ҚАБИҲ РЕЖА БЕГУНОҲ ИНСОННИНГ УМРИГА ЗОМИН БЎЛДИ

Марғилон шаҳридаги қурилиш материаллари бозорида автомашинасида юк ташиш билан шуғулланувчи Ниёзмат Ўрмонов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўтган йил 15 июнь куни эрталаб одатдагидек ишга жўнади. Аммо у шу куни уйига қайтиб келмади…

Қувасой шаҳрида яшовчи Б. Мамаюнусовга уйидаги қу­рилиши учун темир керак бў­либ қолди. Марғилон шаҳридаги қурилиш материаллари бозорида темир анча арзонлиги сабабли ўша ердан олишга қарор қилди. Бироқ унинг сотиб олишга пули йўқ эди. Шунда хаёлига қабиҳ режа келди. У бу режани ўзидан олти ёш кичик бўлган маҳалладоши Самад Бойзоқовнинг ёрдамида амалга оширишни мўлжаллади. Мўмай пул эвазига С. Бойзоқов ҳам бу таклифга осонгина кўнди.

Жиноий режага мувофиқ Б. Мамаюнусов Марғилон қу­рилиш материаллари бозорига бориб, сотувчи М. Шамсутдиновдан 440 метр темир маҳсулотларини 13 460 000 сўмга насияга сотиб олди.

— Пулингизни маҳсулотни уйимга олиб борган машинадан бериб юбораман, — дея у сотувчини ишонтирди. — Ҳо­зирча 100 АҚШ долларини олиб туринг…

Сўнгра юк ташувчи Ниёзмат Ўрмонов билан юкни Қу­васой шаҳрига 250 000 сўмга олиб бориб беришга келишиб, унга телефон рақамини қолдирди.

Н. Ўрмонов Қувасойга етиб боргач, Б. Мамаюсуповга телефон қилиб, уйининг манзилини сўради.

— Чек қишлоғига келинг. Мен юкни тушириб олиш учун одам юбораман, — деб жа­воб берди Б. Мамаюнусов.

Суҳбат асносида ҳайдовчи шогирди Ином Сапаров би­лан­ бирга келгани маълум бўл­ди.

Бир кун олдин Б. Мамаюнусов вояга етмаган Комил Абдутолипов ва Шаҳриёр Жумаевни ҳам ўз жиноятига шерик сифатида жалб қилиб, уларни «пишитиб» қўй­ган экан. Н. Ўр­монов қўнғироқ қилган маҳал у Самад, Комил ва Шаҳриёрга ўз вазифаларини уқ­ти­раётган эди.

Б. Мамаюнусов гўшакни қўй­гач, К. Абдутолипов ва Ш. Жумаев унинг кўрсатмаси билан такси ёллаб, ҳайдовчининг ёнига етиб боришади.

Сўнгра юк ортилган автомашинанинг орқа ўриндиғига ўтириб, уни аҳоли яшаш манзилидан четроқда жойлашган қир-адирлик томонига бошлаб боришади. Жиноий режага асосан ўша пайт Б. Мамаюнусов уларга телефон қилади. Уларнинг қаерда туришганини билиб олгач, Самад билан «Дамас» русумли автомашинада етиб келади. Шунда автомашинанинг орқа ўриндиғида ўтирган К. Абдутолипов ва Ш. Жумаев тўсатдан Н. Ўрмонов ҳамда И. Сапаровга ҳужум қилишади. Улар Б. Мамаюнусов берган арқон билан Н. Ўрмоновнинг бўйнидан бў­ғиб, ўта шаф­қатсизлик билан танасининг дуч келган жойига уриб-тепиб, ҳаёти учун хавфли бўлган оғир шикаст етказишади. Бу вақтда С. Бойзоқов «Дамас» автомашинасини кўн­даланг ҳолатда тўхтатиб, во­қеа­ни бегона шахслар кўр­маслиги учун тўсиб қўяди. Ўзи эса, ён-атрофни кузатиб туради.

Орадан кўп фурсат ўтмай оғир жароҳат олган Н. Ўрмонов ҳаётдан кўз юмади. Қо­тиллар уни автомашина ўриндиғига боғлаб қўйишади. Сўнгра воя­га етмаган И. Сапаровни ҳам ўл­дириш мақсадида ўта шафқатсизлик билан бўйнидан бўғиб, қўл-оёқлари, кўзи ва оғзини боғлаб, автомашина юкхонасига солишади.

Қабиҳ ниятига эришган Б. Мамаюнусов темир маҳсулотларини қариндоши З. Мамаюнусовнинг уйига жўнатади. Жиноят изларини яшириш мақсадида Н. Ўрмоновнинг автомашинасини ювиб, уни Тошлоқ туманидаги «Абдулҳамид ота» фермер хўжалиги дала майдонига ҳайдаб боради. Ўша ерда автомашинани қолдириб кетмоқчи бўл­ганида Ином Сапаровнинг нафас олаётганини сезиб қолади ва уни ўлдириш мақсадида яна бўғади.

Натижада И. Сапаров ҳу­шидан кетиб қолади. Б. Мамаюнусов уни ўлган деб ўйлаб, хотиржам ҳол­да уйига кетади.

Бахтли тасодиф туфайли Ином Сапаров тирик қолади. У ҳушига келгач, бир амаллаб оёқ-қўлини арқондан бўшатади ва содир этилган жиноят ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қи­лувчи идорага хабар беради.

Шундан сўнг қотиллар қўл­га олиниб, уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Яқинда жиноят ишлари бў­йича Олтиариқ тумани суди қотиллар­ни Жиноят кодексининг бир қатор моддалари би­лан айбдор деб топиб, уларга узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Бундан таш­қари суд ҳукмида жабрланувчиларнинг қонуний вакилларига маънавий зарарни ундириб бериш ҳам белгиланди.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, муқаддам Б. Мамаюнусов Жиноят кодексининг 169-моддаси 1-қисми, С. Бойзоқов 105-моддаси 1-қисмига тааллуқли жиноятларни содир этишган. Би­роқ уларга нисбатан кечиримлилик ва бағрикенглик тамойиллари тадбиқ этилиб, ҳаётда тўғри йўлни топиб олишлари учун имкон берилган. Афсуски, улар бунинг қадрига етишмади. Бунинг ўрнига воя­га етмаган К. Абдутолипов ва Ш. Жумаевни ҳам муд­ҳиш жи­ноят­га шерик қи­лишди.

Эндиликда улар содир этган жинояти бадалини панжара ортида тўлашади.

Беҳзод ЭРГАШЕВ,

жиноят ишлари бўйича Олтиариқ тумани суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: