НАФС АСИРЛАРИ
Коррупция — жамият тараққиётига раҳна солиб турувчи хавфли иллат. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йил 3 январда «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун қабул қилиниб, шундан буён айни иллатга қарши қатъий кураш олиб борилмоқда. Шунга қарамай, орамизда ўз нафсининг измидан чиқолмай, коррупция балосига гирифтор бўлаётган кимсалар ҳали-ҳануз учраб турибди.
Шу маънода, Президентимиз 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга ва халқимизга тақдим этган Мурожаатномасида таъкидлаганидек, коррупциянинг ҳар қандай кўринишига муросасиз бўлиш кундалик ҳаёт тарзимизга айланиши шарт. Бу иллатга қарши курашишга барча давлат органлари, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, умуман, ҳар бир фуқаро сафарбар этилиши зарур.
Коррупция ўта оғир жиноят экани ва унга нисбатан муросасиз бўлиш ғоясини фарзандларимизга ёшлик давридан бошлаб сингдиришимиз, уларга фақат ҳалол меҳнат ва тадбиркорлик орқали даромад топишни ўргатишимиз лозим. Шунингдек, коррупциянинг олдини олишда барча давлат органларида қарор қабул қилиш жараёнлари очиқ бўлишини таъминлаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судидан олинган маълумотлар коррупция гирдобига тушаётганлар орасида мансабдор шахслар, оқни қорадан ажрата олган давлат хизматчилари ва зиёли инсонлар борлигини кўрсатмоқда.
Масалан:
Жиноят кодексининг 131-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган Ш. Файзиматовадан (исм-шарифлар ўзгартирилган) тергов жараёнида қамаб қўймасликни терговчи билан гаплашиб беришни ваъда қилиб, эвазига 1 500 АҚШ доллари олган Фарғона шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси катта тезкор вакили Дилмурод Абдуллажонов;
бола парвариши таътилидан ишга қайтмоқчи бўлган Н. Мамажоновадан 200 АҚШ долларини олаётганда ушланган Қўқон шаҳридаги 64-ихтисослаштирилган давлат мактабгача таълим ташкилоти раҳбари Эътиборхон Исроилова ҳамда муассаса ошпази Асила Холқўзиева;
Марғилон шаҳридаги «Чилонзор» маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган текширишда аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари бўйича далолатнома расмийлаштирмаслик ва ҳужжатларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юбормаслик эвазига маҳалла фуқаролар йиғини котиби З. Усмоновдан 2,3 миллион сўм миқдордаги маблағни пора тариқасида олган Марғилон шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори ўринбосари А. Мелибоев;
Қўштепа туманидаги аёллар жиноятчилиги ошган 12 та маҳалла фуқаролар йиғинларининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилада маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассисларни ишдан бўшатиш билан қўрқитиб, сўнгра ўз вазифасида қолдириш эвазига 4 500 000 сўм нақд пулни пора тариқасида олган туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар кенгаши раиси вазифасида ишлаган Сожидахон Олимбоева;
Фарғона политехника институти талабаси К. Каримқуловани 3 минг АҚШ доллари эвазига ўқишини иқтисодиёт йўналишига кўчиртириб беришни ваъда қилиб, 1 500 АҚШ долларини олган вақтида ушланган олийгоҳнинг ўқув-услубий бўлими бошлиғи А. Мамажонов;
Қўқон давлат педагогика институтининг табиий фанлар факультети талабаси М. Ваҳобованинг ўқишга келмаган кунлари ва баҳоларини тўғрилатиб бериш эвазига 300 АҚШ долларини олаётганда ушланган 4-босқич талабаси Н. Умарова шулар жумласидандир.
Албатта, жиноятга жазонинг муқаррарлиги қонун устуворлигини таъминлашнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, юқоридаги ҳолатлар бўйича айбдорлар суд ҳукмига биноан қонуний жазога маҳкум этилди.
Хулоса қилиб айтганда, коррупцияга қарши курашиш барчамиздан бирдек масъулият талаб этишини унутмаслигимиз шарт. Зеро, нафс гирдоби касбу лавозим танламайди.
Камолиддин РАҲИМОВ,
жиноят ишлари бўйича
Фарғона шаҳар суди судьяси
Фикр қолдириш