ЎҒРИ БОЛА ОТА-ОНАГА ТАШВИШ КЕЛТИРДИ
Ҳеч кимга сир эмаски, одобли, ҳамиша ҳалолликка интиладиган ғайрат-шижоатли фарзанд ота-онага обрў-эътибор келтиради. Жамиятимизда бундай ўғил-қизлар ниҳоятда кўп. Аммо гуруч курмаксиз бўлмаганидек, вояга етмаган ёшлар орасида жиноят содир этаётганлар ҳам йўқ эмас. Қуйида шу ҳақида тўхталамиз.
Вояга етмаган Абдулатиф Қулмуродов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўтган йил содир этган ўғирлик жинояти учун суд томонидан қилмишига яраша қонуний жазога тортилган. Афсуски, у бундан тегишли хулоса чиқармади. Аксинча, у яна жиноятга қўл урди.
А. Қулмуродов ярим тунда “Ёшлик” истироҳат боғи ҳудудидаги ошхоналардан бирига ўғирликка тушди.
Эшик қулфини бузиб кирган А. Қулмуродов ошхона ертўласида турган темир сейфни олиб кетиб, унинг ичида бўлган 4 миллион 467 минг сўмни талон-торож қилади.
Ошхонага ўрнатилган кузатув камераси жиноятни фош этди. Номаълум шахс ошхона эшигини очгани, ичкарига кириб, сейфни кўтариб чиққани тасвири тушиб қолганди. Ушбу ҳолат юзасидан ошхона эгаси Э. Файзиев ички ишлар бўлимига ариза билан мурожаат қилади. Дастлабки суриштирув чоғида жиноятни А. Қулмуродов содир этгани аниқланади. А. Қулмуродовдан ўғирланган темир сейф ва елкага осиб юриш учун мўлжалланган сумка ашёвий далил тариқасида ҳужжатлаштириб олинди.
Суд мажлисида вояга етмаган А. Қулмуродовнинг 4 миллион 467 минг сўм ва темир сейфини яширин тарзда талон-торож қилгани тўлиқ ўз тасдиғини топди. Суд дастлабки тергов органи томонидан судланувчи А. Қулмуродовнинг жиноий ҳаракатлари Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) 3-қисми “а” банди билан тўғри малакаланган, деб ҳисоблади.
Суд судланувчига нисбатан жазо тури ва меъёрини белгилашда Олий суд Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги қарори 1-бандидаги “Судларнинг эътибори жиноят учун жазо тайинлашда қонунийлик, инсонпарварлик, одиллик ва жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига қатъий амал қилишга қаратилиши”, 3-бандидаги “Жиноят кодексининг 8, 54-моддалари мазмунига кўра, жазо адолатли бўлиши, ҳар бир ҳолатда индивидуал тайинланиши, жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, айбдорнинг шахси, шунингдек, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларга мувофиқ бўлиши зарур”, деган раҳбарий тушунтиришларга риоя қилди.
Ўрни келганда яна шуни айтиш жоизки, Фуқаролик кодексининг 994-моддаси 2-қисмида ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганнинг зарарни қоплаш учун етарли мол-мулки ёки бошқа даромад манбалари бўлмаган тақдирда, зарар тўлиғича ёки унинг етишмаган қисми вояга етмаганнинг ота-онаси (фарзандликка олувчилар) ёки васийи томонидан, агар улар зарар ўзларининг айби билан етказилмаганини исботлай олмаса, тўланиши лозимлиги кўрсатилган. Аммо А. Қулмуродовнинг зарарни қоплаш учун етарли мол-мулки ёки бошқа даромад манбалари аниқланмаган. У 2007 йил 16 апрель куни туғилган бўлиб, ҳали вояга етмаган, онаси Ю. Қулмуродова, отаси ва яқин қариндошларининг айби билан зарар етказилмаганини исботлай олмаган.
Шу асосларга таянган суд Жомбой тумани прокурори томонидан келтирилган даъво аризани қаноатлантирди. Вояга етмаган судланувчи А. Қулмуродовнинг жиноий қилмиши оқибатида етказилган 4 миллион 467 минг сўм моддий зарарни жабрланувчи Э. Файзиев ҳисобига отаси ва онасидан ундиришни белгилади. Шу каби суд жабрланувчига етказилган бошқа моддий ва маънавий зарарни ундириш юзасидан фуқаролик иш юритуви тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқини тушунтирди.
Суд вояга етмаган судланувчи А. Қулмуродовни Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбдор деб топди ва олти ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди. Жиноят кодексининг 59-моддаси 8-қисмига биноан ушбу жазо муддатини суднинг 2022 йил 16 мартдаги ҳукми билан белгиланган жазо муддатига қисман қўшиб, узил-кесил саккиз ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Шу тариқа ўғри бола ота-онасига ташвиш келтириб, уларни эл орасида уятга қолдирди.
Абдусаттор АБДУРАЗЗОҚОВ,
жиноят ишлари бўйича
Жомбой тумани суди раиси,
Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,
журналист
Фикр қолдириш