СИРЛИ ЖИНОИЙ ҚИЛМИШ: ЎН ЙИЛДАН СЎНГ ОШКОР ЭТИЛГАН ҚОТИЛЛИК ТАФСИЛОТЛАРИ
Бу мудҳиш воқеа бундан ўн йил бурун содир этилганди. Шундан буён орадан қанча сувлар оқиб ўтди. Ўша фожиа рўй берган кун эрталаб ўзининг автомашинасида уйдан чиқиб кетган Рустам Нарзиев (исм–шарифлар ўзгартирилган) кечқурун қайтмади.
Табиийки, бундан хавотирга тушган оила аъзолари унинг қўл телефонига қайта-қайта қўнғироқ қилишади. Аввалига бу қўнғироқларга ҳеч ким жавоб бермайди, сўнг эса, телефон кутилмаганда, ўчириб қўйилади. Бундан Рустамнинг оила аъзолари баттар хавотирга тушишади. Улар ўша тунни ухламай йўлга қараб ўтказишади ва эртаси куни эрталаб ички ишлар бўлимига хабар беришади. Шу куннинг ўзидаёқ ички ишлар бўлими ҳамда йўл патруль хизмати ходимлари бедарак йўқолган Р. Нарзиевни излашга тушишади. Аммо бу борадаги барча саъйҳаракат, суриштирув ва изланишлар натижа бермайди. Рустамнинг ҳеч қаердан дараги чиқмайди.
Аммо ички ишлар идоралари томонидан қидирув ва суриштирувлар ишлари бир нафас ҳам тўхтамади.
Р. Нарзиев қаёққа кетган бўлиши мумкин? Ёки у жиноий қилмишнинг қурбони бўлдими? Бунга ким айбдор?
Ўша пайтда бу саволлар барчани бирдек қийнаган, аммо ҳеч ким аниқ жавоб тополмаганди. Орадан қарийб ўн йил ўтгач, ҳаммаси ойдинлашди.
Келинг, энди бу сирли воқеага ойдинлик киритиш учун содир этилган жиноят тафсилотларини баён этайлик.
Ўшанда 2012 йилнинг январь ойи аёзли кунларидан бири эди. Чироқчи туманидаги “Кўкдала” мол бозорида икки бош қўйини сотган Ғайрат мамнун ҳолда уйига қайтаётиб, йўлда қишлоқдошлари Акмал билан Бахтиёрни учратиб қолади. Улар ҳол-аҳвол сўрашгач, Ғайратнинг қўйларини сотганини эшитган Акмал унга шундай дейди:
— Ошна, қўйларингни сотган бўлсанг, бугун бизга ҳақ берар экансан-да. Агар йўқ демасанг, Қаршига борамиз. Шу баҳонада шаҳарни айланиб келамиз…
Буни қарангки, Акмалнинг бу таклифи Ғайрат билан Бахтиёрга ҳам маъқул тушади. Қисқаси, ўша куни учовлон йўловчи таксида Қарши шаҳрига йўл олишади.
Улар Қарши шаҳрига етиб келишгач, дарров ошхоналардан бирига киришади ва икки шиша ароқ ичишади. Сўнг улар ширакайф аҳволда сандироқлаган кўйи бироз шаҳарни айланишади. Бироқ уларнинг ҳали хурмачалари тўлмаганди, шекилли, Қарши шаҳрининг чеккасидаги “Мўъжиза” номли қаҳвахонага йўл олишади. Бу ерда ҳам ичкиликбозлик авжига чиқади…
Қиш кунлари қисқа эмасми, бир зумда қуёш ботиб, қоронғи туша бошлайди. Буни кўриб, ҳамқишлоқлар уйга қайтиш тараддудига тушиб қолишади. Шериклари орасида бироз ҳушёр Бахтиёр йўловчи такси излаб, кўчага чиқади. У ошхонадан унча узоқ бўлмаган автомашиналар тўхташ жойига борганида, 35-36 ёшлар атрофидаги бир киши автоуловдан тушиб, ундан қаерга боришини сўрайди.
— Биз уч кишимиз, шерикларим ҳам бор, — дейди Бахтиёр ҳайдовчига. — Улар ошхонада, бироз маст бўлиб қолишди. Кўкдаланинг Хушали деган қишлоғига боришимиз керак. Ака, қанча сўрасангиз, берамиз, фақат бизни уйимизга олиб бориб қўйсангиз, бўлди.
Хуллас, Бахтиёр ҳайдовчи билан 70 минг сўмга келишиб, буткул маст бўлиб қолган шерикларини ошхонадан бир амаллаб олиб чиқади-да, автомашинанинг орқа ўриндиғига ўтқазади. Шундан сўнг улар Косон тумани орқали Кўкдала томонга йўлга тушадилар. Афсуски, ўша тунда ҳайдовчи Рустам Нарзиев автомашинани сергаклик билан бошқариб бораркан, ҳадемай бу бадкирдор кимсалар ўзига тажовуз қилиши ва умрига зомин бўлишини хаёлига ҳам келтирмасди…
Қисқаси, улар йўлда кетиб бораркан, бир маҳал Акмал кўнгли айниб, ўқчий бошлади. Табиийки, бу ҳайдовчига ёқмайди. У кутилмаганда, автомашинани тўхтатади:
— Озроқ ичиш керак эди-да.. Бу нимаси энди, агар яна қайт қиладиган бўлсанг, машинани ўзларинг ювасизлар, — дейди норози овозда.
Буни қарангки, унинг гаплари, маст эмасми, Ғайратга оғир ботди. У Акмалнинг қўлига сув тўла елим идишни бериб, машинадан тушириб юборади-да, ўзи орқа ўриндиққа ўтириб олади ва “Нега бизни ҳақорат қиляпсан?!” — дея сунъий толали арқон билан ҳайдовчининг бўйнидан бўға бошлайди. Рустам кутилмаган бу ҳамладан довдираб қолади ва жон ҳолатда типирчилаб, бўйнидаги сиртмоқдан халос бўлишга уринади, аммо у қанчалик ҳаракат қилмасин, барибир, қутулишнинг чорасини тополмайди. Энг ёмони, айни ўша таҳликали пайтда ичкилик таъсирида буткул ақл-ҳушини йўқотган Ғайрат Қаршидаги бозордан сотиб олган пичоқни сумкасидан олади-да, Рустамнинг кўксига аёвсиз санча бошлайди…
Қисқаси, кўз очиб, юмгунча ўтган фурсатда мудҳиш қотиллик рўй беради.
Рустам танига санчилган пичоқ зарбидан аллақачон ҳаётдан кўз юмганди.
Буни кўриб, жиноий шериклар бир зум нима қилишни билмай довдираб қолишади.
Аммо улар тезда ўзларини қўлга олишади ва энди нима қилиш ҳақида бош қотиришга тушишади.
Шундан сўнг улар ваҳима ичида Рустам Нарзиевнинг жасадини автомашинанинг орқа ўриндиғига олиб ўтишади. “Энди машинани сен ҳайдайсан! — деб буюради Ғайрат Акмалга. — Тўғри қишлоққа ҳайда, ўша ерда бир чорасини топамиз”…
Улар қишлоққа етиб келгач, Ғайрат уйига кириб, белкурак олиб чиқади.
Шундан сўнг жиноий шериклар қишлоқдан анча олисга, “Омонбой” фермер хўжалиги ҳудудига йўл олади. Бийдай далага етиб келгач, жиноий шериклар лойдан қурилган эски чайланинг ўртасида чуқур қазиб, шоша-пиша жасадни кўмишади.
Кейин эса, жиноий гуруҳ автомашинани қандай йўқотиш йўлларини излай бошлайди. Бу қалтис ишнинг ҳам йўлини топишади. Ўша пайтда Акмалнинг ёдига Самарқанд шаҳрининг бир четида, “Кимёгарлар” шаҳарчасида яшайдиган қариндошлари тушади ва у автомашинани ўша ерда ташлаб келамиз, дейди. Унинг бу “режаси” шерикларига ҳам маъқул тушгач, улар Самарқанд шаҳрига йўл олишади. Ярим тунда манзилга етиб келгач, Ғайрат автомашинани яна кўздан кечиради, ҳайдовчига тегишли бўлган автомашина техпаспорти ва бошқа ҳужжатларни, шунингдек, ички буюм сақлаш жойидан юз минг сўмни топиб олади. Бу пулни улар дарҳол ўзаро тақсимлаб олишади.
Қисқаси, жиноий шериклар автомашинанинг қон теккан ўриндиқлари, қоплама матолари ҳамда орқа ўриндиқдаги ёстиқчалар ва давлат рақамини ечиб олиб, кўп қаватли уйлар яқинидаги ҳали қурилиши битмаган бинонинг ҳожатхонасига ташлаб юборишади. Автомашинанинг ўзини эса, ўша ерда қулфланган ҳолда қолдириб, воқеа жойидан ғойиб бўлишади.
Эртаси куни кўп қаватли уйлар олдида давлат рақамисиз “Нексия” русумли автомашинанинг тургани кўпчиликнинг кўнглида шубҳа уйғотади.
Ўша пайтда кимдир бу ҳақда ички ишлар идорасига хабар беради. Ички ишлар идораси ходимлари обдон текширгач, автомашинани тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжат топилмагани боис уни жарима майдонига олиб кетишади.
Албатта, Қарши шаҳрида яшовчи Рустам Нарзиевнинг бедарак йўқолгани ва Самарқанд шаҳридаги “Кимёгарлар” шаҳарчасида ташлаб кетилган автоулов ўртасида қандайдир боғлиқлик борлиги, бу қилмишлар замирида жиноий хатти-ҳаракатлар ётгани ҳеч кимга сир эмасди. Айниқса, кейинчалик автоулов рақами ва бошқа ҳужжатларнинг топилиши мудҳиш жиноий қилмиш содир этилганини сўзсиз тасдиқлаб турарди. Аммо бу қилмишни содир этган кимсаларни топиш анча қийин кечди. Бу орада кўплаб гумондор шахслар тергов қилинди, сўраб-суриштирилди. Вақт эса, шитоб билан ўтиб борар, аммо жиноий қилмиш ҳадеганда очилмасди.
Биз юқорида жиноий шериклар ўша тунда Рустам Нарзиевнинг жасадини ҳозирги Кўкдала” тумани ҳудудидаги “Омонбой” фермер хўжалигига қарашли даладаги эски чайлада кўмиб юборганини айтган эдик.
Буни қарангки, орадан қарийб ўн йил ўтгач, фермер хўжалиги даласидаги эски чайлани бузиб, ўрнига янги дала шийпони қуришаётганда, марҳум кўмиб ташланган чуқур ҳам очилиб қолади. Буни кўриб, ишчилар дарҳол ички ишлар бўлимига хабар беради. Самарқанд шаҳрида ташлаб кетилган автоулов ва бошқа ашёвий далиллар, шунингдек, “Кўкдала” тумани фермер хўжалиги майдонида кўмиб ташланган жасад битта жиноий қилмишнинг занжирлари эди.
Тезкор саъй-ҳаракатлар, сўраб-суриштиришлар давомида тез орада уюшган жиноятчилар Ғайрат Низомов, Бахтиёр Одилов ва Акмал Носиров гумонланувчи сифатида терговга жалб қилинади.
Суд тиббий экспертиза текширувлари ва бошқа ашёвий далиллар билан бу кимсаларнинг жиноий қилмиши тўлиқ фош қилинди. Уларнинг ўзи ҳам мудҳиш жиноят содир этганини тан олишди ва қонун олдида жавоб беришди.
Ичкилик касри туфайли бир бегуноҳ инсоннинг умрига зомин бўлиб, қўллари қонга беланган кимсаларнинг кирдикорлари орадан шунча йил ўтиб охир-оқибат фош этилди.
Суд ушбу жиноий қилмиш уюшган жиноятчилар томонидан содир этилган деб топди. Жиноий шериклар Ғайрат Низомов, Бахтиёр Одилов, Акмал Носировга нисбатан жазонинг муқаррарлиги таъминланди. Шунингдек, суд ҳукмида жиноятчилардан марҳум Рустам Нарзиевга етказилган 60 миллион сўм моддий зарар унинг оила аъзолари фойдасига солидар тартибда ундирилиши қайд этилди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, бу дунёда ҳар ким экканини ўради.
Жиноят содир этиб, қотилликка қўл урганлар ҳам қонуний жазоланди.
Бу воқеани баён этишдан кўзланган мақсад шуки, ҳаётда яхшилик, адо этилган эзгу ишлар ҳеч қачон унутилмаганидек, ҳар қандай қабоҳат ва ёвузлик ҳам ҳеч қачон изсиз кетмаслигини таъкидлашдир.
Ҳамид Бобоқулов,
Қашқадарё вилояти
суди судьяси,
Абдунаби Бобоёров,
журналист
Фикр қолдириш