БУГУН САЙЛОВЧИ ҲАМ АВВАЛГИДАЙ ЭМАС

Сайлов қонунчилигини бузганлик учун қандай жавобгарлик белгиланган? Сайлов ҳуқуқи бузилса, кимга, қаерга ва қандай тартибда мурожаат қилиш керак?

Бу каби саволларга жавоб топиш тобора яқинлашиб келаётган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловлар олдидан ниҳоятда муҳим.

Ўзбекистон Республикаси Олий судида мамлакатимиз маъмурий судлари судьялари учун сайлов низоларини ҳал этиш масалалари юзасидан бўлиб ўтган семинар-тренингда айни фикрлар алоҳида қайд этилди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган семинар-тренинг барча вилоятларда фаолият олиб бораётган маъмурий судлар судьяларини қамраб олди.

Молдова давлат университети профессори, Молдова Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг собиқ аъзоси Юрие Чокан ва Молдова Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоси Вадим Филипов мулоқотларнинг асосий иштирокчиси бўлди.

Эксперт Ю. Чокан фикрича, сайловларнинг очиқ, шаффоф тарзда ўтказилиши сайлов жараёнларига ҳақиқий баҳо беришда асосий омил саналади. Мазкур тамойиллар, ўз навбатида, сайловга оид қонун ҳужжатлари бузилишининг олдини олади. Ўзбекистонда бўлажак сайловларда сайлов қонунчилигини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар юзага келмаслигини таъминлаш учун муҳим ҳуқуқий асос бор. Бу, албатта, Сайлов кодексидир. Мазкур кодексда акс этган нормалар сайловларни адолатли, ҳаққоний ўтказиш борасида халқаро стандартларга мос. Шу боис Ўзбекистоннинг Сайлов кодекси халқаро миқёсда ҳар томонлама ижобий баҳоланмоқда.

Экспертнинг сўзларига кўра, фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг суд ҳимояси ҳақидаги тушунчаларга эга бўлиши катта аҳамиятга эга. Сайловга оид тарғиботларда бу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарур.

– Сайлов ҳуқуқи фуқароларнинг энг муҳим конституциявий-сиёсий ҳуқуқларидан бири, – деди Тошкент вилояти маъмурий суди судьяси Азизжон Эрназаров. – Уни бевосита ва билвосита чеклашга йўл қўйилмайди. Агар сайлов ҳуқуқи бузилса, сайлов комиссияси, округ сайлов комиссияси, Марказий сайлов комиссияси ёки тўғридан-тўғри маъмурий судларга мурожаат қилиш лозим. Сайлов кодексида сайлов комиссиялари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби батафсил акс этган. Унга кўра, сайлов комиссиялари мурожаатлар бўйича текширувлар ўтказиб, уч кунлик муддатда уларга ёзма жавоблар беради. Сайловга камида олти кун қолганида ёки овоз бериш куни келиб тушган мурожаатларни эса дарҳол кўриб чиқиб, жавоб қайтариши шарт. Мурожаатлар қайдлов дафтарида рўйхатга олиниши лозим. Сайлов комиссиясининг раиси мурожаатни кўриб чиқиш ва унга доир қарор қабул қилиш учун тегишли комиссияни ушбу Кодексда белгиланган муддатларда чақиради ва унинг мажлисини ўтказади. Мажлисга манфаатдор шахслар таклиф этилиши мумкин. Мурожаатни кўриб чиққан сайлов комиссиялари аъзолари уни кўриб чиқиш натижалари ва қабул қилинган қарор тўғрисида мурожаат юборган шахсни хабардор қилиши шарт.

Сайлов комиссияларининг қарорлари устидан шикоят тушса-чи? Уни кўриб чиқиш тартиби қандай?

Мулоқотлар давомида бу масала хусусида ҳам тўхталиб ўтилди. Қайд этилганидек, депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялар органлари, депутатликка номзодлар, ишончли вакиллар, кузатувчилар ва сайловчилар сайлов комиссияларининг қарорлари устидан ушбу қарорлар қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида юқори турувчи сайлов комиссиясига ёки судга шикоят қилиши мумкин. Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари устидан қарор қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят қилиниши мумкин. Шикоят келиб тушганидан кейин уч кун ичида, сайловга камида олти кун қолганида эса дарҳол кўриб чиқилиши керак. Шикоят берган шахслар шикоятни кўриб чиқишда бевосита иштирок этиш ҳуқуқига эга.

– Сайлов қонунчилигини бузганлик учун амалдаги қонунларимизда тегишли жавобгарлик белгиланган, – деди Янгийўл тумани маъмурий суди раиси Нурали Жавлиев. – Бу борада қўлланиладиган жавобгарлик чораларидан бири – маъмурий жавобгарлик. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида «Сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик» деб номланган VI-боб мавжуд. Унда сайлов жараёнида содир этилиши мумкин бўлган қонунбузилишлар учун маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи нормалар ўз ифодасини топган. Яъни, сайлов комиссиялари фаолиятига аралашиш, комиссия қарорларини ижро этмаслик, номзоднинг, ишончли вакилнинг ёки кузатувчининг ҳуқуқларини бузиш, сайловолди ташвиқоти олиб бориш шартларини бузганлик, сиёсий партиялар ва номзодлар ҳақида атайлаб ёлғон маълумотларни эълон қилиш ва бошқа ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланган. Маъмурий жавобгарлик субъекти фуқаролар ва мансабдор шахслар бўлиши мумкин.

Ўзбекистонда сайлов тизими фақат қонунчилик нуқтаи назаридан янгиланмади. Зеро, бугун сайловчилар ҳам аввалгидай эмас – уларнинг тафаккури янги, дунёқараши замонавий. Улар бу сиёсий жараёнда иштироки муҳим эканини яхши англайди, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи ҳақида кўпроқ билади. Бир сўз билан айтганда, сайловга бефарқ эмас.

Буларнинг бари жорий йилнинг 22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларда яна бир карра ўз исботини топади. Семинар-тренинг иштирокчилари ана шундай якдил фикрда.

ЎзА

 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: