ОЛҒИРЛАР «ОВИ» СУДДА АДОЛАТЛИ ЖАЗО БИЛАН ЯКУН ТОПДИ

Олий ўқув юртларига қабул жараёни бошланган пайтда талаба бўлишни мақсад қилган ёшларни тузоққа илинтиришни кўзлаган олғирлар ҳам ғимирлаб қолишини кўпчилик яхши билади. Бундай фирибгар кимсалар вазиятдан фойдаланиб, талабаликка даъвогар йигит-қизлар ва уларнинг ота-оналарини қоп-қоп ёлғон ваъдалар билан алдаб, мўмай даромад топишни кўзлашади.

Эндигина 25 ёшни қоралагани (1996 йили туғилган) га қарамай жиноий қилмишлар кўчасига уч марта кириб-чиқишга улгурган янгиариқлик ҳеч қаерда ишламайдиган Ҳусниддин Собиров ва 1994 йил Қўшкўпир туманида туғилган, олий маълумотли ўқитувчи Оллаёр Иномбоевнинг аввалига «ошиғи» олчи бўлиб келаётгандек эди. 2019 йилда улар томонидан Урганч Давлат университетига ўқишга кириш ниятида бўл­ган ёш­ларга қўйилган тузоққа бир ёки бир неча эмас, нақд 20 нафар киши «илинди». Ҳамтовоқлар «оширилган тўлов шартномаси асосида ўқишга киритиб қўямиз», дея йигирма нафар жабрланувчининг 74 минг 600 АҚШ доллари миқдоридаги маблағини алдов йўли билан қўлга киритишди. Шунингдек, фирибгарлар жабрланувчиларнинг 9 нафаридан қўшимча равишда яна 53,9 миллион сўм ундиришди. Бунинг 28,2 миллион сўми жабрланувчи Ж. Ражабованинг улушига тўғри келди. Фирибгарликка муккасидан кетиб, ўзганинг минг машаққат билан жам­ғарган ҳалол пулига тузоқ қўйганлар томонидан ўйлаб топилган ҳийла-найрангларни эшитиб, ҳатто илон ҳам пўст ташлайди.

Фирибгарлар бор-йўғи ўрта махсус маълумотга эга Ҳ. Собировни одамларга Урганч Давлат университетининг об­рў-эътиборли, ҳар ишга қо­бил-у қодир олими сифатида таништиришди. Муддаога эришишнинг бундай усули О. Иномбоевнинг қариндош-яқинлари чўнтагидаги мўмай миқдордаги маблағни шилиб олишда айниқса, қўл келди. О. Иномбоев ўз яқинлари пулини ўзлаштирар экан, қилмишини хаспўшлаш йўлини тутди. Қариндошлар ҳисобига бойиш, мол-дунё орт­тириш нияти йўқлигини бот-бот такрорлади.

Пулларни «устози» Ҳусниддинга беришини пеш қилди. Унинг айтишича, Ҳусниддин «домла» кириш имтиҳонларида муваффақиятсизликка учраган талабгорларни оширилган тўлов шартномаси асосида ўқишга жойлаштиришдек «савоб» ишнинг этагини тутган экан. Талабаликка талабгор ёшлар, уларнинг ота-она ва бошқа яқинларидан тўлов шартномасида белгиланган харажатларни қоплаш мақсадида ундирилган пулларни университет бухгалтериясига топшириш, шу аснода кўпчиликнинг оғирини-енгил, мушкулини осон этишдек жиддий юмушни шахсан зиммасига олганмиш.

Аниқланган факт ва далиллар «довруғдор домла»нинг хоҳиш-истагини бажо келтириш борасидаги «юмуш»лар О. Иномбоев томонидан ҳам канда қилмай адо этилганини кўр­сатди. Ҳали уқдирилганидек, у бу йўлда ҳатто отасини ҳам аямади. У туғишган синглиси Н. Иномбоевани тўлов шартномаси асосида ўқишга жойлаш учун отасидан 2 минг АҚШ долларини олди ва ҳеч иккиланмай Ҳ. Собировнинг қўлига тутқазди. Афсуски, отанинг орзуси ушалмади: қизи ўқишга киролмади. Шунингдек, 74 минг 600 АҚШ доллари ва салкам 54 миллион сўмни ҳамтовоқларга қўш­қўллаб тутқазган 20 нафар соддадил фуқаронинг орзуси ора йўлда қолди. Талабалик бахти талабгорларнинг ҳеч бирига насиб этмади. Улардан йиғилган пуллар олий таълим даргоҳининг банк­даги ҳисоб рақамига эмас, балки икковлон олғирнинг чўн­тагига бориб тушди.

Кейинчалик судда жабрланувчи сифатида кўрсатма берган У. Машарипов, Д. Раҳимова, Г. Отахонова, А. Абдурайимова, Ш. Исмоилова, Ҳ. Болтаева, Ж. Ражабова, Ш. Матёқубова ва бошқа гувоҳларнинг сўзларига қараганда, фирибгарлар катта миқдордаги маблағни қўлга киритиш учун ҳар мақомга йўрғалашган. Улар соддадил инсонларнинг ишончини қозониш учун турфа хил ҳийла-найрангларни ўйлаб топишган. Тўлов шартномаси нусхаси жирканч қилмишни хаспўшлаш қуролига айланган. Устомонлар ушбу ҳужжатни талабаликка талабгорлар ва уларнинг яқинларига намойишкорона тарзда тақдим этиб, имзолашни таклиф қилишган. Хуфя маросим ушбу дастхат талабалик мандати эканлигини уқдириш, «бўлғуси толиби илм»лар шаънига табрик, қутлов сўзларини изҳор этиш билан якун топган.

Ажабланарли томони шундаки, талабаликка ҳозирланаётганлар бундай шартномаларга «катта домла»нинг хоҳишига кўра, қоидада белгиланган манзил — олий таълим муассасаси биносида эмас, балки кўча-куй, бозор-у дўконлар, ошхоналар, таниш-билишлар хонадони, ҳат­то енгил автомашина ичида имзо чекишган. Белгиланган манзилда, расмий тарзда имзоланган шарт­номалар атиги 1-2 тани ташкил этган. Аммо фирибгарлар ўз­ларини олдинда муқаррар жазо кутаётганини хаёлига келтиришмаган.

Чинакам дилхиралик гал ўқиш жараёнига етганида рўй берган. Икки фирибгар тарафидан олинган пул университет ғазнасига бориб тушмагани маълум бўл­ган. Не-не орзу-ҳаваслар оғу­шида дорилфунунга қадам ранжида қилганлар орадан бир неча ҳафта ўтмаёқ ўқув ҳақи тў­ланмаганидан хабардор бўлишган.

Суд ва тергов жараёнида алданган 20 нафар фуқаро жабр­ланувчи сифатида кўр­сатма берди. Шунда жиноий қилмишнинг кўлами янада яққолроқ намоён бўлди.

Қилмиш тафсилотлари Жиноят кодексининг қонунга зид ҳаракатни амалга оширишга тайёргарлик кўриш ва уни содир этишга уринишга оид 25-моддаси ва фирибгарликка тааллуқли 168-моддаси 4-қис­ми «а» банди асосида биринчи босқич судида муҳокама этилди. Бироқ биринчи бос­қич суди томонидан чиқарилган ҳукм прокуратура органи ва судланганларнинг эътирозига сабаб бўлди. Шу боис ушбу жиноят иши томонларнинг шикояти асосида апелляция ҳайъа­тида қайта кўрилди. Унда жиноий гуруҳ тарзида амалга оширилган жиноий қилмиш даст­лабки босқич су­ди тарафидан инкор этилгани, жабрланувчиларга етказилган зарарни ундириш масаласида хатоликка йўл қўйилгани, Жиноят кодексининг 57-моддаси асоссиз қўлланилгани, натижада айбдорларга нис­батан назарда тутилганидан ҳам озроқ жазо та­йин­лангани маълум бўлди. 

Бу каби ҳолатлар суднинг ушбу қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўришни тақозо қилади. Бинобарин, давомли ва сурункали қилмиш ҳам­да унинг кўлами масалага адолатли, ҳақ­қоний, холисона тарз­даги ёндошувни талаб этади. Жабрланувчилардан турли ҳийла-найранглар, алдов ва ёлғон ваъдалар эвазига олинган ҳамда ўз­лаштириб юборилган ва ҳа­нузгача қайтарилмаган катта миқдордаги маблағ қатъий жавобгарликни сў­райди.

Ушбу маблағ тубанликдан далолат берувчи фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилганини ҳеч ким инкор этолмайди. Балки шу боисдир, жиноий қилмишнинг ташкилотчиси бўлган Ҳ. Собиров ҳар икки судлов жараёнида айбига тўлиқ иқрор ва пушаймон эканлигини билдирди, жабр­ланувчиларнинг барини О. Иномбоев орқали танигани, усиз ҳеч ким билан учрашмагани, ўзлаштирилган маблағнинг бир қисмини улуш сифатида олгани, воситачилик вазифасини фаол ўтагани,пул тўлаганларнинг ўқиши билан боғлиқ масалаларга аралашмаганини айтди, тақсимотга қаноат қилмай ўз шахсий эҳтиёжи учун талабгорлардан ортиқча пул ундирганига шубҳа йўқлигини баён этди.

Ҳар икки жараёнда кўрсатма берган О. Иномбоев бу айб­ларнинг барини рад этди, қилмишига иқрорлик билдирмади. Ҳ. Собиров билан тил бириктирмагани, фирибликка оид жиноятни содир этмагани, устама тарзда пул ундирмагани, қўлга киритган маблағнинг барини ўз ҳамкорига бергани, қилган ишидан бирон-бир наф-манфаат кўрмагани, аксинча, ўзи ҳам алдангани, синглиси ўқишга кира олмаганини афсус билан таъкидлади.

Факт ва далиллар Ҳ. Собиров тарафидан илгари сурилган важлар бироз ишончли ва асосли эканидан далолат берди. Бироқ О. Иномбоевнинг сўзларига кўпам ишонишнинг иложи йўқ. Негаки, аксарият ҳо­латлар ўз ҳамкори ва гувоҳларнинг кўрсатмалари, тергов ҳужжатларида ифодасини топган ҳолатлар у келтирган дастакларни бутунлай инкор этади. Фирибликка оид жирканч қилмиш чиндан ҳам, содир этилганини тасдиқлайди.

Суд ҳукми ҳар қандай ҳо­латда ҳам адолат, одиллик, хо­­­лислик, қонунийлик мезони сифатида намоён бўлмоғи, тайинланган жазо эса, содир қилинган қилмишга тўлиқлигича монанд бўл­моғи зарур. Апелляция босқич суди ҳукм чиқариш пайтида жиноят қо­нунчили­ги­нинг ушбу талабига алоҳида эъ­тибор қа­ратди. Қо­ра қилмиш қонун талабига би­ноан адолат тарозусида тортилган чоғ муқаддам кечган жараёнларда айрим ножоизликлар бўй кўр­сатгани янада яққол намоён бўлди. Шу муносабат билан Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 4-қисми «а» банди бўйича қў­йилган айб мазкур кодекснинг 168-модаси 3-қисми «а» ва «б» бандларига қайта малакаланди. Масалага аниқлик киритишни тақозо этувчи янгича ҳолатлар ҳам юзага келди. Унга кўра, ҳар икки айб­ланувчига нисбатан Жиноят кодексининг белгиланганидан ҳам кам жазо тайинлашни кўз­да тутувчи 57-моддасини қўл­лаш мумкинлиги аён бўлди. Бу­ларнинг бари суд ҳукмида ўз ифодасини топди. Унга мувофиқ жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судининг Ҳ. Собиров ва О. Иномбоевга нисбатан 2021 йил 1 февралда чиқарган ҳукми бекор қи­линди. Жазо Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қис­ми “а”, “б” банд­лари ва кечиримлиликни тақозо этувчи 57-моддасига биноан тайинланди. Судланувчи Ҳ. Собиров 6 йил-у 6 ой, О. Иномбоев эса 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Жабрланувчиларга етказилган 593,9 миллион сўм миқдордаги моддий зиён улар ҳисобидан солидар тартибда ундириладиган бўлди.

Шу тариқа ўзгаларнинг ҳа­лол пули, риз­қи-насибасига чанг солган куйи жиддий ва оғир оқибатли қилмишга қўл урганларнинг жирканч ҳаракати муқаррар ва адолатли жазо билан якун топди.

Ойбек Маҳмудов,

Хоразм вилоят

суди судьяси,

Абдулла Собиров,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: