2022 — 2026 ЙИЛЛАРГА МЎЛЖАЛЛАНГАН ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИНГ ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИНИ «ИНСОН ҚАДРИНИ УЛУҒЛАШ ВА ФАОЛ МАҲАЛЛА ЙИЛИ»ДА АМАЛГА ОШИРИШГА ОИД ДАВЛАТ ДАСТУРИ ИЖРОСИ БЎЙИЧА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ РАИСИНИНГ БИРИНЧИ ЎРИНБОСАРИ РОБАХОН МАҲМУДОВАНИНГ ҲИСОБОТИ

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги Фармони билан давлат ва жамиятимизнинг кейинги беш йиллик тараққиёти йўналишини белгилаб берувчи жами 100 та мақсадни ўз ичига олган “Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси” тасдиқланди.

Шунингдек, мазкур стратегик мақсадларни рўёбга чиқариш учун «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширилиши кўзда тутилган жами 398 та чора-тадбирлар ва уларни бажариш муддатлари Давлат дастурида аниқ қилиб белгилаб қўйилди.

Тараққиёт йўли ва чора-тадбирлар аниқ белгилаб олингач, кўзланган мақсадларга тўлиқ эришиш гарови бу вазифаларни ўз вақтида, тўлақонли, пухта ва самарали ижросини таъминлаш ҳисобланади, албатта.  

Шу сабабли ҳам, Давлат дастурида Ўзбекистон Ресубликаси Олий судига юклатилган жами 9 та банддаги чора-тадбирларнинг ижро муддати: 4 таси бўйича йилнинг биринчи ярмига, 5 таси бўйича йилнинг иккинчи ярмига тўғри келса-да, ҳар бирининг ижросига йил бошидан алоҳида масъулият ва эътибор билан ёндошган ҳолда киришилди.

Ҳар бир ишнинг самарадорлиги авваламбор унинг тўғри ташкиллаштирилганлигига боғлиқ. Шу сабабли, дастлаб соҳанинг энг малакали ва тажрибали мутахассисларидан иборат Ишчи гуруҳлари тузилиб, масъуллар ва ички назорат муддатлари белгиланиб олинди.

Жумладан, Давлат дастурининг 46-банди, яъни хусусий мулк дахлсизлиги ва ҳимояси кафолатларини кучайтириш, мулкий, шу жумладан, ер участкасига бўлган ҳуқуқларни сўзсиз таъминлаш бўйича алоҳида ишчи гуруҳи тузилиб, қонун лойиҳаси юзасидан таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Мазкур қонун лойиҳаси доирасида мулкий, шу жумладан, ер участкасига бўлган ҳуқуқлар билан боғлиқ барча маъмурий ҳужжатларни қатъий равишда фақат суд тартибида бекор қилиш ёки ҳақиқий эмас деб топиш тартибининг ҳуқуқий асослари шакллантирилмоқда.

Шунингдек, иқтисодий судларда мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги даъволар юзасидан регрессив (камайиб борувчи) давлат божи ставкаларини қўллаш  назарда тутилмоқда.

Давлат дастурининг 50, 52 ва 63-бандларида белгиланган, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш вазифалари бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 январдаги “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти билан ҳамоҳангдир.

Боиси, ҳар икки ҳужжатда давлат органлари қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳақиқий ҳимоячисига айлантиришга қаратилган процессуал тартиблар жорий этилиши белгиланган.

Шу мақсадда, маъмурий суд ишларини «суднинг фаол иштироки» тамойили асосида олиб бориш, яъни маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш масъулияти юклатилади.

Ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорга эса далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида иштирок этишга шароит яратилади.

Шунингдек, уларга оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талаби ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқини тақдим этилади.

Қарорга мувофиқ, маъмурий судларнинг ҳал қилув қарорлари ижро қилинмаган тақдирда, давлат органларининг мансабдор шахсларига нисбатан “ошириб борувчи” суд жарималарини қўлланилади.

Оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмлари жорий қилинади.

Айни пайтда Олий суд томонидан мазкур масалалар юзасидан ҳуқуқни қўллаш амалиёти чуқур таҳлил қилинмоқда.

Ҳамда оммавий-ҳуқуқий низоларни ҳал этиш бўйича ижобий халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда судлар томонидан даъво аризаси, ариза, шикоят ёки ишни уни кўриб чиқишга ваколатли судга ўтказиш бўйича «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда, уларни белгиланган муддатларда киритилиши таъминланади ва албатта лойиҳалар жамоатчилик эътиборига ҳам ҳавола қилинади.

Шу билан бирга, жорий йил 24 февралда Олий суд, Судьялар олий кенгаши ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Унга кўра “Фуқаро ва тадбиркорлар маъмурий суд ҳимоясида” рукни остида кенг тарғибот ишларини амалга ошириш, аҳолини маъмурий судлар фаолияти билан батафсил таништириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари биноларининг фуқаролар қабули учун ажратилган махсус жойларида маъмурий судларнинг ижро органлари фаолиятида қонунийликни таъминлашдаги ўрни ва улар томонидан кўриладиган ишлар ҳақида тушунтириш берадиган баннерлар жойлаштирилди.

Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда маъмурий одил судлов, унинг аҳамияти ҳамда фуқаро ва тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда самарали ҳуқуқий механизм ҳисобланиши бўйича тематик кўрсатувлар ҳамда ижтимоий роликлар доимий равишда намойиш этилиши учун тайёрланаяпти.

Бундан ташқари, Давлат дастурида Олий суд ҳамижрочи сифатида белгиланган тадбирларнинг ижросини таъминлаш бўйича тизимли ишлар олиб бориляпти.

Хусусан:

– суд процессида томонларнинг ҳақиқий тенглик ва тортишувлик тамойилларини рўёбга чиқариш,

– судьялар корпусини шакллантиришда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш,

– судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш,

– судьяларнинг одил судловни амалга оширишдаги фаолиятини рағбатлантириш,

– суд ҳужжатларини ижро этишнинг самарали механизмларини
жорий этиш масалалари бўйича суд амалиёти ўрганилиб, таҳлил қилинмоқда ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларига таклифлар ишлаб чиқиляпти.

Бир сўз билан айтганда, Олий суд томонидан давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд ҳужжатларининг ўз вақтида ва тўлиқ ижросини таъминлаш бўйича Давлат дастурида белгиланган устувор вазифаларимизни амалга ошириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Ушбу тадбирларнинг ижроси эса тараққиётнинг энг асосий ва зарур шарти сифатида мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини таъминлашга хизмат қилади.

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: