидаги мол бозорида Қобил аканинг бир бош сигирини 9 000 000 сўмга баҳолайди. Кейин 2 000 000 сўм бериб, қолган 7 000 000 сў­мини бир ҳафтада келтириб бе­ри­шини айтади.

Албатта, келишилган муддатда Қ. Мирзаназаров Хадича Эгамовадан ўз ҳақини сўрайди. Лекин Х. Эгамова ҳар гал ун­га бири иккинчисига ўхшамаган важ-карсонларни рўкач қи­лишдан чарчамайди.

Халқимиз «Қинғир ишнинг қи­йиғи қирқ йилдан кейин ҳам чи­қади» деган ҳикматни бежизга айтмаган.

Буни қайд этишдан мақсад шуки, фирибгар аёл Х. Эгамованинг қилмишларига ҳам охир-оқибат чек қўйилди. Аниқроқ айт­­ганда, тадбиркор З. Обиджоновнинг мурожаатига асосан, Тошлоқ туман ИИБ томонидан Хадича Эгамова ва Дилбар Фазлиддиновага нисбатан, Ж. Холдоровнинг аризасига мувофиқ эса, Қувасой шаҳар ички ишлар бўлими томонидан Х. Эгамовага нисбатан жи­ноят­ иши қўз­ғатилиб, иккала жиноят иши Жиноят-процессуал кодексининг талаблари доирасида бирлаштирилди. Натижада иккала фирибгар жиноят ишлари бў­йича Қува туман судининг ҳукмига биноан қонуний жазога тортилди. Хусусан, Хадича Эгамова Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қис­ми «б»-банди ва 228-моддаси 2-қисми «б»-банди билан айбдор деб топилди. Шунингдек, жиноят ишлари бўйича Фар­ғона шаҳар судининг 2019 йил 5 мартдаги ҳукмига кўра, тайинланган жазонинг ўталмай қолган қисми ҳам қўшилди ва жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатлар инобатга олиниб, узил-кесил 5 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қи­лиш жазоси тайинланди. Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б»-банди, 228-моддаси 2-қисми «б»-банди билан айбдор деб топилган Дилбар Фазлиддинова эса, муқаддам жиноят ишлари бўйича Тошлоқ туман судининг 2019 йил 27 июндаги ҳукмига мувофиқ та­йин­ланган озодликдан маҳрум қилиш ва жарима жазоси ҳам инобатга олинган ҳолда узил-кесил энг кам ойлик иш ҳақи­нинг саксон беш баравари (17 232 050 сўм) миқдорида жарима ҳамда 5 йил 4 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этилди. Қолаверса, суд ҳукмида Х. Эгамовадан жабр­ланув­чи­ларга етказилган зарарларни ундириш ҳам белгиланди. Д. Фаз­лид­динова эса, тергов жараёнида ўзи томонидан З. Обиджоновга етказилган зарарни тўлиқ қоплади.

Буни қарангки, суд жараёнида Х. Эгамова ўзининг ёши ва набирали аёл эканини инобатга олиб, енгиллик беришни сўради. Энди ҳақ­ли савол туғилади: хўш, нима учун у ёши улуғлигини, қуда-андали ва набирали аёл эканлигини шунча йиллар мобайнида ўйламади?

Фирибгарлик билан қўл­га киритган пуллари унга на­сиб қилдими?

Йўқ, албатта. Агар Х. Эгамова фарзанду набираларининг элу юрт ва қуда-андалари олдида бошлари эгилишини ўй­лаганида эди, нақ йигирма бир маротаба фирибгарликка қўл урмаган бўларди.

Ваҳоланки, унинг тенгдошлари айни пайт­да нафақа гаштини суриб, набиралари қуршовида умргузаронлик қи­лишмоқда. Шундай экан, ҳаётда ҳалоллик билан, пешона тери эвазига кун кў­ришга нима етсин?!

Зафаржон ОМОНОВ,
жиноят ишлари бўйича
Қува туман судининг раиси

Хуршид СУЛТОНОВ,
 журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: