14 май 2019
Ўзбекистон Республикаси Олий суд раисининг ўринбосари Х.Ёдгоров ва Олий суд судьялари 11 май куни Жиззах вилояти аҳолиси билан очиқ мулоқот ўтказди.
Судьялар томонидан дастлаб Жиззах шаҳар транспорт алоқа коллежида, сўнгра Фориш туман мусиқа ва санъат мактабида сайёр қабуллар ташкил этилди.
Сайёр қабулларда жами 104 та мурожаат қабул қилиниб, шундан жиноят ишлари юзасидан 65 нафар, фуқаролик ишлари юзасидан 26 нафар, иқтисодий ишлар бўйича 11 нафар ҳамда маъмурий ишлар бўйича 2 нафар фуқаронинг мурожаати ўрганилди.
Бундан ташқари қабул давомида ҳокимлик, прокуратура, ички ишлар органлари ва Мажбурий ижро буюросига тааллуқли 4 та мурожаат хам келиб тушди.
Қабул натижаларига кўра, 61 та мурожаатлар қаноатлантирилди, 39 та мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди, 5 та назорат тартибидаги шикоятлар Олий судда ўрганиш учун қабул қилинди.
Қаноатлантирилган 61 та мурожаатлар бўйича 38 нафар фуқаро тайинланган жазодан шартли озод этилди. 9 нафар фуқаро жазони ижро этиш муассасасидан муддатидан олдин озод қилиниб, оиласи бағрига қайтарилди. Шунингдек, 2 нафар фуқаронинг судланганлик ҳолати олиб ташланди.
Мурожаатларга оид фуқаролик ва иқтисодий ишлар судларда ўзининг қонуний ечимини топганлиги, муаммоли вазиятлар судлар томонидан ижобий ҳал этилганлиги натижасида 12 нафар фуқаро томонидан ташаккурнома ва миннатдорлик хатлари берилди.
– Мен турмуш ўртоғимга нисбатан автомашинадан улуш ажратиш тўғрисида судга даъво ариза билан мурожаат қилган эдим, – дейди Жиззах шаҳар Маданият маҳалласида яшовчи Г.А. – Менга берилган ҳуқуқий тушунтиришлар ва маслаҳатлар натижасида турмуш ўртоғим билан ярашиб, бирга яшамоқдамиз ва фуқаролик ишини иш юритишдан тугатиш ҳақида ариза бердим. Менга ўз вақтида берилган тушунтиришлардан ва оиламни сақлаб қолишга имкон берган судьяларга ўз миннатдорлигимни билдираман.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, Олий суд томонидан бу каби сайёр қабулларни ташкил этишдан кўзланган мақсад фуқароларнинг оворагарчиликнинг олдини олиш ҳамда уларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этишдан иборат.
Олий суд Матбуот хизмати
Фикр қолдириш