ЛОҚАЙДЛИК ФОЖИАСИ

Маълумки, ҳаётда ҳеч ким онадан жиноятчи бўлиб туғилмайди. Бироқ оиладаги носоғлом муҳит, қолаверса, атрофдаги тарбияси ноқис кимсаларнинг таъсири кишини тўғри йўлдан оздириши мумкин. Шерободлик Лутфулла Ортиқов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам худди шундай муҳитда ўсиб-улғайди. Ҳали ўқувчилик давридаёқ безори болаларга қўшилиб, жиноят кўчасига кирди. Бунинг оқибатида у қонуний жазога тортилди. Аммо “ўрганган кўнгил ўртанса қўймас” деганларидек, вояга етиб, мустақил ҳаётга қадам қўйгач ҳам онгу шуурига сингиб кетган иллатлардан халос бўлолмади. Бир неча марта жиноий қилмишга қўл уриб, қамоқ жазосини ўтади.

Бу орада Лутфулла оилали, беш нафар фарзанднинг отаси бўлди. Аммо ношуд отанинг кирдикорларидан безган кўйи бир амаллаб оёққа турган фарзандлар ўз кунини кўра бошлади. Жоҳил эрининг зуғумлари туфайли хотини ҳам дунёдан бевақт кўз юмди.

Лутфулла умр йўлдоши вафот этгач, орадан кўп ўтмай Гулбаҳор исмли аёлга шаърий никоҳ асосида уйланди. Аёлнинг ногирон фарзанди бор эди.

Аёл боласининг кейинги ҳаётини ўйлаб турмуш қуришга розилик берганди, аммо у орадан бир-икки ой ўтгач, адашганини англаб етди. Чунки Л. Ортиқов аёлни юзинг-кўзинг демай, хиёнат қилганликда айблаб, унга зуғум ўтказа бошлади.

Фожиа рўй берган куни ҳам хўрмачаси тўлганча ичиб, маст бўлган Лутфулла ҳеч бир сабабсиз ўзи мустақил ҳаракатлана олмайдиган Аброрнинг кўз ўнгида онасини шафқатсизлик билан калтаклайди. Аёл одамийлик қиёфасини буткул йўқотган эрининг чангалидан қутулишга нечоғлик ҳаракат қилмасин, бунга имкон тополмайди. Устига­устак Лутфулла қўлига тушган ёғоч дастали ўткир теша билан Гулбаҳорнинг оёқ-қўлларига аёвсиз уради.

Бу хунрезлик оқибатида кўп қон йўқотган аёл ҳаётдан кўз юмади. Мудҳиш қотиллик содир этган Лутфулла ҳуши ўзига келгач, азбаройи қўрқувга тушганидан ички ишлар бўлимига хабар беради.

Айтиш жоизки, Олий суд Пленумининг 2004 йил 24 сентабрдаги “Қасддан одам ўлдиришга оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарори 8-бандида “айбдорнинг ҳаракатларини Жиноят кодексининг 97-моддаси иккинчи қисми «в» банди билан квалификация қилишда, ожиз аҳвол, деб жаб­р­­ланувчининг физиологик, жисмоний ёки руҳий жиҳатдан (жисмоний нуқсонлари, руҳияти бузилганлиги, жуда ёш ёки кексалиги, қаттиқ оғриқ ёки беҳуш ҳолатда ёхуд уйқуда бўлганлиги, алкогол, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёхуд кишининг ақл-идрокига таъсир қилувчи бошқа кучли таъсир қилувчи моддалар таъсирида оғир даражада мастлиги туфайли) ўзини ҳимоя қилишга, айбдорга фаол қаршилик кўрсатишга қодир эмаслик ёки ўзига нисбатан содир этилаётган ҳаракатларнинг хусусияти ва моҳиятини тушуна олмаслик ёхуд ўз ҳаракатларини бошқара олмаслик ҳолати тушунилиши керак. Бунда айбдор жабрланувчи ожиз аҳволда эканлигини англаган бўлиши шарт.

Жабрланувчининг алкоголли ичимлик, гиёҳвандлик воситаси ёки психотроп модда таъсирида атрофдаги вазиятни англай олмайдиган даражада мастлиги, унинг ожиз аҳволда бўлган, деб тан олинишига асос бўлиши мумкин. Бунда жабрланувчини ким бу аҳволга солганлиги аҳамиятга эга эмас”лиги қайд этилган.

Судлов ҳайъати қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда судланувчининг жиноий қилмишига ҳуқуқий баҳо бериб, ўринсиз рашк туфайли ўз умр йўлдошининг қотилига айланган Л. Ортиқовга нисбатан узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади.

Албатта, бу дунёда ҳар қандай қилмиш жазосиз қолмайди. Бироқ шу ўринда айрим мулоҳазаларни ҳам айтиб ўтиш зарур. Гап шундаки, бир неча бор озодликдан маҳрум этилиб, хавфли рецидивист сифатида ҳуқуқ-тартибот идоралари рўйхатида турган Л. Ортиқовнинг кейинги ҳаёт тарзи масъул ходимларнинг эътиборидан четда қолган. Қолаверса, маҳалла-кўй, участка нозири, қариндошлар, қўни-қўшнилар муттасил равишда ичкиликбозлик балосига мубтало бўлган бу кимсани назорат қилишни, уни тартибга чақиришни хаёлларига ҳам келтиришмаган. Энг ёмони, ногирон фарзанди билан Гулбаҳорни тайинсиз кимсанинг қўлига топширган марҳуманинг яқинлари ҳам аввал-бошиданоқ парокандаликка юз тутган бу оилани ўз ҳолига ташлаб қўйишган. Таассуфки, Гулбаҳор шу тариқа эътиборсизлик ва лоқайдлик қурбонига айланди.

Бу каби мудҳиш ҳодисалар такрорланмаслиги учун наинки тегишли идоралар, балки кенг жамоатчилик ҳам огоҳ бўлиши шарт. Зеро, жамиятда ҳар бир инсон ҳаёти бир-бирига чамбарчас боғлиқдир.

Абулқосим Рўзиқулов,

Сурхондарё вилояти

суди раиси,

Абдунаби Бобоёров,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: