ҚАСД ЎТИ МУДҲИШ ЖИНОЯТГА ЕТАКЛАДИ
Ўтган йил декабрь ойида ижтимоий тармоқларда Ғаллаорол туманининг чекка ҳудудида мудҳиш фожиа юз бергани ҳақида хабар тарқалган эди.Унга эгаси билан ёниб кетган «Спарк» автомашинасининг сурати ҳам илова қилинганди.
Тезкор суриштирув натижасида марҳумнинг Самарқанд шаҳрида яшовчи Холназар Мирзаев (исм-шарифлар ўзгартирилди) экани аниқланди.
Шунингдек, бу фожиа бахтсиз ҳодиса эмас, балки жиноий режа асосида содир этилган қотиллик ва босқинчилик жинояти экани ҳам маълум бўлди.
Холназар уй таъмирловчи қўлигул уста эди. У чет элда бир неча йил ишлаб, Самарқандга қайтгач, «Спарк» русумли автомашинани сотиб олди.
Аммо у гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланадиган жомбойлик Ф. Шамсиддинов билан танишиб қолади. Дастлаб Холназар ундан ўзи истеъмол қилиш учун оз миқдорда гиёҳванд моддаси сотиб олади. Кейинчалик 2 минг АҚШ долларига тенг гиёҳвандлик моддасини қарзга олади. Орадан кўп ўтмай Фахриддин пулни сўрайди. Аммо Холназар пулни бериш ўрнига Ф. Шамсиддиновни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериш йўли билан қўрқитишга тушади.
Катта миқдордаги пулдан қуруқ қолаётган аламзада Ф. Шамсиддинов ўтирса ҳам, турса ҳам ўзининг жиноий қилмишларини яшириш чорасини ахтаради. Шунингдек, у катта миқдордаги маблағдан айрилиб қолаётганини ўйлаб ўзини қўярга жой тополмайди. Ниҳоят, у Холназардан қасд олиш, мол-мулкини босқинчилик йўли билан қўлга киритиш мақсадида жиноий режа тузади.
Дастлаб у жиноий режасини қишлоқдоши Орзиқул Бердиқуловга маълум қилади ва ундан ёрдам сўрайди. О. Бердиқулов унинг таклифига рози бўлади. Шундан сўнг Ф. Шамсиддинов таниши Дилмурод Қурбоновни ҳам жиноий гуруҳга қўшади.
Жиноий гуруҳ тузилгач, Ф. Шамсиддинов Холназарга 5 миллион сўмга «марихуана» сотмоқчи экани, хоҳласа, пул билан келиб, «товар»ни олиб кетиши мумкинлигини маълум қилади. Аслида бу жиноий гуруҳ томонидан ўйлаб топилган ҳийла эди. Бундан бехабар Холназар «товар»ни сотиб олишга рози бўлади.
Жиноят содир этилган куни жиноий гуруҳ аъзолари ошхонада овқатланишади ва спиртли ичимлик ичишади.
— Бугун Холназар келади, — дейди Фахриддин шерикларига. — Уни Қораариқ қишлоғидаги ҳилват жойга бошлаб бораман. «Иш» битгач, 5 миллион сўмни учаламиз бўлиб оламиз…
Шундан сўнг Ф. Шамсиддинов Дилмуродга бензин сотиб олишни буюради.
Қиш кунлари қисқа бўлади, бир пасда қоронғи тушади. Холназар кечки соат олтиларда Жомбойга келади. Фахриддин унга сотилажак «товар» кўздан панада эканини айтиб, уни жиноий гуруҳ аъзолари пойлаб турган Қораариқ қишлоғига бошлаб боради.
Улар қишлоқ чеккасидаги хилват жойга етиб келгач, жиноий гуруҳ аъзолари қўлидаги болта билан Холназарга ташланишади. Холназар жон ҳолатда қочишга уринади. Аммо Ф. Шамсиддинов билан О. Бердиқулов унга етиб олиб, ерга йиқитишади. Шундан сўнг қотиллар болта билан Холназарга оғир тан жароҳати етказишади.
Фахриддин ҳушсиз ётган Холназарнинг чўнтагидан 5 миллион сўмни олиб, ўзаро тақсимлайди. Кейин қонга бўялган Холназарнинг жасадини «Спарк»нинг орқа ўриндиғига жойлаштиришади. Дилмурод елим идишдаги бензинни автомашинанинг юкхонасига қўяди.
Сўнгра Фахриддиннинг топшириғига биноан Дилмурод автомашинани Жомбой шаҳри томонга ҳайдайди. Холназар аллақачон ҳаётдан кўз юмганди. Жиноий гуруҳ аъзолари Фахриддининг уйига келгач, бироз дам олишади. Шундан сўнг Дилмурод жасад ортилган автомашинани Жиззах вилоятининг Ғаллаорол тумани томон ҳайдайди.
Тун қоронғусида овлоқ жойга етиб боришгач, жиноий тўда автомашинанинг давлат рақам белгисини ечиб олади ва Холназарнинг жасадни автомашинанинг ҳайдовчиси ўриндиғига ўтқизиб, ёнилғи сепиб, ёқиб юборишади…
Натижада «Спарк» русумли автомашина ва унинг салонида бўлган марҳум Х. Мирзаевнинг жасади ёниб кетади. Жиноятчилар автомашинадан ечиб олган автотранспорт воситасининг давлат рақам белгисини қасддан нобуд қилиб, ҳодиса жойидан яширинишади.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, бу мудҳиш жиноятнинг очилишига унчалик кўп вақт кетмади. Йўл-патрул хизматига тегишли чегара постида ўрнатилган кузатув камераси тасвирлари кўздан кечирилганда, «Спарк» автомашинаси ва уни бошқарган Д. Қурбоновни таниш қийин бўлмади. У қўлга олиниб, сўроқ қилинганида оғир жиноят содир этганини тан олди.
Шундан сўнг Ф. Шамсиддинов билан О. Бердиқулов ҳам ушланди.
Суд оғир жиноят содир қилган Ф. Шамсиддиновга нисбатан 20, О. Бердиқуловга 19, Д. Қурбоновга 16 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Шу тариқа илгари ҳам жиноий фаолият билан шуғулланиб, қасд олиш мақсадида ўта оғир жиноятга қўл урган кимсаларнинг қилмишига қонуний баҳо берилди.
Низомиддин ЭРНАЗАРОВ,
Жиззах вилояти суди судьяси
Фикр қолдириш