ТАШҚИ РЕКЛАМА ТАРТИБИ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИДА АНИҚ БЕЛГИЛАНГАН
Маълумки, амалдаги «Реклама тўғрисида»ги қонунда «ташқи реклама» деган атама мавжуд. Ушбу қонуннинг 20-моддасига асосан алоҳида махсус конструкциялар, тахталавҳалар, экранлар, бинолар, иншоотлар, йўл чеккалари, кўча ёритгичларининг таянчлари ва ҳоказоларда жойлаштириладиган реклама ташқи реклама ҳисобланади.
Албатта, ташқи реклама объектини ўрнатиш ва жойлаштиришнинг ҳам ўз қонун-қоидаси бор. Аммо айрим жойларда бу борада қонунбузилиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Фарғона шаҳрида аниқланган 8 та айни шундай масала судда кўриб чиқилди.
Маълум бўлишича, Фарғона шаҳар ҳокимининг 2020 йил 28 февралдаги 96-сонли қарорига мувофиқ барча турдаги ташқи реклама объектлари (контрукциялар) ни хатловдан ўтказиш бўйича махсус ишчи гуруҳ тузилган.
Сўнгра Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги «Ташқи реклама бозори фаолиятини тартибга солиш тўғрисида»ги қарори талаблари асосида хатлов ўтказилган. Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган «Ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) қуриш учун бериладиган ер участкалари, давлат мулки бўлган бино ва иншоотлар рўйхатини шакллантириш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 1-бандига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, Олий Мажлис Сенати, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Олий суд, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, давлат бошқарув органлари ва муассасалари, маданий ва тарихий аҳамиятга эга объектлар, диний муассаса ва объектлар ҳамда уларнинг ёндош ҳудудлари рекламадан холи ҳудудлар ҳисобланади. Шу боис ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) рекламадан холи ҳудудлардан 50 метр ёки ундан кам бўлган масофада жойлаштиришга (қуришга) йўл қўйилмайди. Бундан ташқари ушбу Низомда ташқи рекламани ўрнатиш тартиби аниқ белгилаб қўйилган. Ташқи реклама объектлари (конструкциялари)ни ўрнатишда мазкур талабларга тўлиқ риоя этилса, бу борада ҳеч қандай муаммо келиб чиқмайди.
Афсуски, Фарғона шаҳрида мазкур талаблар бузилган. Хусусан, шаҳарнинг Алишер Навоий номидаги кўчасида жойлашган Фарғона вилояти ҳокимлиги биноси олдидаги, паспортида амал қилиш муддати кўрсатилмаган ташқи реклама объекти (конструкцияси) рекламадан холи ҳудуддан 50 метрдан кам бўлган масофада жойлаштирилган. Бундай қонунбузилиш ҳолатлари Ал-Фарғоний, Паҳлавон Маҳмуд, Додхоҳ, Кичик халқа йўли, Й. Охунбобоев кўчаларида ўрнатилган ташқи реклама объектларида ҳам аниқланган. Шу боис 2020 йил 12 июнь куни айни масалага жавобгар бўлган «Тасвирий ойна» ижодий уюшмасининг Фарғона вилояти бўлимига ташқи реклама объектларини ўз ҳисобидан демонтаж қилиш ва мослаштириш юзасидан кўрсатма берилган. Лекин ушбу кўрсатма бажарилмаган. Оқибатда Монополияга қарши курашиш қўмитаси Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси жавобгар зиммасига қайд этилган ташқи реклама объектларини ўз ҳисобидан демонтаж қилиш ва мослаштириш мажбуриятини юклашни сўраб, Фарғона туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритган.
Фуқаролик кодексининг 11-моддасида фуқаролик ҳуқуқлари ҳуқуқни тан олиш, ҳуқуқ бузилишидан олдинги ҳолатни тиклаш ва ҳуқуқни бузадиган ёки унинг бузилиши хавфини туғдирадиган ҳаракатларнинг олдини олиш, битимни ҳақиқий эмас, деб топиш ва унинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш, давлат органининг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг ҳужжатини ҳақиқий эмас, деб топиш, шахснинг ўз ҳуқуқини ўзи ҳимоя қилиши, бурчни аслича (натура) бажаришга мажбур қилиш, зарарни тўлаш, неустойка ундириш, маънавий зиённи қоплаш, ҳуқуқий муносабатни бекор қилиш ёки ўзгартириш, давлат органининг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг қонунга зид ҳужжатини суднинг қўлламаслиги ва қонунда назарда тутилган бошқача усуллар билан ҳам ҳимоя қилинади. Ана шу қонуний асосга таянган суд даъвогарнинг талабини қаноатлантириш юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, ҳар бир иш қонун талаби доирасида амалга оширилиши, ҳар бир муаммога эса, қонуний ечим топилиши шарт.
Ана шунда оворагарчилигу сарсон-саргардонликлар юзага келмайди.
Жамила АКРАМОВА,
Фарғона туманлараро
иқтисодий суди судьяси
Фикр қолдириш