НОАНИҚ ВАКОЛАТ СУДДА МУАММОЛИ ВАЗИЯТНИ ЮЗАГА КЕЛТИРМОҚДА

Аввало шуни айтиш керакки, амалдаги Жиноят-процессуал кодексининг 4-боби жиноят ишини юритишда иштирок этувчи жамоат бирлашмалари, жамоалар ва уларнинг вакилларига бағишланган.

Хусусан, ушбу кодекснинг 42-моддасида жамоат бирлашмалари ва жамоалар суд муҳокамасида жамоат айбловчиси ёки жамоат ҳимоячиси тариқасида иштирок этиш учун ўз вакилларини юбориши мумкинлиги, жамоат айбловчилари ва жамоат ҳимоячиларини жамоат бирлашмаси ёки корхона, муассаса, ташкилот жамоасининг йиғилиши кўр­сатиши, йиғилиш қарори судга тақдим этилиши лозимлиги, жамоат бирлашмаси ёки жамоа ўзи йўллаган жамоат айбловчиси ёки жамоат ҳимоячисини хоҳлаган вақтда чақириб олиш ёки уни бошқа вакил билан алмаштиришга ҳақли экани белгиланган.

Бу эса, судда ишларни кў­ришда муаммоли вазиятларни юзага келтирмоқда. Хўш, бунга нима сабаб бўлмоқда?

Гап шундаки, «Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида»ги қо­­­нунда ўз ҳуқуқлари, эркинликларини ҳамда сиёсат, иқтисодиёт, ижтимоий ривожланиш, фан, маданият, экология ва ҳаётнинг бошқа соҳаларидаги қонуний манфаатларини биргаликда рўёбга чиқариш учун бирлашган фуқароларнинг хоҳиш-иродаларини эркин билдириши натижасида вужудга келган ихтиёрий тузилма жамоат бирлашмаси экани қайд этилган. Қонунга мувофиқ сиёсий партиялар, оммавий ҳаракатлар, касаба уюшмалари, хотин-қизлар, ёш­лар ва болалар, ветеранлар ҳам­да ногиронлар ташкилотлари, илмий-техникавий, маданий-маърифий, жисмоний тарбия-спорт ва бошқа кўн­гилли жамиятлар, ижодий уюш­малар, юртдошлар уюшмалари, ассоциациялар ва фуқароларнинг бошқа бирлашмалари жамоат бирлашмалари деб эътироф этилади. Уш­бу қонун тижорат мақсадларини кўзлайдиган ёхуд фойда (даромад) орттиришига кўмаклашадиган кооператив ва диний ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бош­қа­риш ор­ганлари, шу­нинг­дек, ташкил этиш ва фаолият кўрсатиш тартиби бош­қа қо­нун ҳужжатлари билан белгиланадиган ўзга органларга нисбатан тадбиқ қилинмайди.

Таъкидлаш ўринлики, мантиқан «жамоа» тушунчаси жамоат бирлашмасига нисбатан кенг маънони анг­латади. Чунки жамоат бирлашмалари аъ­золари ҳам жамоа ҳисобланади. Шундай бўлса-да, қо­нунда жамоат айбловчиси ёки жамоат ҳимоячисига ҳеч қандай таъриф берилмаган.

Жиноят-процессуал кодексида жамоат бирлашмаси ва жамоа ўзи йўллаган жамоат айб­ловчиси ёки жамоат ҳи­моя­чисини хоҳлаган вақтда чақириб олиш ёки уни бош­қа вакил билан алмаштиришга ҳақ­ли экани ҳақидаги ноаниқ ваколат айбланувчининг ҳуқуқ­ларини чеклаши баробарида қо­нунчиликда қарама-қаршиликни юзага келтирган. Чунки жамоат ҳимоячиси қатнашаётган иш бўйича жамоат бирлашмаси ва жамоа ўзи йўллаган жамоат ҳи­моя­чисини чақириб олган бўл­са-да, бироқ судланувчи жамоат ҳимоячиси уни ҳи­моя қилишини талаб қилса, бу масала қонунчиликда қандай тартибда ҳал этилиши мавҳум бўлиб қолган.

Қонунчиликда белгиланган тартибга асосан адвокат муайян­ ишни юритишга ваколатли эканини тасдиқловчи ордерни тақдим этганидан сўнг иш­да иштирок эта олади. Жамоат ҳимоячиси эса, жамоанинг умумий йиғилиш қарори нусхасини тақдим этиш ор­қали суд ишида иштирок этишга ҳақли. Бу бир қарашда мантиқан жамоат ҳимоячисининг адвокатдан устун эканидек таассурот уйғотади. Бундан ташқари жамоат ҳи­моя­чисига суд томонидан ишда қатнашиш ҳуқуқини берувчи ажрим тақдим этилиши зарур ёки зарурмаслиги масаласига ҳам аниқлик киритилмаган.

Умуман, қонун нуқтаи назардан суд процессида жамоат ҳимоячисининг ваколат доираси адвокатнинг ваколатига тенг­лаштирилган бўлиб, бу ҳар қандай шахсга ишда жамоат ҳимоячиси сифатида иштирок этишга имконият яратган. Бу эса, амалиётда турли ноаниқликларни юзага келтириши мумкин.

Чунки қонунда жамоат айбловчиси ёки жамоат ҳимоя­чиси айнан қандай ишларда қатнашиш ҳуқуқига эга экани ва унинг бундан қандай манфаатдор бўлиши аниқ белгиланмаган.

Бошқача айтганда, қонунда жамоат айбловчиси ва жамоат ҳимоячиси фақат суд процессида иштирок этиши мум­кин­лиги белгиланган бўл­са-да, унинг суриштирув ва даст­лабки тергов жараёнида иштирок этиш ҳуқуқига эга ёки йўқ­лиги ҳақида ҳеч нарса де­йилмаган.

Хуллас, жамоат айбловчиси ва жамоат ҳимоячисининг суд процессида иштирок этишдаги ваколатларини аниқлаштиришга зарурат бор. Бу масалага дахлдор қо­нунчилик талаблари такомиллаштирилиши баён этилган ноаниқликларни бартараф этиши баробарида ҳи­моя ҳуқуқини янада кенгроқ таъминлашга хизмат қилади.

Абдусаттор Абдураззоқов,

жиноят ишлари бўйича

Каттақўрғон шаҳар суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: