ФАРЗАНД ТАЪМИНОТИДАН БЎЙИН ТОВЛАГАН ОТА ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ҚИЛИНДИ
Бу ҳаётда ҳар бир бола оилада ота-она меҳрини ҳис этиб, вояга етишга ҳақли. Зотан, болаларнинг дунёқарашидан оилавий низолар, турли хил кўнгилхираликлар эмас, балки ота-онанинг бир-бирига нисбатан меҳри, бир дастурхон атрофида жам бўлган бахтли оила, фарзандлар билан ўтказилган унутилмас дақиқалар жой олиши керак.
Аслида бу муҳим тарбия омили саналади. Аммо баъзи ота-оналар ҳаётнинг ана шу оддий қонуниятини тан олишни исташмайди. Масалан, 1990 йилда туғилган судланувчи И. Тоҳиров (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам уч нафар вояга етмаган фарзандининг тақдирига масъулиятсизлик билан қаради. Оилавий низолар туфайли турмуш ўртоғи билан ажрашди.
Шу боис фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан И. Тоҳировдан бир нафар вояга етмаган фарзанди таъминоти учун ҳар ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларининг тўртдан бир қисми миқдорида алимент ундириш белгиланди. Аммо И. Тоҳиров суднинг қарорига ҳам масъулиятсизлик билан қаради, фарзандини моддий жиҳатдан таъминлашдан кўр-кўрона бош тортди. Шунинг учун у 2020 йил 1 июндан 2021 йил 1 апрелга қадар вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаганлиги учун жиноят ишлари бўйича Олмазор тумани судининг қарори билан маъмурий жазога тортилди. Буни қарангки, маъмурий жазодан сўнг ҳам унинг сўқир кўзлари очилмади.
Охир-оқибат унинг алиментдан қарздорлиги қарийб 16 миллион сўмга етди. Шу боис унинг собиқ турмуш ўртоғи алиментдан қарздорликни ундириш ва И. Тоҳировга нисбатан тегишли жазо қўллашни сўраб, судга мурожаат қилди.
— Ишларим юришмагани сабабли алимент пулларини ўз вақтида тўлай олмадим. Агар имконият берилса, алимент пулларини бўлиб-бўлиб тўлайман. Қилмишимдан чин кўнгилдан пушаймонман, — деди И. Тоҳиров суд мажлисида айбига тўлиқ иқрор бўлиб.
— Фарзандининг аҳволидан умуман хабар олмайди, — деди судда жабрланувчи она. — Боламни даволатиш учун пул зарур. Бироқ доим қуруқ ваъдалар эшитаман, алимент пулларини ҳам тўламай алдаб юрибди…
Албатта, ўз фарзандининг таъминотидан бўйин товлаган кимсанинг қилмиши ҳеч қачон оқибатсиз қолмайди. Чунки вояга етмаган болаларнинг ҳуқуқи амалдаги қонунларда қатъий кафолатланган. Шу боис суд судланувчи И. Тоҳировни Жиноят кодексининг 122-моддаси (вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор деб топди ва 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Шунингдек, судланувчидан жабрланувчининг фойдасига 15 996 251 сўм алимент пули ундириш белгиланди.
Буни баён этишдан мақсад шуки, инсон ҳақиқий бахтни фақат оилада топади. Айниқса, фарзандлар меҳри, уларнинг беғубор кулгуси ўрнини ҳеч нарса босолмайди. Шу маънода фарзандига меҳр бериш, уни баркамол қилиб вояга етказиш чинакам инсоний бурчдир. Бу инсоний бурчни унутиш ҳеч шубҳасиз, тегишли жавобгарликка сабаб бўлади.
Зоҳиддин Нуриддинов,
жиноят ишлари бўйича
Олмазор тумани суди судьяси
Фикр қолдириш