ҚАРЗДАН ҚУТУЛАМАН ДЕБ 23 ЁШЛИ ЙИГИТ ИККИ КИШИНИНГ УМРИГА ЗОМИН БЎЛДИ

Умр яратганнинг бандаларига берган бебаҳо инъомидир. Шу боис ўзга шахсни тириклик неъматидан бебаҳра этиб, унинг ҳаёт шамини бевақт ўчиришга ҳеч ким ҳақли эмас. Буни Бош қомусимизнинг 13-моддасида қайд этилган «Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади» деган конституциявий қоида ҳам тасдиқлайди.

Аммо Ўзбекистон туманида яшовчи Равшанбек Мирзаёқубов бўйнидаги қарзидан қутулиш мақсадида қабиҳ жиноятга қўл урди. Устига-устак танишлари Фазлиддин Толипов ва Собиржон Останақуловни ҳам ўзининг жиноятига шерик қилди.

Тергов ва суд жараёнида аниқланишича, Равшанбек гоҳ шахсий «Matiz» русумли автомашинасида киракашлик қи­лар, баъзида эса, қассоб­чи­лик­ билан ҳам машғул бў­ларди. Бироқ топганини расамати билан сарфламагани боис қўлида пул турмасди. Шунинг учун 2019 йилнинг октябрь ойи ҳо­латига кў­ра, электр энергиясидан 16 000 000 сўм қарз бў­либ қолади. Оқибатда Мажбурий ижро бюроси ходимлари унинг уйи­ни электр тармоғидан узиб кетишади. Қолаверса, ўша пайтда Р. Мирзаёқубовнинг бошқа танишларидан ҳам қарзи кўпайиб кетиб, ҳақдорлар эшигини қо­қиб келаверишади. Ҳисоблаб кўрса, жами қарзи 27 000 000 сўмга етиб қолган экан. Шунда «Нима қилсам бўларкин, бу қарз балосидан қандай қутулсам экан?» — деган ўй унинг фикру хаёлини эгаллаб олади. Охир-оқи­бат бирорта пулдор кимсаникига ўғирликка тушишни режалаштиради. Бу хусусда Фазлиддин ва Собирга айтганида, улар айни режани маъқуллашмайди.

Буни қарангки, ана шу жиноий қилмишни амалга ошириш учун бош қотириб юрган кунлари — 2019 йил декабрь ойининг бошларида у Қўқон шаҳрига, С. Останақулов устачилик қилаётган бир хонадонга ёрдамга боради. Ўша дамда хонадонга қўшни бўлган Дўстмурод Ҳалимовнинг шаҳарнинг энг обод маҳаллаларидан ҳовли сотиб олмоқчилигидан хабар топади. «Ҳо­зир­ги пайтда шаҳардаги ҳов­­ли­лар­нинг ўртача нархи саксон минг доллардан кам эмас. Демак, Дўстмурод аканинг шунча пули бор экан-да?» — деган ўй келади бирдан унинг хаёлига.

— Ҳовли оламан, дейишига қараганда акахонда пул сероб шекилли. Унинг уйига бир меҳмон бўлсакмикан-а? — дея у маслаҳат солади Фазлиддин ва Собиржонга.

— Бу гапни хаёлингдан чиқар. Нима беш-олти йил «ўтириб» келмоқчимисан? — деб уни йўлдан қайтармоқчи бў­лишди ошналари.

Лекин Р. Мирзаёқубовга бу насиҳатлар кор қилмади. Чунки у қандай йўл билан бўлмасин қарзидан қутулишни ўй­ларди. Шунинг учун янги йил байрами ўтган дастлабки кунларнинг бирида кечқурун Равшанбек Д. Ҳалимовнинг кўчасига «разведка»га борди. Яъ­ни Дўстмурод аканинг хонадони атрофида кузатув камераси бор-йўқлигини билиб, текшириб келди.

Ҳатто ўша уйга қўш­­нининг девори ва то­ми ор­қали тушишни ҳам мўлжаллади.

Шундан сўнг — 2020 йил 5 январь куни у тунги соат 23.00 ларда «Matiz» автомашинасида Ф. Толипов ва С. Останақуловни Дўстмурод Ҳалимовнинг хонадони яқинига бошлаб борди. Аммо бу гал Фазлиддин ҳам, Собир ҳам унга қаршилик қи­лишмади. Ак­синча, Равшанга «беминнат» ёрдам бериш учун унинг ортидан эргашишди. Энг қи­зи­ғи, у уйидан чиқаётганда скотч, арқон, уч жуфт қўлқоп сотиб олишни, шунингдек, қассобчиликда фойдаланадиган 2 дона пичоғини ҳам олишни унутмаганди. Бу эса, унинг мақсади фақатгина ўғир­лик эмас, қаршиликка дуч келса, қотиллик қи­лишни ҳам режалаштирганидан далолат беради.

Хуллас, шундан сўнг улар анча берироқда ўғирликка тушиш учун қулай пайт пойлаб ўтиришади. Соат миллари 2020 йил 6 январь тунги 1.30 ларга етганда бояги ашёлар билан қуролланиб, боши ва қўл­ларига ниқоб ки­йиб, Д. Ҳалимовнинг ҳовлисига девордан ошиб тушишади. Р. Мирзаёқубов қўлида пичоқни кўриб, Ф. Толипов «ақлингни йиғиб ол» дейди унга. Кошки эди ўша дамда Р. Мирзаёқубовнинг қўлоғига гап кирса.

Шундан сўнг уччовлон ҳовлидан уйга киришади. Шунда ди­ванда ухлаб ётган шахс қи­мирлаб қолади. Буни кў­риб, улар бирдан тўхташади. Сўнг диван ёнига бориб, одеял устидан пичоқ санча бошлашади. Кутилмаган ҳамладан эсанкираб, бошини кўтарганда эса, жабрланувчи Д. Ҳалимовнинг турмуш ўртоғи Манзура Одилжонова эканини билиб қолишади. Кейин аёл дод солмаслиги учун баданининг яна дуч келган жойига пичоқ санчишади. Шу маҳал Дўстмурод ака ҳам чўчиб уйғониб кетади ва ўр­нидан туриб, Р. Мирзаёқубовни тепиб юборади. Бундан эса, «қаҳрамонимиз» баттар тутоқиб кетади. Натижада унга ҳам ташланиб, хонадон соҳибининг дуч келган жойига пичоқ санчаверади. Аммо бу билан ҳам қаноатланмай Манзура опанинг бўйнига пичоқ тортиб юборади. Сўнг Фазлиддин ва Собирнинг кўмаги билан Д. Ҳалимовни ҳам шундай усулда шафқатсизларча ўлдиради.

Бироқ босқинчилар хоналарни, жовон ва сандиқларни титкилаб ҳам пул топа олишмайди. Кейин жиноий режалари амалга ошмаганидан хуноблари ошиб, Фурқат туманининг Қў­қонбой қишлоғига келишади. Бу ерда эса, видеокузатувга тушиб қолганликларидан шубҳаланиб, кийимлар, арқон, қўлқоп, скотч, ниқоб ва пичоқларни бензин сепиб ёқиб юборишади.

Буни қарангки, қотилликдан кейин ҳеч қанча фурсат ўтмай, Ф. Толипов Қозоғистонга, С. Останақулов эса, Россия давлатига кетиш орқали жиноий жавобгарликдан қочишга уринишади. Фақат Р. Мирзаёқубов айбини бўй­нига олиб, ички иш­­лар бўлимига мурожаат қилади.

Албатта, қилни қирқ ёрган қонун ҳимоячилари унинг кўр­сатмалари асосида Фазлиддин ва Собирни ҳам тутиб келишади. Оқибатда қотил ҳамтовоқларга нисбатан жи­ноят­ иши қўзғатилади. Жи­ноят ишлари бўйича Фар­ғона вилояти судида эса, уш­бу иш кўриб чиқилди. Яъни суд Р. Мирзаёқубовни Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қис­ми “а”, “в”, “ж”, “и”, “п” бандлари, 164-моддаси 3-қисми “в”, “г” бандлари, Ф. Толиповни кодекснинг 97-моддаси 2-қис­ми “а”, “в”, “ж”, “и”, “п” бандлари, 164-моддаси 3-қисми “в”, “г” бандлари, С. Останақуловни ко­декс­нинг 97-моддаси 2-қисми “а”, “в”, “ж”, “и”, “п” бандлари, 164-моддаси 3-қисми “в”, “г” бандлари билан айбдор деб топди. Шунга биноан, Р. Мирзаёқубовни умрбод, Ф. Толипов ва С. Останақуловга эса узоқ муддатли озодликдан маҳрум қи­лиш жазоси тайинлади. Шунингдек, суд ҳукмида уларга Жиноят кодексининг 76-моддаси тартибида авф этиш тўғрисидаги илтимоснома билан мурожаат қилиш ҳуқуқи борлиги тушунтирилди.

Шу ўринда бир гап. Жиноят­ иши материалларига кўра, Р. Мирзаёқубов 23 ёшда, Ф. Толипов 28 ёшда, С. Останақулов эса, 24 ёшда экан. Шундай экан, ҳали 25 ёшга ҳам кирмаган йигитнинг бир умр, 30 ёш­ни ҳам қораламаган ҳамтовоқларининг бўлса, салкам чорак аср умрини темир панжаралар ортида ўтказиши жуда жиддий, аянчли ва ўз навбатида, ўша туман, ўша маҳалла аҳли учун шармандали ҳолат эмасми? Жиноятчиларнинг ота-онаси қадди букилиб, эл-юрт ол­дида юзлари шувит бўл­ганичи?

Беҳзод ЭРГАШЕВ,

Фарғона вилояти суди судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: