«ҲАММАСЛАК»ЛАРНИНГ УШАЛМАГАН «ОРЗУ»СИ

Бугунги кунда гиёҳвандлик воситалари ёки психотрон моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш нафақат мамлакатимиз, балки жаҳон ҳамжамиятини ҳам жиддий ташвишга солаётган глобал муаммолар сирасига киради. Бу иллат инсон саломатлигига путур етказибгина қолмай, оилалар ҳаётини издан чиқаради, жамият барқарорлигига хам  жиддий хавф туғдириш баробарида, турли жиноятларнинг ҳам келиб чиқишига йўл очади.

Мамлакатимизда гиёҳвандлик балосига қарши курашишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилган. Хусусан, Жиноят кодексида гиёҳвандлик воситалари ва психотрон воситалар билан қо­нунга хилоф равишда муомала қилиш оғир ва ўта оғир жиноятлар туркумига киритилган бўлиб, уларни содир этганлик учун қатъий жавобгарлик белгиланган.

Шунингдек, бу турдаги жиноят­лар­ни­ содир этган, гиёҳвандликка муккасидан кетган кимсаларга нисбатан мажбурий тартибда даволаш чоралари ҳам қўлланилади.

Шунга қарамай, орамизда бойлик орттириш илинжида оғуфурушликдек нопок йўлни танлаган кимсалар ҳам учраб туради.

Шу ўринда фикримизни ҳаётий мисоллар ёр­дамида давом эттирамиз. Шаҳрисабзлик Маҳмуд Алиқулов жи­ноий­ шериги Баҳодир Мирзаев (исм-шарифлар ўзгартирил­ган) ­нинг «кўр­сат­ма»­си билан уйида наша ўсимлигини етиштиради. Ҳамтовоқларнинг бундан кўзлаган ғараз мақсади оғуфурушликдек чиркин «касб» ортидан мўмай даро­мад орт­тириш эди.

Айтиш керакки, «ҳаммаслак»ларнинг бири Ба­ҳодир Мирзаев муқаддам жиноий қилмишлари учун икки марта жиноий жавобгарликка тортилган.

Бироқ «ўрганган кўн­гил ўртанса қўймас» деганларидек, ёши бир жой­­­га бориб қолган, қо­лаверса, катта оиланинг бошлиғи бўлган бу кимсалар қилмишларининг «ми­си» чиқишини ўйлаб ҳам ўтирмай, тубанлик йў­лини танлашди.

Маҳмуд заҳри қотил «пишиб», маромига етгач, жиноий шериги Ба­ҳо­дир Мирзаевни уйига чақириб, унга бу ҳақ­да секин оғиз очди:

— «Дори» сиз айтгандек, обдон етилди. Агар яқин танишларингиз бўл­са,  нашани пуллаш йўлини қидиравери­ши­миз ке­рак. Яхшигина нарх қў­йиб, майдалаб ўтказсак, ик­­каламиз ҳам бир нарсалик бўлиб қоламиз.

Маҳмуддан бу «хушхабар»ни эшитган Баҳодир «харидор» топишга ваъда берди.

Орадан кўп  ўтмай, «харидор» ҳам то­пила қол­ди. Ўзини «Шавкат» дея деб таништирган бу нотаниш киши Баҳодирга «дори» дарагини бировлар ор­қа­­ли эшитгани, у бир танишига жуда за­­рурлигини айтди. Агар иложи бўл­са, ҳозироқ топиб беришини сўради.

Қисқаси, шу куни Баҳодир ўзаро «келишув»га кў­ра, бир гугурт қутисида жойлаштирилган нашани 150 минг сўм эвазига топиб берадиган бўлди.

Маҳмуднинг хонадонидан «оғу»ни олган Баҳодир кўп ўтмай белгиланган манзилда «Шавкат» билан учрашди. У гиёҳванд воситасини 150 минг сўмга пуллаётганда, жиноят устида қўлга олинди. Жиноий шериклар ўз­ларининг бу пин­ҳона кирдикорларидан ҳуқуқ-тартибот идоралари аллақачон хабардорлиги, «Шавкат» исм­ли харидор аслида ич­ки ишлар бўлими ходими эканини етти ухлаб тушларига ҳам кирмаган эди…

Хайриятки, оғуни пин­ҳона пуллаб, мўмайгина маблағга эга бўлиш илинжида юрган жиноий шерикларнинг қилмиши узоққа чўзилмади. Ҳуқуқ­ни муҳофаза қилувчи ор­ган ходимларининг тезкор саъй-ҳаракатлари туфайли улар­нинг жиноий килмишига чек қў­йилди.

Суд оғуфуруш кимсаларнинг барча кирдикорларини атрофлича муҳокама қилиб, Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан уларнинг ҳар бирига нисбатан тегишли жазони та­й­ин­лади.

Мухтасар айтганда, гиёҳвандлик иллати нафақат бир кимсанинг тақдирида салбий из қолдириши, балки ўзгалар соғлиғига, ҳаётига ҳам жиддий таҳдид солиши билан хатарлидир. Шу боис ҳам, бу иллатга қарши курашиш ор­қали бебаҳо бойлигимиз — соғлиғимизни асрашимиз баробарида, содир этилажак қа­тор жиноятлар ва кўн­гил­сиз ҳодисаларнинг ҳам олдини олган бўламиз.

Гайбулла Остонов,

жиноят ишлари бўйича

Китоб тумани  судининг раиси,

Абдунаби Бобоёров, 

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: