АСОССИЗ ДАЪВО ОРТИҚЧА ОВОРАГАРЧИЛИККА САБАБ БЎЛДИ

Амалдаги конунчиликда ер участкалари ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш, ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш қатъий меъёрлар асосида белгилаб кўйилган.

Табиийки, ушбу қонун меъёрларига риоя қилмаслик охир-оқибатда турли оворагарчиликларга сабаб бўлади. Қуйидаги мисол ҳам бунинг исботидир.

Термиз шаҳридаги Мудофаа вазирлигининг 12-сонли ёпиқ ҳарбий шаҳарчасига қа­рашли ер майдонида ҳарбий хизматчилар учун кўп қаватли хизмат турар-жойлари қуриш режалаштирилган. Бироқ Термиз шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги ер танлаш ва ажратиш комиссиясининг 2019 йил 23 апрелдаги 180-сонли далолатномасига биноан мазкур ер майдонининг 1 800 квадрат метр қисми қонунга зид равишда «SHIRINTOYLAR TA’LIM MUASSASASI» масъулияти чекланган жамиятига хусусий нодавлат мактабгача таълим биносини қуриш учун ажратиб бе­рилган. Шу боис Жанубий-ўарбий махсус ҳарбий округи Жанубий оператив қўмондонлиги Термиз ҳокимлигига ёзма равишда мурожаат қилиб, уш­бу қонунбузилиш ҳолатини бар­­тараф этишни сўраган.

Шундан сўнг Термиз шаҳар ҳокимлиги ҳолатни қайта ўрганиб чи­қиб, ҳокимлик ҳузуридаги ер танлаш ва ажратиш ко­миссия­сининг хатосини тан олган ҳолда 1 800 квадрат метр ер майдонини ажратиш ҳақидаги 1182-сонли қа­рорини бекор қилган. Бир қарашда хатолик тўғирланиб, муаммо ҳал этилгандек туюлади. Афсуски, амалда бундай бўлмади.

Гап шундаки, масъулия­ти чекланган жамият раҳбари Ж. Одинаева мансабдор шахсларнинг бу каби хатти-ҳаракатларини ўзига нисбатан ноҳақлик деб ҳисоблади ва Термиз ша­­ҳар ҳо­ки­ми­нинг қарорини бе­­кор қилишни сў­раб, судга даъво аризаси киритди.

Термиз туманлар­аро маъмурий судида баён этилган ҳолатлар ва тегишли ҳужжатлар батафсил ўрганиб чиқилди. «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қо­нуннинг 59-моддаси 1-қисмига мувофиқ, маъмурий ҳужжат манфаатдор шахс­нинг аризаси ёки маъмурий шикоятига кў­ра, маъмурий ҳужжатни қабул қилган маъмурий орган, юқо­ри турувчи маъмурий ор­ган томонидан, шунингдек, қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда бошқа ор­ганлар томонидан ҳам бекор қилиниши ёки ўз­гар­ти­рилиши мумкин.

Қола­верса, ушбу модданинг 7-қис­ми 3-хатбошида манфаатдор шахс маъмурий ҳужжатнинг ғайриҳуқуқийлигини билган ёки ўз ай­­бига кў­ра, бу ҳақда бил­­маган бўл­са, ҳимоя қилинмайди, дея қайд этилган.

Ана шу қонун талабларига таянган суд даъво аризасини асоссиз деб топди ва уни қаноатлантиришни рад этиш тўғ­ри­сида ҳал қилув қарори қабул қилди. Аммо бундан норози бўлган масъу­лияти чекланган жамият раҳбари Ж. Одинаева Сур­хондарё вилояти маъмурий суди судлов ҳайъатига аппеллация тартибида шикоят қилди. Судлов ҳайъати апелляция шикоятини қаноатлантирмади ва биринчи босқич судининг ҳал қи­лув қарорини ўзгаришсиз қолдирди.

Таъкидлаш жоизки, ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракат, албатта, салбий оқибатга олиб келади. Ж. Одинаеванинг асоссиз даъвоси ҳам ортиқча оворагарчиликларни келтириб чиқарди. Агар ерга эгалик қилиш ва ундан фойдаланишда қонун талабларига риоя қилинганда, ортиқча оворагарчиликларга ўрин қолмас эди. Зе­ро, мамлакатимиз Конституциясининг 20-моддасига мувофиқ, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахслар, давлат ва жа­мият­нинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқ ва эркин­лик­ларига путур етказмаслиги керак.

Шу маънода баён этилган воқеа тафсилотидан мутасаддилар ҳам, фуқаролар ҳам бирдек хулоса чиқариши зарур.

Раҳматулла ҒУЛОМОВ,

Сурхондарё вилояти

маъмурий суди раиси,

Абдунаби Бобоёров,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: